Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонда ёқилғи тақчиллиги давом этаяпти

Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида автомобиллар ёқилғиси савдосида узилишлар кузатилаяпти.

Пойтахт Тошкентдаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида фақат тушгача автомобилга бензин қуйиб олиш мумкин.

Расмийлар бу тақчиллик сабабини тушунтираётганлари йўқ.

Uzmetronom интернет нашри хабар қилишича, Қамчиқ довонига яқин ёқилғи қуйиш шохобчасида бензинга навбат кутиб турган ҳайдовчилар ўртасида муштлашув келиб чиққан.

Гувоҳларга кўра, муштлашувда 10-12 нафар ҳайдовчи иштирок этган ва фақатгина милиция ходимларининг аралашуви билан тўхтатилган.

Муштлашувга сабаб бензин тақчиллиги туфайли узундан-узоқ навбатда турганлар ўртасидаги тортишув дейилмоқда.

Ўзбекистон бўйлаб охирги ойларда бензин тақчиллиги деярли мутассил тус олган ва айтилишича, баъзи ҳайдовчилар машиналарини газда юришга мослаштиришга уринмоқдалар.

Би-би-си билан суҳбатда маҳаллий мустақил журналистлардан бири Тошкент вилоятидаги бензин билан бўлган вазиятни тасвирлаб берди.