Инсон ҳақлари фаоли қочқинлар аҳволидан норози

Image caption Елена Урлаева Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кескин танқид қилиб келади

Қирғизистон жанубидаги Ўш ва Жалолобод вилоятларида 10 июнда бошланган қонли зўравонликлардан қочган 75 минг қирғизистонлик ўзбеклар Ўзбекистон ҳудудидаги жамлоқларда сақланишмоқда. Ўзбекистон ҳудудига асосан кексалар, аёллар ва ёш болалар, ҳамда жароҳат олган инсонлар киритилган. Ўзбекистон ҳудудига киритилмаган минглаб одамлар ҳали ҳам чегаранинг қирғиз тарафида қолишмоқда. Улар қирғиз хавфсизлик кучлари томонидан уюштирилаётган рейдлар, ҳамда ҳужумлар хавфидан қўрқиб, уйларига қайтишмаяпти. БМТ ва ўзбек матбуоти Ўзбекистондаги қочқинлар жамлоқларида яратилган шароитларни ижобий баҳолашган. Бироқ жамлоқларни бориб кўрган тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева Би-би-си билан суҳбатда ўзгача вазиятга гувоҳ бўлганини айтди.

Урлаева: Андижон вилоятидаги, Пахтакор шаҳридаги қочқинлар вазияти жуда одамни хавотирга солади. Уларнинг ҳатто қочқин мақоми йўқ. Улар билан ҳеч ким шуғулланмаяпти. Қирғизистондан қочиб ўтган кўп одамлар шундоққина ерда, ўтларнинг устида болалари билан тунни ўтказишаяпти. Қоринлари оч, пули йўқ. Жароҳат олганлар жуда кўп. Жароҳат олганларни қўриқлашаяпти. Вазият, биласизми, қандайдир шубҳали, маҳфий. Қирғизистон жанубида юз берган воқеалар 2005 йил Андижонда юз берган воқеаларни эслатади, икковида ҳам БТРлар, ниқоб кийган одамлар, калашниковлар бўлган. Бу албатта менинг хулосам. Ҳамма нарса сир тутилаяпти. Менга бугун журналистлар қочқинлар ҳақида репортаж тайёрлаш ман қилинганини айтдилар. Мен кўп қочқин жамлоқларига бордим, у ерда БМТ ходимлари йўқ, уларга қочқинлик мавқеини таклиф қилишмаяпти. БМТ уларни қайд қилмаяпти, ёки улар Ўзбекистондан ташқарига, учинчи мамлакатга ҳеч бўлмаса вақтинча чиқарилиши мумкинлиги ҳақида маълумот бермаяпти. Уларни ўзбек хавфсизлик хизматлари ўзбек автобусларида ҳеч қандай рўйхатларсиз хавфли ҳудудларга қайтаришмоқда. У ерларда кейин нималар бўлаётгани ноаниқ. Бедарак йўқолган одамлар жуда кўп, зўрланган аёллар кўп.

Би-би-си: Лекин, ҳатто БМТнинг қочқинлар бўйича агентлиги Ўзбекистоннинг қочқинлар учун тайёрлаган шароитларини олқишлаяпти.

Урлаева: Балки бу бир кўргазма учун тайёрланган жамлоқлардадир. Лекин, мен Пахтаободдаги чекка ҳудудларда, чегарага яқинроқ жойларда бўлдим, у ерда умуман ўз ҳолига ташлаб қўйилган одамлар. Улар плакатларга SOS деб ёзиб олиб, қичқиришмоқда, "биз ҳеч кимга керак эмасмиз" дейишаяпти. "Бир томондан бандитлар бўлса, бошқа томондан чегарани ўта олмаяпмиз" дейишаяпти. Улар менга турли ҳужжатларни беришди, матбуот ва элчихоналар ходимларига уларни беришимни сўрашди. Қизил Хоч мендаги маълумотни қабул қилиб олди, лекин Оврўпо Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти, афсуски, телефон гўшагини қўйиб қўйди. Ёрдам қисман келаяпти, лекин ҳаммага тарқатилмаяпти. Буни бориб кўриш керак. Мен шунинг гувоҳи бўлдим ва менга айнан шуларни айтиб шикоят қилишди.

Би-би-си: Сиз қаердан қочган қочқинлар билан мулоқотда бўлдингиз?

Урлаева: Мен Бозорқўрғон ва Ўшдан қочиб, ҳозирда Пахтаободда бўлган ва Андижондаги касалхоналарда бўлган қочқинлар билан гаплашдим. Лекин чегаранинг нариги томонида, сим тўсиқлар ортида турган одамлар билан ҳам гаплаша олдим. У ёқда одамлар қандай озиқланаяпти, қандай жон сақлашаяпти, буни тушуниш қийин. Уларнинг ёнида на журналистлар, на Бирлашган Миллатлар ходимлари бор. Буни менга қочқинларни бошқариб турган ўзбек маданий маркази раҳбари айтди. Чегара бўйлаб қазилган ҳандақлар бўйлаб одамлар навбати чўзилган, мен ўзим ҳандақларга тушиб, ана шу окоплар ичида югуриб, ҳаммасини видеокамерага тушириб олдим. У ерда одамлар жуда кўп.