ОИ махсус элчиси Тошкентда

Image caption Махсус элчи кун тартибида Қирғизистон инқирози ҳам бор

Қирғизистондаги вазият бугун Ўзбекистонга сафарини бошлаган Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус элчиси Пьер Морелнинг ўзбек расмийлари билан музокараларидаги асосий мавзулардан бўлиши кутилмоқда.

Пьер Морел минтақага аввал ҳам бир неча маротаба сафар қилган. Апрель ойида халқ ғалаёни ортидан Бакиев ҳукумати қулаганидан сўнг ҳам Оврўпо Иттифоқи у ерга жаноб Морелни йўллаганди.

Ўтган ойда мамлакат жанубида зўравонликлар бошланиб кетган вақтда ҳам жаноб Морел Оврўпо номидан Қирғизистонга йўл олганди. Жаноб Морел Оврўпо учун минтақани кузатиб турувчи қулоқ ва кўздек. Унинг минтақага сафарлари кўпда охирги ҳодисалар ҳақида фактларни топиш ва Оврўпонинг ташқи ҳамкорлари билан ҳаракатларни ҳамоҳанглаштириб олишга қаратилади.

У берган баҳо эса Оврўпо Иттифоқи томонидан Брюсселда чиқарилган баёнотларда ўз аксини топади.

Бу баёнотларнинг оҳанги кўпда бир ҳил: совуққонлик, диалог ва ярашувга чақиришдан иборат.

Ўш ва Жалол-ободдаги зўравонликлардан сўнг эса Оврўпо Иттифоқи хавфсизлик вазияти ва уй-жойларини ташлаб чиққан кўплаб қирғизистонликлар аҳволига қарамай, конституцион ислоҳотлар юзасидан ўтказилажак референдумни қўллаб-қувватловчилар қаторига қўшилди.

Бир ҳафта аввал бўлиб ўтган референдумдан сўнг эса унинг ташкиллаштирилиши, овоз бериш жараёни ва қирғизистонликларнинг қатъиятлари олқишланган баёнот чиқарилди, аммо келгуси парламент сайловларидан аввал мавжуд муаммолар ечилишига даъват янгради.

Бу каби оҳанг ОИнинг ва шахсан жаноб Морелнинг мавқеидан далолат беради. Бу ОИ нинг иқтисодий ва стратегик манфаатларига асосланган Марказий Осиё билан иш юритиш услубидир.

Жаноб Морелнинг Ўзбекистонга охирги сафари мобайнида энергия соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланганди. Бу ўз навбатида 2007 йили қабул қилинган Марказий Осиё стратегияси ҳужжати асосида қабул килинди.

Бу стратегиянинг яқинда қайта муҳокама этилиши ортидан ўта турфа ҳил соҳаларда, хусусан таълим, савдо, сармоя ва умумий таҳдидларга қарши ҳаракатлар борасида ижобий қадамлар қўйилгани айтилган.

Стратегия, шунингдек, "инсон ҳуқуқларини ва демократлаштириш ташаббусларини" тарғиб қилишга алоҳида урғу беради.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари эса бу каби ишонч билан айтилган баёнотларни савол остига олишади. Улар чарчамай қайтараётган танқидларига кўра, ОИ стратегиясининг энг кам тараққиётга эришган қисми айнан инсон ҳуқуқлари соҳасидир.