Ўш шаҳри ва атрофида ҳарбийлар рейдлари давом этмоқда

Қирғиз аскари
Image caption Қирғиз ҳукумати рейдлар тартибга мос равишда ўтказилаётганини айтишади

Қирғизистон жанубидаги инсон ҳақлари фаолларининг маълум қилишларича, Ўш шаҳри ва атрофидаги ўзбеклар яшовчи маҳаллаларга ҳарбийлар рейдлари давом этмоқда.

Ушбу хабарларни тасдиқлаган шаҳар комменданти ҳарбий рейдлардан мақсад аҳоли қўлидаги қурол-яроқларни йиғиб олиш ва бузғунчи кучларни аниқлаш эканини айтган.

Ҳуқуқбонларга кўра, шу вақтгача рейдлар фақат ўзбеклар яшовчи маҳалла ва уйларда ўтказилмоқда.

Икки кун аввал Наримон қишлоғида бўлиб ўтган шундай уйма-уй текширув амалиётида дўппослашлар ва ўқдан икки киши халок бўлганди.

Би-би-си бугунги рейдлар ҳақида қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Толекан Исмоиловадан сўради.

Толекан Исмоилова: Биз аввало "Шаҳид Тепа" номли ҳудудда бўлдик. У ерда бизнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ва милиция рейдлар ўтказаётгани тинч аҳолининг инсон ҳуқуқларини бузаётганига гувоҳ бўлдик. Уйларга бостириб киришаяпти. Одамлар паспортларини кўрсатишса, биз ўз кўзимиз билан кўрдик, ё ёқиб ташлашаяпти ё йиртиб ташлашаяпти. Ўзбек маҳалласидаги "Долина" деган дўконни кўрдик. У ерда тўртта аскар автоматларини атрофига қўйиб олиб, колбаса ва нон еб, сок ичиб ўтиришибди. Биз уларнинг кимлигини аниқлашга уриндик. Улар милиционерлар бўлиб чиқишди. Гап шундаки, рейд ўтказаётганларнинг ҳаммаси бир хил уст-бошда, бир хил форма кийиб олишган. Баъзилари "афғон"да хизмат қилган ветеранлар, истеъфога чиққан аскарлар, милиционерлар, армия аскарлари ва ҳоказо. Биз Бишкекка боғланиб талаб қилдик, ҳар бир рейд ўтказаётган гуруҳ ўзининг ким эканини намоён қилувчи гувоҳнома тақиб юрсин. Чунки уларнинг ким экани ноаниқ бўлиб қолар экан, жавобгарликни ҳам ҳеч ким ўз бўйнига олмайди.

Би-би-си: Ўзи бу рейдлар ўтказилишига ким буйруқ бераяпти? Бишкекми, армиями, милициями?

Толекан Исмоилова: Шаҳар комменданти буйруқ бераяпти. У муваққат ҳукуматнинг рухсати асосида ишлаяпти. Қирғиз ҳукумати вазиятни ҳисобга олиб, тўсиқлар ортидаги қирғиз ва ўзбек маҳаллаларини кўриб, коммендантлик соатини киритган.

Би-би-си: Аммо коммендант биладими қўшинлари қандай амал қилаётганини? Ўзбек маҳаллаларига уюштирилаётган рейдларда оддий аҳоли ўлдирилаётгани, дўппосланаётгани, аёллардан тақинчоқлар тортиб олинаётгани, паспортлари ёқиб юборилаётганини биладими?

Толекан Исоилова: Биз кеча у билан учрашиб, барча маълумотни етказдик. Биз шунингдек, қирғиз Мудофаа вазири билан боғландик. Кеча аэропортда муваққат ҳукумат раиси Роза Ўтинбоева билан ҳам учрашдик. Биз кеча шунча маълумотни етказдик, лекин бу талончилик бугун ҳам аввалгидай давом этмоқда. Қасос олиш авж олган. Бир тарафда қирғизлар, бошқа тарафда ўзбеклар бўла туриб, биз ўзимиз бу можарони ҳал қила олмаймиз. Халқаро тинчликни сақловчи кучлар керак.

Би-би-си: Рейдларни ўтказишга буйруқ берган коммендант ёки ҳукумат нима учун ана шу рейдлар қай тарзда ўтказилаётгани билан қизиқмаяпти?

Толекан Исоилова: Биз бир ягона ҳужжат бор-йўқлигини аниқлашга уриндик. Рейд ўтказаётган қўшинлардан сўрадик, ўзларингизни рейд чоғида қандай тутишларинингиз кераклиги борасида бирон аниқ кўрсатма борми, деб. Аскарлар қўлида бундай ҳужжат йўқ. Оддий одамлар ҳам билмайди ўзларини қандай тутишни, уларга рейд бўлса нима қилиш кераклиги борасида бирон маълумот берилмаган. Коммендант бизга айтадики, агар "ёт" десак, ётишлари керак деб. Лекин уйларга бостириб кириб, аёлларга, айниқса ўзбек аёлларга "ёт", деб бақириш тўғримикан? Одамлар нима бўлаётганини билишмайди, чунки Ўшда умуман телевидение ваё радио йўқ.

Би-би-си: Уйларига қайтиб келаётган қочқинлар борасида нима биласиз? Уларнинг сони турлича, бирида 35 минг яна бирида 46 минг дейилади.

Толекан Исмоилова: Биз бугун Тешиктошдан қайтиб келаётган аёлни кўрдик. Қайтаётган одамлар кўп. Бошпана изловчилар билан шуғулланаётган фаолларга кўра, жуда кўп сонли одамлар уйларига қайтишни исташади. Аммо, муаммо шундаки, муваққат ҳукумат бу одамларга аниқ ишлаб чиқилган "йўл харитасини" бергани йўқ. Улар қаерга қайтсинлар? Майли қайтишди ҳам дейлик. Энди нима бўлиши керак? Кўпларининг уйларини куйиб битган-ку! Бу саволлар ҳавода муаллақ қолмоқда. Биз ҳукуматга таклиф билан чиқдик: қайтаётган одамлар учун махсус чодирлар жамлоқлари қурилиши керак ёки умумий ётоқхоналарга жойлаштирилишлари керак; ичимлик суви, овқати бўлган вақтинчалик турар жойлар барпо этилиши керак. Гап шундаки, Ўзбекистонга ўтолмай бир неча кундирки чегарада ўтирган одамлар энди барибир Ўзбек тарафига ўтолмасликларини билиб, умидларини узиб қайтиб келишаяпти. Баъзилар қариндош уруғларининг уйига, баъзилар фавқулодда қурилган жамлоқларга жойлашаяпти. Лекин ўша фавқулодда жамлоқларга ҳам рейдлар ўтказилаяпти.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати раҳбари Раҳматилло Аҳмедов Би-би-си билан суҳбатда ўзбек маҳаллаларига уюштирилаётган рейдларда инсон ҳуқуқлари топталаётганини рад этди.

"Бу оддий одамлар аскарлик тайёргарликдан ўтмаган, улар бизнинг иш жараёнимизни тушунишмайди. Сўз эркинлиги деб истаганини айтиб ётибди. Биз ўз ишимизни Қирғизистон Республикасининг низомларига асосланиб амалга ошираяпмиз", деди Раҳматилло Аҳмедов.

Сизга ушбу рейдлар ҳақида яна нималар маълум? Фикр ва мулоҳазаларингизни бизга ёзиб юборишни унутманг.

SMS рақамимиз: +447786201124