Ўзбекистон ҳам жаҳон чемпионати олдидан орзиқишда, яна қандай денг?...

Тошкент
Image caption Бозору ресторан, ҳамма жойда Жаҳон чемпионатининг нафаси сезилади

Ўзбекистондаги барча ошхонаю ресторанлар, Тошкентнинг сув бўйидаги энг сўлим дам олиш оромгоҳлари "юрак ютиб" охирги тайёргарликни кўрмоқдалар. Ана шундай ресторанлардан бири, Анҳор бўйидаги "Ал-Азиз" ресторани улкан монитор ва жаҳон чемпионати кундалигини ҳовлисига осиб қўйганига яқин уч ой бўлди.

Бугун эса Жанубий Африка республикасида орзиқиб кутилган футбол бўйича жаҳон чемпионати очилишига роппа-роса бир кун қолар экан, ресторан хизматчилари охирги тайёргарликни кўриш билан овора. Ресторан ҳовлиси июннинг жазирама қуёши остида қайнаб турар экан, хизматчилардан бири кечқурунга бориб бу ер бутунлай ўзгача тус олишини айтади.

Аксар қимматбаҳо ресторанлар, чўмилиш ҳавзаси бор дам олиш масканларига олдиндан буюртма бериб қўйилган. Ҳамма нарса футбол ишқибозлари учун тахт, бир томондан эса ресторанлар футбол мавсумидан мўмай даромад олиш пайида.

"Ўзбекистонда анча салқин келган ёз, мана иккинчи кундирки, энди қизита бошлади. Футбол ишқибозлари эса пивога ўч бўлишади. Жазирама бошлангани ҳам пиволар ариқ бўлиб оқишини билдиради," дейди Тошкентдаги салқин ичимликлар дўкони эгаси.

Футбол кўришга шай қилинган телевизорлар энг кичик емакхоналар ва дўконларда ҳам синовдан ўтмоқда, айниқса, ўқув юртлари яқинида жойлашган сомсахонаю чойхоналарда.

"Бизда ҳали ўқиш тугамаган, лекин курсдошларимиз билан дарс пайти бўлса ҳам қочиб чиқиб, чойхонада футбол кўрмоқчимиз," дейди пойтахтдаги коллеж талабаси.

Марказдаги академик лицей талабасининг айтишича, унинг курсдошлари аллақачон футбол "жазавасига тушиб" бўлган.

"Эртадан кечгача, дарс пайти ҳам болалар фақат футбол ҳақида гаплашади, футбол гимнига айланган қўшиқни ҳамма мобил телефонларда тинимсиз эшитади," дер экан бу талаба ўзи фақат бўш вақтларида футбол кўришини айтади.

"Лекин ярим финал ва финални ўтказиб юбормоқчи эмасман," дейди.

Одамлар ёши ва касбига қараб футболни ким билан ва қаерда кўришини белгилайди. Тошкентлик ўзига тўқ 40 ёшлар чамасидаги кишига кўра, у улфатлари билан кичик ва сўлим меҳмонхона ҳовлисидаги чўмилиш ҳавзасига абонент билети олган.

"Кечқурун бассейнда пиво симириб кўрамиз футболни," дейди у.

Ёши элликдан ошган зиёли киши эса футболни бир ўзи уйида кўришини айтади. Аксар ўртаҳол хизматчилар эса ўйинлар бор куни анъанавий чойхоналарга ош буюриб қўйишини айтадилар.

Image caption Жаҳон чемпионати даврида бизнес ҳам тўхтаб қолмайди

Лекин футбол мавсумида ҳам бизнес тўхтаб қолмаслиги керак. Пойтахтнинг кичик ҳалқа йўли бўйида жойлашган, бугунги мезонлар бўйича ўта кўримсиз ошхона ҳам энг гавжум жойлардан бири бўлишга даъвогар. Бу чойхона аксар ҳолларда тонгга қадар тунги киракашларга хизмат қилади. Киракашлар эса тунги футбол ўйинларини ўтказиб юбормоқчи эмас.

Футбол "жазаваси" ишқибозлардан ташқари уларнинг яқинларига ҳам "юқиб" бўлган. Ҳар куни дастурхон атрофида шу гап такрорлангандан сўнг, бошқалар ҳам бунга эътибор бера бошлайди. Футбол борасида ҳеч нарса тушунмайдиган, эшитишни истамайдиганларга ҳам турли йўллар билан етиб боради.

"Зидан калла қўйгани эсингизда борми? Ўшанда охирги марта жаҳон чемпионати бўлганди. Энди яна бўлади, Африка республикасида," автобус бекатида ўқувчи бола онасига тушунтиради.

Зидан қандай қилиб рақибига "калла қўйганини" эса кексаю ёш бирдек билади, раҳматли қизиқчи Ҳожибой Тожибоевнинг ўзига хос талқинида.

Гарчанд Ўзбекистон командаси ҳеч қачон жаҳон чемпионатида қатнашмаган бўлса-да, бу йилги ўйинларнинг ўзбекларга анча яқинлиги бор.

Ўзбекистонлик халқаро тоифадаги ҳакам Равшан Эрматовнинг жаҳон чемпионатининг очилиш учрашувига ҳакамлик қилиши ҳақидаги хабарни ўзбекистонликлар фахр билан кутиб олдилар.

Эрматов 11 июн куни бошланадиган чемпионатнинг илк учрашуви, Жанубий Африка ва Мексика ўртасида бўлиб ўтадиган ўйинга ҳакамлик қилади. Эрматов футбол бўйича Жаҳон чемпионати ўйинларини бошқарадиган ўзбекистонлик биринчи ҳакам бўлади.

Хуллас, ўзбекистонликларда чемпионатни орзиқиб кутишга яна бир баҳона бор. Кунлар эса тобора қизиб бормоқда ва футбол ишқибозлари тили билан айтганда, "пиво симирадиган ҳаво" келмоқда.