Ўзбекистон жамиятида зўравонликка мойиллик ортмоқдами?

Ўзбекистондаги бозорлардан бири
Image caption Ўзбекистон жамиятида тоқатбарорлик камаймоқдами?

Тошкентда жойлашган Эксперт ишчи гуруҳи тарқатган ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда одамлар орасида тоқатсизлик ошиб бормоқда.

"Жамиятда тоқатбарорликнинг пасайиши ортидан қарама-қаршилик ва зўравонликка мойиллик ўсган", дейилади Ўзбекистон Эксперт ишчи гуруҳи тарқатган таҳлилий ҳисоботда.

Унда охирги бир неча ой давомида Ўзбекистонда юз берган бир қатор ҳодисалар: жорий ой бошида Жиззах бозорининг кўчирилишига қарши чиққан 600га яқин тижоратчи ва милиция ўртасида юз берган тўқнашув, Ургут туманидаги бозорда икки қишлоқ эркаклари орасида кузатилган зўравонликлар мисол сифатида келтирилади.

Бу каби жанжалларни мисол қилиш билан бутунбошли жамият ҳақида гапириш қанчалар тўғри деган саволга Ўзбекистон Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳробжон Исмоилов мақсад Ўзбекистонда муаммоларни зўравонлик йўли билан ҳал этишга мойилликнинг ортиб бораётганига эътибор қаратиш бўлганини айтади.

"Эҳтимол, ҳозирчалик бу вазиятни беқарорлаштириш салоҳиятига эга эмасдир. Аммо, давлат органлари, хусусан, суд тизимининг одиллигига ва кишилар ўртасида ора-орада вужудга келадиган муаммоларни адолатли ечишига кўзи етмаслиги ошиб бораверса, биз ўйлаймизки, одамлар зўравонлик ва қонунга асосланмаган усуллар билан ўз муаммоларини ечишга мойилликлари ошиб бораверади", дейди Суҳробжон Исмоилов Би-би-си билан суҳбатда.

Айни пайтда Суҳробжон Исмоилов қўшни Қирғизистонда юз берган зўравонликлар Ўзбекистон жамиятидаги қарама-қаршиликлар потенциаллари ҳақида ҳам ўйлашга ундашини айтади.

Ҳисоботда ҳам Қирғизистондаги зўравонликларга муваққат ҳукуматнинг лаёқатсизлиги асосий сабаб бўлган эса-да, унинг ортида қатор ўта мураккаб (ижтимоий-иқтисодий муаммолар, сиёсий бошқарма ва давлат тизимларининг яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги, саводхонлик даражасининг тушиб кетгани, маданий парадигманинг пасайгани, ноқонуний гиёҳванд савдосида Қирғизистон ва бутун минтақанинг роли, сиёсий Ислом таҳдиди каби) омиллар қоришмаси ҳам турганини назарда тутиш лозимлиги урғуланади.

"Биз Қирғизистонда мавжуд баъзи бир ички факторларни салгина кичикроқ фарқи билан ҳозирги кунда Ўзбекистонда ҳам кузатишимиз мумкин. Боя таъкидлаб ўтганимдек, зўравонликка асосланган ечим йўлларини топишга уриниш алоҳида-алоҳида ҳолатларда кузатсак-да, вазият ўзгармас экан, бу ҳолатлар фақат ошиши мумкин", дейди Суҳробжон Исмоилов.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон Эксперт ишчи гуруҳи ҳисоботида айтилишича, Қирғизистон жанубидаги воқеалар ортидан интернетда миллатчилик руҳидаги чақириқлар ҳам кучайган.

SMS рақамимиз +447786201124