Жиззах бозоридаги тўқнашувда савдогарлар қўли устун келди

Image caption Бозорларнинг кўчирилишида камдан-кам ҳолда савдогарнинг манфаати кўзланади

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Жиззах вилоят бўлими хабар қилишича, 1 июль эрталаб соат 7да Жиззах шаҳрининг Ором ҳудуди ёнида жойлашган буюм бозорида савдо қиладиган тижоратчилар норозилик намойишини ўтказишган.

Намойишга Жиззах шаҳар ҳокимиятининг буюм бозорини ёпиш ва савдони қўшни деҳқон бозорига кўчириш қарори сабаб бўлган.

Бир ой аввал чиққан ҳокимият қарорига биноан, буюм бозорига савдогарлар бугун киритилмаган.

Норозилик намойиши иштирокчилари бўлган 400 нафарча савдогарлар билан Жиззах шаҳар солиқ идорасининг 20 нафарча ходимлари, ҳамда юзга яқин милиция ходимлари бозорнинг ёпилиши борасида мулоқот қилишга уринган, бироқ савдогарларнинг бозорни қайта очиш талаби қондирилмагач, вазият таранглашган.

Воқеага гувоҳ бўлган инсон ҳуқуқлари фаоли Бахтиёр Ҳамроевнинг айтишича, милиция уч нафар эркак савдогарни ҳибсга олиб, махсус келтирилган автобусга судраб олиб бориб тиққанидан сўнг, икки томон ўртасида жанжал чиқиб кетган.

"Уч нафар савдогар эркаклар ҳибсга олинганидан ғазабга келган савдогарлар, асосан аёллар томонидан милиция ходимлари ва автобус техникаси тошбўрон қилинди ва оқибатда автобус пачоқ бўлди, ойналари синдирилди. Бир неча милиция ходимларининг погонлари юлиб олиниб, улоқтирилиб, ур-сур бошланиб кетди," - дейди жаноб Ҳамроев.

Милиция ходимлари уч нафар савдогарни шу ернинг ўзида қўйиб юборган ва вазиятни тинчлантириш учун шаҳар ва вилоят солиқ инспекцияси раҳбарияти бозорни қайта очишга буйруқ берган.

Фаолга кўра, буюм бозорида 600-700 атрофида савдогар савдо қилади. Ҳозирда уларнинг тахминан 20 фоизи савдога қайтган. "Қолганлар эртага нима бўлишини кутиб туришибди," - дейди у.

Инсон ҳуқуқлари билан суҳбатлар ўтказган савдогарлар деҳқон бозорига кўчишдан бош тортишларига сабаб деҳқон бозоридаги янги дўконларнинг сифатсиз, кичик ва уларнинг ижара нархи, ҳамда солиқ тўловлари ўта юқори бўлганини айтишган.

Бахтиёр Ҳамроевга кўра, янги бозор ҳали қуриб битирилмаган, аммо бир ойки Жиззах телевидениесида бозорнинг кўчирилиши борасида эълонлар янграй бошлаган.

SMS рақамимиз: +44778620112