Би-би-си меҳмони - Ёқубжон Хўжамбердиев

Image caption Ёқубжон Хўжамбердиев 1990 йил Ўшдаги низолар гувоҳи бўлган

BBCUzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимиз саволларига таниқли журналист, ёзувчи ва шоир Ёқубжон Хўжамбердиев жавоб беради.

Асли ўшлик журналист Ёқубжон Хўжамбердиев 1990-йилда Қирғизистоннинг Ўш ва Ўзген шаҳарларидаги этник тўқнашувларни уларнинг бевосита гувоҳи бўла туриб ёритганди.

Қирғизистонда бу йил 10 июнда бошланган ўзбеклар ва қирғизлар орасидаги қонли зиддият, юзлаб бегуноҳ инсонларнинг нобуд бўлиши, минглаб инсонларнинг уйини ташлаб қочиши кўпларга 90-йилда "миллий низо" дея тасвирланган воқеаларни эслатди.

Ёқубжон Хўжамбердиев яқинда Ўзбекистонга қочиб ўтган ва қочқинлар жамлоқларида бошпана топган қирғизистонлик ўзбекларнинг аҳволини бориб кўрди. У қочқинларни Ўзбекистон ҳукумати моддий ва тиббий жиҳатдан яхши таъминлаётганини айтади.

Ўзбекистон ўз чегараларини очиб, барча қирғизистонлик ўзбек қочқинларини қабул этиши керак эди каби танқидларга, жаноб Хўжамбердиев Ўзбекистон ўз имкониятларига қараб қочқинларни қабул қилгани ва барча шароитларни яратганига гувоҳ бўлганини айтади.

Журналист Қирғизистонда шу кунларда содир бўлган этник тўқнашувларнинг миқёси 90-йилги низонинг миқёсидан анча йирик деб ўйлайди.

Йигирма йил аввалги низони ўзининг "Жар ёқасидаги оломон" мақоласида ёритган Ёқубжон Хўжамбердиев "бу сафарги қотилликлар, бу сафарги хунрезликлар кўлами жуда катта" дейди.

"Ўша пайтда Ўшга ҳарбий самолётда ўтгандим, бу сафар ҳеч қандай йўл билан ўтолмадим. Ҳеч нарса билан ёрдам бера олмадим ўзимнинг жигаргўшаларимга," - дейди у.

63-ёшар журналист қайта қуриш йилларида ўзбек матбуотида пайдо бўлган истеъдодли журналистлардан биридир.

У Дадахон Нурий, Қодиржон Собиров, Қулмон Очил, Карим Баҳриев каби журналистлар қаторида долзарб мавзулардаги мақолалари билан эл назарига тушганди.

Ёқубжон Хўжамбердиевнинг 1990-йилда чоп қилинган "Ўзбеклар иши" асарига совет давридаги ўзбек халқи кечирган ҳаётни тасвирлаган эссе ва мақолалар кирган.

У ёзувчи Набижон Боқий билан биргаликда 1998-йилда таниқли ёзувчи Чингиз Айтматов ва Мухтор Шаханов қаламига мансуб "Чўққида қолган овчининг оҳи-зори" асарини ўзбекчага ўгирган.

Ноҳақлик, адолатсизлик ва коррупцияга қарши мақолалари сирасига 2008 йилда Муштум журналида чоп этган "Сен зўрми, мен зўр? ёхуд "Ким ошди" савдосининг ғавғоси" номли фельетони ҳам киради.

Ёқубжон Хўжамбердиев саҳифамиз ўқувчилари ва тингловчиларимиз саволларига жавоб берди.

Би-би-си: Аввало, Бўстон исмли тингловчимиз саволи, у Қирғизистон жанубидаги қонли воқеалар ортидан ким тургани ва уларнинг мақсади ҳақида сўрабди.

