Футбол ҳаками Равшан Эрматов "Ўзбекистон ифтихори"га айланди

Ўзининг ҳакамлик иқтидори билан Осиё қитъаси қолиб, бутун дунёни тан олдирган ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов "Ўзбекистон ифтихори" нишони билан тақдирланди. Ёрдамчиси Рафаэль Элёсовга "Дўстлик" ордени берилди.

Ўзбекистонда бу каби фахрий унвонга лойиқ деб топилганларнинг сони саноқли экани назарда тутилса, бу Равшан учун ниҳоятда катта шарафдир.

Яна бу хусусдаги фармонга шахсан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов имзо чеккан.

1998 йилда таъсис этилган "Ўзбекистон ифтихори" фахрий унвони жаҳон чемпионатларида, Олимпия ўйинларида ва шуларга тенг жаҳон спорт анжуманларида ғолиблик — чемпионлик унвонига эришган ҳамда ўз ютуқлари билан Ватан обрўсини, шони ва шуҳратини улуғлашга кўмаклашган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига берилади.

2010 йилги Жаҳон чемпионатининг илк учрашувини очиб бериш билан Равшан танимаганга ҳам ўзини танитган, бир биринчиликнинг ўзида беш беллашувга ҳакамлик қилиш билан эса, номи халқаро рекордчилар рўйхатига ҳам кирган.

Бу каби шов-шувли ютуқлари ортидан, Равшан дунёнинг энг етакчи хорижий оммавий-ахборот воситалари ҳам ортидан тушган "матбуот қаҳрамонлари"дан бирига айланган.

Равшан бор-йўғи 32 ёшида эришган ютуқларга эса, дунёнинг манаман деган ҳакамлари ҳавас қилса арзийди.

Дунёда 25 ёшидан бошлаб халқаро учрашувларга ҳакамлик қилишни бошлаган ҳакамлар жуда кам.

Устига устак Равшан унча-мунча ҳам эмас, икки бор ёшлар, сўнгра Клублар орасидаги ва булар ҳам қолиб, яна 2010 йилги Жаҳон чемпионати учрашувларига ҳам ҳакамлик қилган.

Кетма-кет икки бор бутунбошли Осиё қитъасининг "Энг зўр ҳаками" деб топилганлигини айтинг.

Равшан майдондаги "ўз ўрни" билан дунёнинг манаман деган футболчилари, мутахассислари ва мураббийларининг ҳурматларини қозонган.

Кимга ишқибозлик қилишларидан қатъиназар, ўзининг холис ва профессионал фаолияти билан эса, дунёдаги ҳар қандай "муккасидан кетган" футбол ишқибозининг ҳам кўнглини топа олган.

ФИФА эса, яқинда Равшаннинг ўшлик ўзбек ёрдамчиси Баҳодир Қўчқоровнинг хавфсизлигини таъминлашни сўраб, Қирғизистон раҳбари Роза Ўтинбоевага мурожаат билан чиққанди.

Ўтган июн ойида Ўш дохил Қирғизистон жанубида кечган этник низоларда юзлаб кишилар қурбон бўлган, минглаб инсонлар яраланган ва кўплаб турар-жойлар вайрон бўлганди.