Ўзбекистон қайси энергиядан фойдалангани маъқул? Шамолми? Қуёшми? ё Атом?

Image caption Чимёнда тажриба сифатида шамол трубиналари қурилмоқда

"Ўзбекэнерго" ширкатининг маълум қилишича, Жанубий Кореянинг "Doojin Co, Ltd" ширкати билан ҳамкорликда шамол кучи билан энергия ишлаб чиқариш ускунаси қурилиши бошланган.

Биринчи тажриба сифатида бу каби ускуна Тошкент жануби-шарқидаги Чимён қишлоғида денгиз сатҳидан 1650 метр баландликда қурилмоқда.

Айтилишича, бу ускуна ишга туширилиши билан йиилига 2.3 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқиб, 700 минг кубометр табиий газни иқтисод қилиб қолиш имконини беради.

"Ўзбекэнерго"га кўра, келажакда Ўзбекистоннинг шамол тезлиги секундига 4 метрда кўпроқ бўладиган ҳудуларида шамол генераторлари майдонлари яратилиши эҳтимоли ҳам кўриб чиқилмоқда.

Шамол қуввати билан энергия ишлаб чиқариш не қадар кенг тарқалган усул ва Ўзбекистон шароитида самараси қандай бўлишини аниқлаштириш мақсадида биз эколог олим, академик Бек Тошмуҳамедовни суҳбатга чорладик.

Бек Тошмуҳамедов: Албатта, шамол қувватини электрга айлантириш - бу жуда ҳам экологик тоза усул. Аксар мамлакатлар бу усулни ёқлашади. Аммо Ўзбекистонда кучли шамол эсадиган ҳудудлар кўп эмас. Шамол энергиясида ишлайдиган ускуна парракларини айлантириш учун секундига тўрт метр тезликда шамол эсиши талаб қилинади. Шундай эса-да, шамолдан электр оладиган бу каби қурилмаларни ўрнатиш мумкин бўлган жойлар бор. Биласизми, одатда элеткр келтириш жуда қийин кечадиган узоқ ва овлоқ ҳудудларни энергия билан таъминлаш учун шундайин шамол қурилмалари яхши иш беради. Лекин нима бўлганда, ушбу илк тажрибани олқишлаш даркор. Кўринишича, биз келажакда шамол ва қуёш қувватини кенг қўллайдиганга ўхшаймиз.

Би-би-си: Дарвоқе, қуёшли кунлар кўп бўлгани учун ҳам, кўпчилик мутахассислар Ўзбекистон қуёш энергиясидан фойдаланишни йўлга қўйиши лозим, деб айтадилар. Аммо Ўзбекистон бу йўналишда бирон ҳаракат бошламаган ҳали шекилли?

Бек Тошмуҳамедов:- Шаксиз, қуёш нуридан энергия олиш - аслида анча мақбулроқ йўл. Вақт сайин биз ҳам бу технологияни тадбиқ этармиз, балки. Аммо қуёш энергиясидан фойдаланиш анчагина қимматга тушади. Чунки бу технология учун кремний моддаси лозим. Чунки келаётган нурнинг 15 фоизга яқинини айнан кремний орқали ўзлаштирилиб, электрга айлантирилади. Менимча, кўп қатламли нурларни ўзлаштирадиган қурилмалар ҳақида ўйлаш керак. Яъни, қуёшдан келаётган турли хил нурларни ўзлаштириш имконини берадиган ускуналар лозим. Дейлик, ультра-фиолет ва инфра-қизил нурларни ҳам ўзлаштириш муҳимдир. Қурилмалар такомиллашса, назарий жиҳатдан келаётган нурларнинг 75 фоизга яқинини ўзлаштириш, яъни электр қувватига айлантириш имкони бор. Келажакда бизда ҳам шу каби қурилмалар ишлатилса керак.

Би-би-си: Мана ҳозир Ўзбекистоннинг кўплаб қишлоқ жойларида электр тез-тез узилади ва одамлар қиш пайтлари кун бўйи электрсиз яшашади. Наҳот Ўзбекистон қуёш энергияси оладиган батареялар билан бу жойларни таъминлай олмайди?

Бек Тошмуҳамедов:- Бунинг имкони бор, қўлласа бўлади. Лекин қуёш батареялари қиммат ва қишлоқ жойларда катта пул сарфлаб бунақа батареяларни сотиб оладиган одамлар кўп бўлмаса керак. Лекин умид қиламизки, вақти келиб шундайин батареяларни ишлата бошлашади.

Би-би-си: Ҳозир айримлар Ўзбекитсонда уран бор ва ундан атом қувватини олиш борасида ўйлаш керак дейишмоқда. Чиндан ҳам,Ўзбекистонга атом қуввати керакми?

Бек Тошмуҳамедов:- Ҳозир кўплаб ривожланган мамлакатлар айнан атом қувватига ўтишмоқда. Улар бундан электр қуввати олишаяпти. Мана яқинда Қозоғистон ҳам Россия ёрдамида атом станцияси қураркан, деган гаплар ўртага чиқди. Вақти келиб бизда ҳам атом қуввати масаласи кўрилса керак. Бунинг устига, бизда ўзимизнинг уранимиз бор. Биз атом станциясини ишлатиш даражасида бу уранни бойита оламиз. Ҳозир атом қуввати зарур деб гапира бошлашган. Лекин биз ҳали бу жараённи бошламадик.

Би-би-си: Бошқа тарафдан, атом станциялари хавфи масаласи ҳам бор-ку. Бирон фалокат рўй берса, бутун мамлакат учун улкан фожеага айланиши мумкин. Чернобил ҳамон унутилгани йўқ, масалан?

Бек Тошмуҳамедов: Чернобил, бу жуда катта бош оғриқ. Ҳозирги кунда бу каби фалокат такрорланиши мумкин эмас. Ҳозирги атом электр станциялари хавфсизлиги қарийб 100 фоиз кафолатланган. Шу боис замонавий стом электр станциялари бутунлай хавфсиз, деб айтиш мумкин.

SMS рақамимиз: +44778620112