Ўзбекистонда яна бир фаол узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин

Image caption Маҳкум айбланувчи Ғайбулло Жалиловга прокурор яна 13 йил қамоқ жазоси берилишини сўрамоқда

Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган маҳкама жараёнида норасмий Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг (ЎИҲЖ) Қашқадарё вилоятидаги фаол аъзоларидан бири бўлган Ғайбулло Жалиловга 13 йиллик қамоқ жазоси берилиши сўралган.

Ғайбулло Жалилов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159- моддаси "а" ва "б" бандларида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбланаяпти.

Айблов томони хулосасига кўра, у 2009 йилнинг 5 сентябридан бери қамоқда бўлса-да, ўзи туғилиб ўсган қишлоғида ёшларга диний сабоқ берган ва бу билан Ўзбекистон Республикаси Конституцион тузимига тажовуз қилган.

Бироқ судланувчининг ўзи бўйнига қўйилаётган айбларни тан олмасдан, уларнинг ғирт тўҳмат эканлигини таъкидлаган.

Айблов томонининг тахминан октябр ойларида ўз қишлоғида диний сабоқлар берганига оид важларига жавобан Ғайбулло Жалилов ўша пайтда тергов изоляторида сақланганлиги фактини келтирган.

"Қандай қилиб мен бир вақтнинг ўзида ҳам қамоқда бўла туриб, яна дарс ҳам бера олишим мумкин?" – дея савол ташлаган у ҳакам Бекназаровга.

Суд залига киришга муваффақ бўлган укаси Нурмат Жалиловнинг таъкидлашича, акаси ким бу борада гувоҳлик бергани ҳақида маълумот бериш ва у билан юзлаштирилишини ҳам талаб қилган.

Ғайбулло Жалиловнинг суд томонидан тайинланган адвокати Худойбердиевниг сўзларига кўра, мижозига қарши гувоҳлик кўргазмалари маҳалла посбони, участка нозири ва маҳалла қўмитаси раислари томонидан берилган. Улар маҳаллада йиғилиш ўтказиб ушбу қарорга келишган.

Маҳкумнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган ҳимоячи эса, суд томонидан тайинланган.

Жамият бундан аввал Ғайбулло Жалилов устидан бораётган маҳкама жараёни қонунга хилоф тарзда ёпиқ ўтказилаётгани ва ҳаттоки, унинг яқин қариндошлари ҳам суд залига киритилмаётгани ҳақида маълумот берганди.

Бугунги маҳкама жараёнига маҳкум ва айни дамда ҳам судланувчи бўлган Ғайбулло Жалиловнинг рафиқаси ва укасининг киришига изн берилган.

Прокурорнинг сўрови ортидан судда танаффус эълон қилинган ва маҳкама жараёнининг қачон давом этиши ҳозирча номаълум.

Ҳаммаси қандай бошланганди?

Ғайбулло Жалилов 2009 йилнинг 5 сентябрида ҳибсга олинган ва у билан бирга яна бир неча киши жиноий гуруҳ ташкил этиб, террорчилик хуружини режалаштирганликда айбланишганди.

Ўша пайтда қўйилган айбловларга кўра, улар Қарши шаҳри аэропорти ва "Хонобод" ҳарбий базасини портлатишга тил бириктирган бўлишган.

На яқинлари, на адвокатлари иштирок этган маҳкама жараёни Бухоро шаҳрида ўтказилган, ҳакам Ғайбулло Жалиловни тўққиз йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарганди.

Инсон ҳақлари фаоллари Ғайбулло Жалиловнинг ҳибсга олиниши ва сақланиши, унинг устидан бўлиб ўтган маҳкама жараёнларида Ўзбекистоннинг амалдаги қонунлари қўпол бузилганига эътибор қаратишади.

Шу йил июн ойида қамоқхонадан чиқарган мактубига таяниб, яқинлари Ғайбулло Жалиловнинг кўзи кўрмай қолаётгани, йўтал хуружидан азобланаётгани, кийим-бош ва дори-дармонга муҳтожлиги ҳақида айтишганди.

"Ушбу жиноий иш мамлакатдаги қонунсизликнинг яққол мисоли", дея хабар қилганди қароргоҳи Парижда жойлашган "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" ассоциацияси.