Яқинлари инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ғайбулло Жалилов тақдиридан хавотирда

Тутқунлик
Image caption Ҳибсга олинганидан буён инсон ҳуқуқлари фаоли Ғайбулло Жалиловнинг яқинлари билан кўришишига изн берилмаган

Қариндошларининг айтишларича, қамоқда сақланаётган қашқадарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ғайбулло Жалиловнинг қаерда экани ҳақида масъуллар маълумот беришмаяпти, олдинроқ у ўзининг соғлиги ёмонлашаётганидан шикоят қилиб мактуб йўллаган.

Яқинлари Ғайбулло Жалиловнинг апрел ойигача Қарши шаҳри яқинидаги Шайхали посёлкасидаги жазони ижро этиш муассасасида сақланганидан бохабар бўлишган.

У ердан яқинлари хат олишган.

Рафиқаси Муқаддас Темированинг айтишича, ўзининг мактубида Ғайбулло Жалилов кўзи кўрмай қолаётгани, йўтал хуружидан азобланаётганлиги, кийим-бош ва дори-дармонга муҳтожлиги ҳақида ёзган.

Ота-онаси кўришиш мақсадидаги Шайхалидаги қамоқхонага боришганида инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг Тошкентга олиб кетилгани ҳақида айтишган муассаса ходимлари.

Қамоқхона маъмурияти шу кунгача тутқуннинг қаердалигини маълум қилганлари йўқ.

Шўролар армиясида хизмат қилган пайтида Ғайбулло Жалиловнинг бир ўпкаси жарроҳлик йўли билан олиб ташланган, қариндошлари унинг аҳволи янада оғирлашган бўлиши эҳтимолидан хавотир билдиришади.

Ўзбекистондаги норасмий Инсон ҳуқуқлари жамиятининг аъзоси Ғайбулло Жалилов 2009 йил сентябрида Қарши шаҳрида ҳибсга олинган эди.

У кечқурун Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қарши шаҳар бўлими раиси Нодир Аҳадовнинг уйидан ифторликдан қайтаётган пайтда икки милиция ходими ва фуқаро либосида бўлган бир неча шахс томонидан ҳибсга олиниб, номаълум йўналишга олиб кетилган.

Қашқадарё вилоятидаги ҳуқуқ-тартибот органлари узоқ вақт яқинларига унинг нега ҳибсга олингани, қаерда сақланаётгани ҳақида маълумот беришмади.

Шу йилнинг январида Ғайбулло Жалилов ва яна бир неча кишига Қарши шаҳри аэропорти ва "Хонобод" ҳарбий базасини портлатишга тил бириктириш айби қўйилгани, шу айбловларга асосланган маҳкама жараёни бошланганидан хабардор бўлишган яқинлари.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Ғайбулло Жалиловнинг рафиқасига турмуш ўртоғига қарши кўрсатма бериши учун Қашқадарё вилоят Миллий Хавфсизлик хизмати ходимлари тазйиқ ўтказганлар.

На яқинлари, на адвокатлари иштирок этган тўрт киши устидан маҳкама Бухоро шаҳрида ўтказилган, ҳакам Ғайбулло Жалиловни тўққиз йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Ҳукм ўқилганидан кейин ҳам тутқун билан яқинларининг бафуржа кўришишларига изн берилмади.

Инсон ҳақлари фаоллари Ғайбулло Жалиловнинг ҳибсга олиниши ва сақланиши, унинг устидан бўлиб ўтган маҳкама жараёнларида Ўзбекистоннинг амалдаги қонунлари қўпол бузилганига эътибор қаратганлар.

"Ушбу жиноий иш мамлакатдаги қонунсизликнинг яққол мисоли", дея хабар қилган қароргоҳи Парижда жойлашган "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" ассоциацияси.

SMS рақамимиз: +447786201124