Ўзбекистонда ШҲТ саммити иш бошламоқда

Хитой ва Россия раҳбари
Image caption Ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари Тошкентда учрашишмоқда

Бугун эрталабдан Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари Тошкентга кела бошлар экан, пойтахтнинг барча марказий кўчаларида аъзо давлатларнинг байроқлари ҳилпираб турибди.

Саммитнинг расмий иш куни эртага, жума кунига белгиланган ва бугун давлат раҳбарлари учун Ўзбекистон форумлар саройида гала концерт ва кейин норасмий зиёфат белгиланган.

Саммитдан бир кун аввал Тошкентга давлат ташрифи билан келган Хитой президенти Ху Цзинтао президент Ислом Каримов билан ўтказган музокараларидан кейин берган баёнотида ШОС кун тартибидаги масалаларга ҳам қисман тўхталиб ўтди.

"Биз саммитда глобал ва минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама этамиз ва бундан буён минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш бўйича ўзаро келишувларга эришишни кутяпмиз," деган Ху жаноблари.

ШОСда етакчи мавқеъ тутувчи давлат раҳбарининг айтишича, икки томонлама музокаралар давомида Хитой ва Ўзбекистоннинг аксар глобал ва минтақавий масалаларга муносабатида якдиллик мавжудлиги қайд этилган.

"Биз ШОС ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро якдил қарашларимизни бирдек олға суришга келишиб олдик," деб айтган Ху жаноблари мухбирларга.

Президент Каримовга кўра, Афғонистонда давом этаётган нотинчлик ва Қирғизистондаги вазият хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Икки томонлама муносабатларда кўтарилган бу масалалар ШОС саммитида ҳам долзарб бўлиб қолиши кутилмоқда.

Бундан ташқари Хитой бўлгинчилик ва терроризмга қарши курашда ҳамкорликни янада кучайтиришни кун тартибига қўйиши кутилмоқда.

Кузатувчиларга кўра, Хитой президенти Ўзбекистон билан музокараларда ҳам терроризм, хусусан, Шарқий Туркистон кучларига қарши курашни жадаллаштиришни сўраган.

Ху президент Каримовга Тибет, Тайван масаласи ва Шарқий Туркистон кучларига қарши курашда кўрсатаётган қўллови учун миннатдорлик билдириб, бу борада янада яқинроқ ҳамкорликка чақирган. Унга кўра, "Шарқий Туркистон кучлари минтақада фаоллигини сақлаб қолмоқда ва бу минтақавий хавфсизликка жиддий соя солмоқда.

Кузатувчилар бу масала ШОС доирасида ҳам жиддий муҳокама қилиниши мумкин.

Саммит кун тартибида ташкилотга янги аъзолар қабул қилиш механизми бўйича ҳам якуний ҳужжатга эришилиши кутилмоқда.

Тошкентга саммитни ёритиш учун келган хорижий мухбирлардан бирининг айтишича, Тошкентдаги Экспомарказда матбуот маркази ташкил этилиб, барча шароитлар яратилган бўлса-да, аксар мухбирлар ўзларини воқеалардан бир қадар четда ҳис қилишлари табиий.

Матбуот маркази президентлар учрашадиган Дўрмондаги Кўк Саройдан қарийб 20-30 километр узоқликда ва саммитнинг эртага бўладиган айрим лаҳзалари жонли эфир орқали матбуот марказига узатилади. Президентларнинг матбуот учун бериладиган якуний баёнотлари ҳам монитор орқали берилади.

"Бу хил шароитда ўзингни воқелардан узоқда ҳис қиласан. Қўшимча маълумотлар, саҳна орти гаплардан ҳам бехабар қоласан. Менимча бу табиий, чунки ШОС табиатан анча ёпиқ ташкилот," дейди бу мухбир.

Шанхай ташкилоти саммити арафасида пойтахт Тошкентда хавфсизлик чоралари ҳам кучайтирилган. Бироқ кузатувчилар ва гувоҳларга кўра, бу галги хавфсизлик чоралари аввалгилардан кескин фарқ қилади.

Пойтахт Тошкентдаги барча бозорлар ва дўконлар очиқ ишламоқда. Ҳатто марказий кўчалар ёқасидаги дўконлар ҳам очиқ.

Яна бир муҳим жиҳати, гарчанд давлат ташкилотларида навбатчилик йўлга қўйилиб, барча гавжум жойларда ҳушёрлик оширилган бўлса-да, буни ташқаридан сезиш қийин. Чунки, кўчаларда милиция ходимлари сони одатдаги каби, шаҳар ичида қўшимча текширув нуқталари жорий қилинмаган. Шу боис кучайтирилган ҳолатни сезиш қийин, фақат президентлар ўтиши кутилган кўчалардан ташқари.

Лекин айрим кузатувчиларнинг таъкидлашича, шаҳар ичида кучайтирилган хавфсизлик чоралари сезилмаса-да, пойтахтга киришни текшириш ўта кучайтирилган. Айрим хабарларга кўра, вилоятлардан пойтахтга автобус қатнови тўхтатилган.

Осиё Тараққиёт банкининг май ойида ўтган саммити пайти ҳам вилоятлардан Тошкентга қатнайдиган автобуслар тўхтатилган эди.

Тошкентлик Галина исмли аёлнинг айтишича, у бир ҳафта аввал хоразмлик усталар билан уйини таъмирлашга келишиб қўйганди.

"Усталар уйга бориб келамиз деб кетишувди. Энди эса Тошкентга келолмай ҳалак. Автобус қатнови бекор бўлибди. Бу ШОС мажлиси билан боғлиқ экан," дейди у.

SMS рақамимиз: +447786201124