Хўжамбердиев: Бу воқеалар ҳақида тўхталиш жуда ҳам азобли, одамнинг юрагини қон қиладиган даражада қонли фожеалар юз берди. Жуда кўп оммавий ахборот воситалари бу воқеаларни миллатлараро низо сифатида тақдим этмоқда. Ҳатто, баъзи газеталар, масалан, Нью Йорк Пост "Ўш районига ўзбек мухожирларининг оқиб келиши маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда" деган ғалати, бетайин гапларни айтди. Аввало, Ўш, ва умуман, жанубий Қирғизистонда ўзбек мухожирлари йўқ. Бу ерда қадимдан, ҳатто у ерга бошқа миллатлар келгунига қадар ўтроқ ҳолда яшаб келган ўзбек халқи бор. Буни жуда кўп халқ вакиллари, жумладан қирғиз халқи орасидаги ақли расо кишилар яхши билишади. Низолар мақсадига келганда, улар турлича. Қонли воқеаларни режалаштирган ва бошлаб берган ва тайёрлаганлар бошқа, уларга эргашганлар бошқа. Бошлаб берганларнинг мақсади - шундоқ ҳам лиқиллаб турган вазиятни нафақат Қирғизистонда, балки бутун минтақада издан чиқариш. Бу ҳақида гапирган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Бухорода бўлган чоғида шундай деди: "Уларнинг фикрича, бу воқеаларнинг туб сабабларини қидириш шарт эмас. Гўё бу этник ўзбек ва қирғизлар ўртасидаги қарама-қаршилик эмиш. Мен бундай фикрларга мутлақо қаршиман. Ўзбек ҳам, қирғиз ҳам бунга айбдор эмас. Бу четдан туриб уюштирилган, бошқарилган қўпорувчилик ҳаракатидир."

Би-би-си: Четдан деганда, президент кимни назарда тутган бўлиши мумкин? Сизда бу борада шахсий фикр ё назария борми?

Хўжамбердиев: Энди бу борада жуда кўп манбаларда айтилаяпти, ҳатто бизга телефон орқали гапираётган одамлар ҳам айтаяптики, буни (собиқ президент) Бакиев уюштирди, Бакиевнинг одамлари ўз ҳамтовоқлари ва ака-укалари билан биргаликда 30 миллион доллар сарфлаб (амалга оширган) деган гаплар ҳам бор. Конкрет мамлакат маъносида, бир нарса дейиш қийин. Бошлаб берган кучларнинг орқасида, ўрисча айтганда, "запевало"лари ҳам бор-да. Булар - ўлдирилган одам учун пул ишлайдиган ёлланма снайперлар, дордан қайтган бандитлар, онасини ҳам танимайдиган ашаддий жиноятчилар. Бишкеклик журналист Султон Хоназаров ёзаяптики, қон тўкишни иғвогарлар бошлаб бериши билан, оддий одамлар давом эттиришган. Бунинг сабаби бор. Сабаби шуки, Қирғизистонлик айрим раҳбарлар, ҳатто айрим ижодкорлар ҳам, Асқар Акаев айтмоқчи "қон тўкилмай қўлга киритилган мустақиллик"ни бошқачароқ тушунишди. Гўё бу мустақиллик Қирғизистон халқига эмас, фақат қирғиз халқига берилгандек. Кейинги 10-15 йил ичида "Қирғизистон қирғизларники" деган норасмий шиор ҳамма соҳада устиворлик қилди. Давлат идораларига асосан қирғиз миллатига мансуб кишилар қабул қилинди. Ҳуқуқ-тартибот органларида, агар бир-икки ўзбек аралашиб қолмаган бўлса, асосий таркиб фақат қирғизлар бўлди. Бўлиб ўтган воқеаларда қурбонларнинг кўпайишига ҳам айнан мана шу вазият сабабчи бўлди. Масалан, Нью Йорк Пост газетаси ҳам айтаяптики, "қирғиз армияси ва милицияси воқеаларга жим қараб турди, аралашмади ҳам, аралашди ҳам. Қачонки миллий белги билан оммавий қирғинлар бошланганда, вақтли ҳукумат уларни тўхтата олмади." Ҳақиқатан шундай бўлди. Милиция ва армия қўшилиб кетди одамларга. Балки бошлаб берганлар ҳам шулардир.

