Айни пишиқчиликда мева-сабзавот экспорти тақиқидан ким манфаатдор?

Якутск шаҳридаги мева-сабзавот базаси
Image caption Ўзбекистон Россиядаги ўзининг мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари бозорларини йўқотган

Ўзбекистондан олинган хабарларга кўра, айни ҳўл мева ҳамда полиз маҳсулотлари пишганда ва уни хорижга олиб чиқиб сотиш вақти келганда расмий Тошкент тез бузиладиган юкларни олиб чиқишга яна чеклов киритган.

Ўзбекистондаги "Йўлрефтранс" акционерлик жамияти ходимлари юзага келган ҳолатдан шикоят қилишган.

Ширкат ходимларининг айтишича, Россияга йўл олиши кутилган қатор вагонлар ҳозирда турли чегара нуқталарида туриб қолган ва уларга мева ҳали ортилмаган ҳам.

Аммо айни дамда ноқонуний йўллар билан мева олиб чиқаётган юк машиналар ҳаракати авж олган, қонуний йўл билан маҳсулот олиб чиқувчи давлат корхонаси ишчилари эса тўсиқнинг тугашини кутиб ўтираверамиз дейишмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати қатор йиллардан буён ёз ойларида мамлакат далалари ва боғларида пишган мева-сабзавот, полиз маҳсулотларини четга олиб чиқишга тақиқ киритади.

Бу айни пишиқчилик пайти Ўзбекистон аҳолисининг бундай маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини тўла қондириш, бу пайтда бозордаги нарх-навонинг пасайишига эришиш мақсадида амалга оширилаётгани хабар қилинади.

Бироқ Ўзбекистон раҳбариятининг бу мақсаддаги амаллари кўпинча Шўролар давридан қолган маъмурий-буйруқбозлик усулига асосланган бўлади, одатда туман ҳокимлиги ўз ҳудудидаги бозорларда савдо қилаётган инсонлардан маҳсулот баҳосини пасайтиришни талаб қиладилар.

Ўзбекистон мустақиллигининг навбатдаги санаси арафасида "тўкин-сочинлик" ва "арзончилик"ка ана шундай сунъий йўллар билан эришилади.

Оқибатда ҳали қиш ойлари далада меҳнат қилишни бошлайдиган, ёзга бориб эса бутун ҳосилидан оладиган даромади транспорт нархини қоплашга ҳам етмай қолганидан қовун-тарвузининг даланинг ўзида чириб кетишини афзал билиб, "куйиб қолган" деҳқонлар мисолини Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятидан топиш мумкин.

Аммо Ўзбекистоннинг шимолий қўшниси Қозоғистонга туташ чегаралардаги вазиятни яхши биладиганларга кўра, ҳукуматнинг Ўзбекистоннинг ўзида пишган қовун-тарвуз, меваю-сабзавотларнинг ўзбекистонликлар учун арзон бўлишига эришиш мақсадидаги саъй-ҳаракатлари самарасини "чиппакка чиқарадиганлар" кўплаб топилади.

Бундай "ишбилармонлар"нинг "соябони" давлатнинг катта мансабдорлари, шериклари эса ўнлаб юк автомобиллари чегарадан ноқонуний ўтаётганини "кўрмаётган" Ўзбекистоннинг божхона ва чегара хизмати мулозимлари экани сир бўлмай қолган.

Шўролар Иттифоқи даврида Ўзбекистоннинг шимолдаги қўшнилари, бутун Россиянинг совуқ ўлкаларини яшил кўкату-карам билан, олма-узуму, қовун-тарвуз билан Ўзбекистон таъминлаб келган.

Бугунга келиб россияликларнинг ўзлари эътироф этишларича, Ўзбекистон ана шундай катта бозорларини йўқотди.

Ўзбекистондаги "Йўлрефтранс" акционерлик жамияти ходимларидан бири билан суҳбат