Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Андижонлик маҳкума Дилором Абдуқодировага қарши ҳукм ўз кучида қолди

Андижонда аппелацион маҳкама Австралиядан қайтгач, ўн йилга озодликдан маҳрум этилган қочқин Дилором Абдуқодировага чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирган.

45 ёшли Абдуқодирова хоним ўтган ой бошида Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва ноқонуний ташкилотга аъзолик бандларида айбдор деб топилган эди.

Яқинларининг Би-би-сига айтишларича, маҳкаманинг биринчи мажлисида Дилором Абдуқодирова ўзига қўйилган айбловларни рад этган, айбларни бўйнига олмагани учун қийноқларга тутилган ва дўппосланган.

Дилором Абдуқодирова бундан беш йил илгари - 2005 йил 13 май хунрезлиги ортидан Андижондан қочган, аввал Қирғизистон, кейин эса Австралиядан бошпана топганди.

У билан Ўзбекистонни тарк этган укаси Муҳаммаджон Мўминовнинг айтишича, аппелацион маҳкама опасининг ишини кўриб чиқиш учун бор-йўғи бир неча дақиқа сарфлаган, холос.