Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон олий маҳкамаси Дилмурод Сайидга чиқарилган ҳукмни ўзгартиришсиз қолдирди

Image caption Дилмурод Сайид маҳкамаси кўплаб қонун бузилишлари билан ўтган

Ўзбекистон Олий суди таниқли журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дилмурод Сайидга нисбатан чиқарилган 12 ярим йиллик қамоқ жазосини ўзгартиришсиз қолдиришга қарор қилган.

Ўзининг танқидий мақолалари билан танилган журналист Дилмурод Сайид 2009 йил февралида ҳибсга олинган, Самарқанддаги маҳкама журналистни таъмагирлик, катта миқдорда пора талаб қилишда айбдор деб топиб узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган эди.

Ўзбекистон Олий маҳкамаси олдинги маҳкама қарорини ўзгартиришга ҳожат йўқлиги борасида Дилмурод Сайид қарииндошларини ёзма равишда хабардор этган.

Журналистнинг ўзи, Дилмурод Сайиднинг ҳимоячилари маҳкамада унга қўйилган айбларнинг асоссизлиги, журналистни пора берганини айтган инсонлар кўрсатмаларини ўзгартирганларига қайта-қайта эътибор берганларига қарамасдан қоралов ҳукми эълон қилинган.

Дилмурод Сайидга нисбатан ҳукм ўтган йили июл ойида ёпиқ тарзда ўтказилган маҳкамада эълон қилинган.

Журналист билан қамоқхонада учрашишга бораётган рафиқаси Барно Жуманова ҳамда беш ёшли қизи Рухшона 5 ноябр куни Тошкент-Самарқанд йўлидаги автоҳалокатда нобуд бўлганлар.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинликлари ташкилотлари Дилмурод Сайиднинг қамалишини қоралаганлар.

Дилмурод Сайидни жараёнларда ҳимоя қилган "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятининг фаоли Абдураҳмон Ташанов Олий суддан олинган жавоб борасида қуйидагиларни гапириб берди.