Россияда энг кўп пул топадиган муҳожирлар - ўзбекистонликлар, аммо уларнинг сони ноаниқ

Image caption Россия ва Ўзбекистон орасида муҳожирлар ҳуқуқларини таъминловчи шартнома йўқ

Россиядаги меҳнат муҳожирлари уйларига юбораётган пул-маблағлар миқдори сезиларли даражада ошган. Россия Марказий Банкига кўра, шу йилнинг иккинчи чорагида ўсиш 42 фоизни ташкил этган. Бу Россия охирги 15 йилдаги энг ёмон иқтисодий инқироздан чиқиб олганининг муҳим белгиси сифатида кўрилмоқда.

Россияда энг кўп пул ишлаётган меҳнат муҳожирлари - ўзбекистонликлар. Ўзбек мигрантлари жорий йилнинг иккинчи чорагида уйларига юборган пуллар 636 миллион долларни ташкил этган.

Ўзбекистон учинчи йилдирки, Россиядаги мигрантлар ишлаётган пул-маблағлар бўйича биринчи ўринни эгаллаб келади. Норасмий рақамларга кўра, меҳнат муҳожирларининг даромадлари Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизига тенг.

Айни пайтда мутахассислар бу пуллар кўпда бекорга сарфланаётгани ва жиддий сармояга айланмаётганини айтишади.

Тошкентдаги Мустақил Эксперт Ишчи Гуруҳи эълон қилган ҳисоботда айтилишича, меҳнат муҳожирлари топган пуллар, асосан, оилаларнинг кундалик тирикчиликларига сарфланмоқда. Мигрантларнинг кичик бир қисмигина келажак учун маблағ жамғаришади.

Би-би-си ҳисобот муаллифи Ғайрат Усмоновдан бу анъаналар билан боғлиқми деб сўради.

Усмонов: Бу фақат ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига хос кўриниш эмас. Масалан, Тожикистонда ҳам худди шунга ўхшаш вазиятни кузатамиз. Бунинг бир неча сабаблари бор. Биринчидан, меҳнат муҳожирининг даромади унчалик катта эмас ва келажак учун сармоя тўплашга изн бермайди. Мисол учун Россияда ишлаётган мигрантнинг ўртача ойлик маоши 400-500 доллар атрофида. Иккинчидан, кўпчилик мигрантларнинг оила-аъзолари боқиманда, яъни ҳеч қаерда ишлашмайди ва фақат у жўнатадиган пулга қараб қолишган. Яна бир муҳим сабаб меҳнат муҳожирларининг молиявий жиҳатдан унчалик саводли эмасликларида. Улар қандай қилиб пул жамғариш мумкинлигини яхши билишмайди ёки ўз ишларини йўлга қўйиш учун бизнес малакалари етарли эмас.

Би-би-си: Аммо, Ўзбекистонда хусусий бизнесни йўлга қўйиш осон эмас. Тадбиркорлар ҳокимият, солиқ идораларининг порахўрлигидан шикоят қилишади, банкдаги омонатларга ишонч йўқ. Сизнингча, меҳнат муҳожирларини мамлакат иқтисодига сармоя киритишдан ушлаб турган нарса шу эмасми?

Усмонов: Бизнес ва сармоя билан боғлиқ муаммолар ҳамма давлатлар, айниқса, ёш иқтисодларда мавжуд. Ўзбекистон ҳам бундан истисно эмас. Аммо, мен буни ассоий муаммо деб кўрсатмаган бўлардим. Албатта, бюрократик мазмундаги муаммолар бор ва уларни инкор қилгандан фойда йўқ. Лекин сармоя киритиш деганда фақат иш очишни тушунмаслик керак. Масалан, фарзандларнинг таълим олиши учун сарфлаш ҳам узоқ муддатли сармоя ҳисобланади. Бу эса бизнес муҳити билан тўғридан-тўғри боғлиқ эмас.

Би-би-си: Сиз ҳисоботингизда хорижда ишлаётган ўзбек фуқаролари ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумотнинг йўқлигига эътибор қаратгансиз. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

Усмонов: Менимча, давлат мигрантларнинг ҳисобини юритишга ҳаракат қилаяпти. Аммо уларнинг қанчалик самарали экани бошқа масала. Ҳозиргача давлат ўзбекистонлик қанча меҳнат муҳожири борлиги ҳақида расмий маълумотни эълон қилмаган. Ҳозиргача биз турли манбаълардан олиб келаётган маълумотлар тўлиқ манзарани акс эттирмайди. Масалан, Тожикистонда мигрантлар билан бевосита ишлайдиган махсус хизмат бор. Бизда афсуски, ташқи меҳнат муҳожирлиги бўйича агентлик бундай имкониятга эга эмас, бевосита қабул қилаётган давлатда мигрантларнинг ҳисобини юритиш ҳозирча қонунчиликда ҳам назарда тутилмаган. Энг катта муаммо, бу консуллик ҳисоби. Яъни Ўзбекистон элчихона ва консулликларининг меҳнат муҳожирларини ҳисобга олмаслиги. Масалан, ўзбеклар Россиянинг барча минтақаларида ишлашади, аммо консуллик фақат Москва ҳамда Новосибирск шаҳарларида бор, холос. Умуман, мигрантларнинг ҳисобини юритиш жуда қийин масала. Айниқса, ўзбекистонликларнинг кўпчилиги шахсий йўллар билан кетаётганлари боис улар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий майдонидан четда. Бундай ҳолатда мутаносиб ҳисоб юритиш жуда қийин.

Би-би-си: Аммо ҳукумат меҳнат муҳожирларининг аниқ ҳисобини юритгани тақдирда меҳнатга лаёқатли аҳолининг катта қисми ҳорижда ишлаётгани маълум бўлиб қолади. Бу эса Ўзбекистондаги ишсизлик даражаси расмий кўрсаткичлардан бир неча баробар катта эканини тан олиш дегани. Ва бу ҳукуматни ноқулай аҳволга қўяди, шундай эмасми?

Усмонов: Мен бизнинг ҳукуматимиз буни тан олишни истамаганидан деб ўйламайман, йўқ. Тўғри, ҳукумат таъбир жоиз бўлса, бу муаммога бироз четдан туриб ёндошади. Аммо, уни ҳисобга олади, албатта. Мен аминманки, юқори мартабали мулозимлар меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ етарли маълумотга эгалар, унинг иқтисодга таъсирини яхши тушунишади. Аммо, ҳозиргача бу соҳани ислоҳ қилиш борасида етарли қадамларнинг қўйилмаётгани менга тушунарсиз. Ҳозирда меҳнат вазирлиги баъзи ўзгаришларни амалга ошираяпти. Лекин, бу ўзгаришларнинг қанчалик катта миқёсда бўлиши маълум эмас. Гап бу ерда меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ фактни тан олиш ёки олмаслик масаласи ҳақида кетмаяпти, менимча. Меҳнат муҳожирлиги муаммосининг қанчалик катта эканини ҳозир Ўзбекистонда ҳамма яхши билади.