Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Оммавий жойлардаги ифторлик тақиқидан муддао нима? Обидхон қори Назаров билан суҳбат

Тошкентликларнинг айтишларича, ўтган йилги Рамазон ойида "Ифторликка марҳамат!" сингари ёзувлар Ўзбекистон пойтахтидаги ошхона-ресторанлари пештоқларида бу йил кўринмайди.

Аввалги йилларда муқаддас Рамазон ойида рўза тутгандан кейин уюштириладиган зиёфатларни Тошкент тамаддихоналарида ўтказиш кўпайган, ифторликларни Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари шаҳарлари ресторан-ошхоналарида ташкил этиш ҳам кузатилган.

Бироқ бу йил мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан фарқли Тошкентда ифторликни ошхона-ресторанда ўтказиш маън этилган.

Бу Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент милицияси биргаликда олган қарор эканлиги маълум қилинган.

Ўзбекистон пойтахтида Рамазон ойидаги ифторликларни ошхона-ресторанларда ўтказилиши тақиқлангани сабаби чиндан ҳам исрофгарчиликлар олдини олишми?

Тошкентлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кўра, ифторлик ҳам моҳиятан диний маросим ва ҳукумат расмийлари бу каби маросимларнинг оммавийлашиб бораётганидан чўчимоқдалар.

Тошкент шаҳрида охирги йилларда алкогол ичимликларисиз хизмат кўрсатиладиган умумий овқатланиш муассасалари сони кўпайган.

Ва бундай ошхона-ресторанларга бориб танаввул қилишни истайдиган хўрандалар сони ҳам тобора ортиб бораётгани кузатилмоқда.

Би-би-си Швецияда муҳожиротда бўлган таниқли уламо Обидхон қори Назаров билан ана шу мавзуда суҳбатлашди.