Би-би-си: Милиция ва армия борасида бир савол бор. Ўшдан, Одилжон Маҳмудийдан келган. Миллий асосда рўй берган Ўш воқеаларида ҳарбий техника нима учун халқнинг ўзбек қисмига қарши ишлатилгани борасида сўраган.

Хўжамбердиев: Бу саволни Ўшдаги ўзбеклар лидери Даврон Собиров ҳам Роза Ўтинбоева Ўшга келганида берди деб эшитдим. Савол бор, аммо жавоб йўқ. Коммерсант газетаси ҳам "12 июнда Жалолобод шаҳрида ҳарбий қисмни эгаллаб олишган ва ички ишлар бошқармасига ҳужум қилишган" деб ёзди. Менимча, ҳуқуқ-тартибот органлари ўзларини эгаллатишдан кўра, ўзлари ўша жангариларга қўшилиб кетишди десак тўғрироқ бўлади. Матбуотдаги ва одамлардан келаётган хабарлар ҳам буни тасдиқлаб турибди. БТР билан уришди-ку улар.

Би-би-си: Лекин армия ва милициянинг ролини аниқлаш қанчалар осон бўлади деб ўйлайсиз? Чунки, кўп хабарларда БТРлар ўғирлангани, ва ҳатто ҳарбий устбошлар ҳам ўғирлангани айтилади.

Хўжамбердиев: Мумкин, бундай хабарлар бор. Ўша кунларда Қирғизистонда мобилизация эълон қилинди. Заҳирадаги ҳарбийларни йиғиш эълон қилинган. Бу қанчалик тўғри ё нотўғри, билмадим, айтишларича ҳаммага қурол тарқатилган. Форма берилмаган. Форма йўқ ҳозир. "Қуролинглар билан тўполончиларга қарши курашасизлар" дейилган. Тўполончилар кимлар - ҳали ҳам номаълум. Қонли воқеалар ортидан учинчи куч тургани аниқ. Буни аниқлаш бўлажак комиссиянинг вазифаси. Шунинг учун, бу воқеа сабабларини халқаро комиссиягина аниқлаши керак. Агар бу вазифа, ҳозирда кутилаётгандек, Қирғизистоннинг ўзига ташлаб қўйилса, асосий айбдорлар ҳеч қачон топилмайди. Аниқланса ҳам, яна ўзбекларга юкланади. Шундай бўлмаслигини учун, 90-йилдагидек айбдорлар саҳна ортида қолиб кетмаслиги учун халқаро ташкилотлар томонидан тузилган комиссия тафтиш қилиши керак. Мен фурсатдан фойдаланиб, бир журналист, бир ўзбек сифатида халқаро тафтиш комиссияси шу кунлардаёқ тузилиб, ишни бошлаши зарурлигига халқаро ҳамжамиятнинг диққат-эътиборини қаратмоқчиман. Чунки, Ўш ва бошқа жойларда одамларни, аниқроқ қилиб айтганда, ўзбекларни "қуролсизлантириш" баҳонасида уларга тазйиқ ўтказилмоқда, калтакланаяпти, қамоққа олинаяпти.

Би-би-си: Бўстон "сўнгги воқеаларни 90-йил воқеалари билан таққосласа бўладими, унда қанча вақтда тинчлик ўрнатилганди, ундан кейин қирғиз ва ўзбек миллати орасидаги муносабатлар қандай бўлган?" дея савол йўллаган.

