Тошкентда инсон ҳуқуқлари фаоли милиция томонидан дўппосланди

Урлаева
Image caption Елена Урлаева илк бор дўппосланаётгани йўқ...

"Ўзбекистонда ҳалол ва адолатли сайловлар учун" норасмий жамоат бирлашмаси тарқатган хабарга кўра, Тошкентда ички ишлар ходимлари таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаевани дўппослаганлар.

Ҳодиса Тошкентда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар раҳбарлари учрашувидан бир кун олдин юз берган.

Елена Урлаеванинг Би-би-си билан суҳбат чоғида айтишича, улар Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити бўлиб ўтиши кутилган Тошкент марказидаги "Форум Саройи" майдонига тўпланиб, "норозилик акцияси" ўтказиш ниятида бўлганлар.

"Биз (саммит иштирокчилари) эътиборини Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини таъқиб этишларига қаратмоқчи эдик. Лекин мен мўлжалланган жойга етиб бора олмадим," дейди Елена Урлаева.

Ҳуқуқбоннинг даъво қилишича, унинг изига тушган милиция ходимлари уни дўппослашган ва фотоаппаратини тортиб олишган.

"Бутун аъзои баданим оғрияпти. Аёвсиз дўппослашди, қўлларимни тирнаб ташлашди," - дейди Елена Урлаева. - "Мен кучимнинг борича қичқирдим, одамларни ёрдамга чақирдим, лекин ким ҳам ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларига қарши чиқа оларди."

"Дўппослашлари биринчи марта эмас..."

Елена Урлаеванинг айтишича, у милиция ходимлари томонидан биринчи марта дўппосланаётгани йўқ.

"Неча марта дўппослашганларининг саноғини ҳам унутдим," дейди ҳуқуқбон.

Таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бири сифатида танилган.

Ҳуқуқбон 2000-йилда беш йилга озодликдан маҳрум этилган, кейинчалик жазо чораси мажбурий даволашга ўзгартирилган.

Елена Урлаеванинг ўзи руҳий жиҳатдан соппа-соғ эса-да, жами 11 ой давомида уч марта мажбуран даволашганини айтади.

"Менга давомли ҳужумлар ва таъқиблар менинг ҳуқуқ ҳимоячиси эканим билан боғлиқ," дейди у.

Хавфсизлик чоралари

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, ШҲТ саммити арафасида Тошкентда хавфсизлик чоралари "ниҳоятда кучайтирилган".

"Кўчалар милиция ходимларига тўла. Ҳар қадамда милиция ходимлари. Бозорлар, савдо дўконлари бутунлай беркитилган. Ҳамма жойга Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар байроқлари осиб ташлашган," дейди ҳуқуқбонлардан бири.

Ўз исми ошкор этилишини истамаган милиция зобитига кўра, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити арафасида барча ҳуқуқ-тартибот идоралари "казарма ҳолатига ўтган".

"Энди бир ҳафта уйқу бўлмайди, уйга бориш ҳам йўқ," илова қилади милиция зобити.

SMS рақамимиз: +447786201124