Каримов Рушайло билан Қирғизистондаги вазиятни муҳокама қилди

Image caption Аввалроқ Россия ва Ўзбекистон президентлари Қирғизистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича биргаликда ишлашга келишган эдилар

Президент Ислом Каримов Россия президентининг Қирғизистон бўйича махсус вакили Владимир Рушайло билан минтақадаги вазиятни муҳокама қилган.

Ўзбекистон давлат агентлиги - ЎзА тарқатган хабарда айтилишича, учрашув чоғида минтақадаги воқеалар ривожи ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилган.

Бу жаноб Рушайлонинг ўтган ой Қирғизистон бўйича махсус вакил этиб тайинланганидан буён Ўзбекистонга илк ташрифидир.

Аввалроқ Россия ва Ўзбекистон президентлари Қирғизистондаги вазиятни барқарорлаштириш йўлида биргаликда ҳаракат қилишга келишган эдилар.

Қўшни давлатдаги воқеаларни хавотир билан кузатаётган Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, Россия Қирғизистондаги ҳокимият ўзгаришини олқишлаган ва Бишкекдаги муваққат ҳукуматни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини айтган.

Ўзбекистон ҳозирга қадар янги қирғиз ҳукумати борасида бирон-бир баёнот қилмаган ва икки давлат ўртасида апрел воқеаларидан буён юқори даражадаги мулоқот ҳам юз бермаган.

Аввалроқ Бишкекда бўлган Владимир Рушайло Россия Қирғизистондаги вазиятни барқарорлаштиришда ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрлигини айтган эди.

Кузатувчилар жаноб Рушайлонинг Қирғизистон бўйича махсус вакил этиб тайинланиши ва шу ондаёқ Бишкекка йўлланишини Кремл томонидан амалга оширилган "тажриба" деб аташган.

Россия президентининг махсус вакилига Россия ҳокимият вакилларининг Қирғизистондаги фаолиятини мувофиқлаштириш, у ердаги вазият ҳақида президентни бохабар қилиш билан бирга, Қирғизистоннинг янги раҳбариятига маслаҳатчилик вазифаси ҳам юкланган.

У "Қирғизистоннинг ички ишларига аралашмаган ҳолда" у ерда янги сиёсий ҳокимият тизимининг яратилишига кўмаклашиши айтилган.

Ғарбдаги кузатувчилар Қирғизистондаги ҳодисаларда Россиянинг қўли борлигини тахмин этишади.

Британияда чиқадиган Гардиан рўзномаси Қирғизистондаги навбатдаги инқилобни "Путин инқилоби" деб атаган.

Аммо маҳаллий кузатувчиларга кўра, Кремл Қирғизистондаги ўзгаришларни аввалига хурсандчилик билан кутиб олган бўлса ҳам, унинг ортидан юз берган тартибсизликлар ҳамда миллатлараро тангликдан жиддий хавотирга тушган.

Қирғизистонда ўз ҳарбий базасига эга бўлган Россия ва Қўшма Штатлар у ерда тезроқ барқарорлик ўрнатилишидан манфаатдор.

Россия АҚШ билан бўлгани каби, Ўзбекистон ва Қозоғистон каби минтақанинг етакчи давлатлари билан ҳам Қирғизистондаги ҳаракатларини мувофиқлаштиришга уринаётгани айтилади.

Ўзбекистоннинг хавотирлари

Владимир Рушайлонинг ўзбек-қирғиз чегарасида юз берган танглик ортидан Тошкентга сафар қилган.

Ўтган ҳафта Ўзбекистоннинг Сўх анклави ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти аҳолиси ўртасида юз берган тўқнашувлардан сўнг, Ўзбекистон ҳудудга қўшимча кучлар киритгани ҳақида хабарлар олинганди.

Икки давлат маҳаллий ҳокимият вакиллари ва чегара хизматлари ўртасидаги музокаралар ортидан чегара зиддияти ечилган.

Келишувга мувофиқ, Ўзбекистон Сўх анклавидан 1999-2000 йилларда олиб кирилган оғир ҳарбий техникасини олиб чиқиб кетгани хабар қилинган.

Ўтган ой охирида ўзбек-қирғиз чегарасига сафар қилган Президент Каримов у ердаги ҳарбийларнинг жанговар тайёргарликларини кўздан кечирганди.

Ўзбекистон раҳбари Қирғизистондаги воқеаларнинг Фарғона водийсининг бошқа ҳудудларига ёйилиши эҳтимолидан хавотир изҳор қилган.