Хўжамбердиев: 1990-йилги воқеалар ва кечаги воқеалар ўз миқёси ва даҳшати билан фарқ қилади. Бир инсоннинг қурбон бўлиши ҳам фожеа. Кейинги воқеаларда икки мингдан ортиқ одам ҳалок бўлгани айтилаяпти. Бу рақам бир эмас, ўнта комиссиянинг тафтишига арзийди. Ўша 90-йилги воқеалар Ленин номидаги колхоз бедапоясида бўлиб ўтган митингдан бошланганди. Кейинги воқеалар эса Ўш марказида қирғиз ва ўзбек йигитлари ўртасидаги муштлашувдан бошланди деб айтишаяпти. Ўша пайтларда ўзбекнинг оташин шоири Шавкат Раҳмон бир мақола ёзиб, "нега фожеанинг дастлабки куниданоқ СССР олий шўроси фавқулодда вазият бўйича комиссия тузмади," деб қатор-қатор саволлар қўйганди. Ўш фожеаларига ўша пайтда тўрт ойдан кейин баҳо берилган. Афсуски, шоирнинг саволларига ҳеч ким жавоб бермаганди, чунки жавоб берадиган одамнинг ўзи бу ишларни қилганди. Лекин, бу сафар халқаро комиссия тузилмаса, фақат айблов ўзбекларга юкланса, "нега" деган саволлар кўпайиб кетади. Ўша пайтда ҳар ҳолда, нима бўлганда ҳам, СССРдан савол сўраш мумкиндек эди. Ҳозир СССР йўқ. Ва бу мантиқдан келиб чиқадиган бўлсак, ва бу саволларга яна ҳеч ким жавоб бермайдиган бўлса, 90-йилги фожеалар билан кечаги хунрезлик орасида фарқ қолмайди. Фарқ бўлиши учун кеча бўлиб ўтган воқеаларга халқаро миқёсда жавоб, баҳо берилиши керак.

Би-би-си: Ўшдан Улуғбек Маматисоқов сўраган савол йўллаган, у Ўзбекистон роли ҳақида. Ўзбекистон нима учун Қирғизистондаги урушни тўхтатиш учун БМТ билан бир қарорга келмагани ҳақида сўраган.

Хўжамбердиев: Ўша дўстимга шундай жавоб бермоқчиманки, Ўзбекистон жуда катта миссияни бажарди. Юз мингдан ошиқ қочоқларни қабул қилиб, уларнинг озиқ-овқат, жой билан таъминлашнинг ўзи катта қаҳрамонлик. Бундан ташқари, куни кеча, бизнинг Ўзбекистон газеталаримиз Бишкекдаги газеталар собиқ давлат котиби Усмоноқун Ибрагимовнинг мақоласини чоп этишди. "Ўрта Осиёда чамаси кенг кўламли урушнинг олди олинди, бу Президент Каримовнинг хизмати" деб айтилади у мақолада. Бу ишларни бошлашдан мақсад Ўзбекистонни унга аралаштириш эди. Президентимизнинг бевосита бир қатъияти билан катта урушнинг олди олиниб қолди. Мақола муаллифи, жумладан, шундай дейди: "Агар Ўзбекистон президенти узоқни кўра биладиган, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳиссиётини жиловлаб оладиган раҳбар бўлмаганида, лоақал биронта ўзбек аскари қирғиз чегарасини кесиб ўтганида, биз шу заҳоти кенг кўламли этник, балки давлатлараро тўқнашув домига тортилган бўлур эдик, ва бу тўқнашув оқибатда чинакам урушга айланиб кетиши мумкин эди." Ҳақиқатан ҳам Ислом Каримовнинг қатъияти билан бундай урушнинг олди олинди. Энди буёғини тинчлантириш икки халқнинг ўзига, ва албатта, халқаро комиссиянинг киритилиши ва қандай ишлашига боғлиқ.

Би-би-си: Тошкентдан Аброр "шунча қирғин, ваҳшийлик ва зўравонликлардан кейин ўзбеклар ва қирғизлар яна тинч-тотув яшаши мумкинми?" деб сўраган.

Хўжамбердиев: Бу жуда оғир савол, жуда юракни эзадиган савол. Қирғизистондаги ўзбекнинг борадиган бошқа жойи йўқ. Бу юрт ўзбекларнинг ҳам, қирғизларнинг ҳам юрти. Мен иккала халқ бундан кейин тинч-тотув яшашини жуда ҳам истардим.