Ўзбек расмийлари Янгийўлда "жиҳодчилар" қўлга олинини айтишмоқда

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, мамлакат ички ишлар кучлари август ойи ўрталарида Тошкент вилояти Янгийўл туманида тўрт шахсдан иборат бир гуруҳ қуроллиларни ушлаш амалиётини ўтказганлар.

Қисқа давом этган отишма чоғида бир қуролли яраланган, милиция ходимлари қуролли гуруҳнинг барча аъзоларини ушлашга муваффақ бўлганлар.

Хабарларга кўра, мазкур гуруҳга ўтган йил ёзида Ўзбекистондаги дин пешволари ва ички ишлар ходимларига қарши қуролли ҳужумларни уюштиришга алоқаси бўлган 27 ёшли Баҳром Соипов бошчилик қилган.

Би-би-си Янгийўл туманида бўлиб қайтган мустақил журналист Алексей Волосевичдан тафсилоти сўради.

Волосевич: Умуман олганда, амалиёт ҳақида унчалик кўп нарса маълум эмас. Бу Саймэ деб аталган посёлка ҳудудида бўлган. Бу жой номи Марказий Осиё механизация ва электрофикация институти номидан олинган экан. Бизга маҳаллий аҳоли вакилларининг сўзлари ва ички ишлар вазирлигидаги манбаънинг айтганларидан шу нарса маълум бўлаяптики, бу ҳудудда бир неча ой давомида тўрт кишилик бир гуруҳ яширинган. Тўғрироғи, улардан икки нафари шу ерлик бўлган. Уларнинг орасида қидирилаетган Баҳром Соипов ҳам бўлган. Соиповнинг номи ўтган йили Бўстонлиқда юз берган отишмалар ва Луначарск кўчасидаги ҳодисада тилга олинганди. Саймэ яқинида бир неча кўп қаватли бинолар бор, уларнинг орқасида қатор гаражлар бор. У ердаги одамларнинг айтишича, кечқурунлари бу гаражлардан бирида чироқ ёниқ турган. Одамларнинг айтишича, худди шу нарса милицияда шубҳа уйғотган бўлиши мумкин. Аммо, ички ишлар вазирлигидаги манбаъ бошқа тезкор маълумотлар асосида хабардор бўлганларини айтмоқда. Ушбу манбаънинг айтишича, ана шу ерда отишма юз берган, гумондорлардан бири Дамас микроавтобусини қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинишга уринган пайт яраланган. Вазирликдаги манбаъ қуролли диний экстремистлар деб аталаётган бу тўрт кишининг ҳаммаси ҳибсга олинганини айтди.

Би-би-си: Ўтган йили Тошкентда Анвар Қори Турсунов ва ички ишлар мулозими Асадовга уюштирилгани айтилган суиқасдда номи тилга олинган Баҳром Соиповнинг ўзи ҳақида нималар маълум?

Волосевич: У ҳақда ўтган йили Тошкент кўчаларида осилган қидирув эълонларидаги маълумотдан бошқа нарса маълум эмас. Бу эълонларда унинг 27 ёшда экани, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида туғилгани ва яшаши айтилганди. Ички Ишлар Вазирлигидаги манбаънинг бизга айтишича, 2008 йилнинг март ойида Қибрайда бир неча отишмалар юз берган, уларда Соипов ва унинг одамлари 12 милиция ходимини отиб ўлдиришган. Буни Ички Ишлар Вазирлигидаги ишончли манбаъ айтаяпти. Бу ҳақда Ўзбекистонда ҳеч ким ҳеч қаерда хабар бермаган.

Би-би-си: Янгийулдаги маҳаллий аҳоли бу ҳибсга олинганлар ҳақида нима деяпти?

Волосевич: Масалан, биз суҳбатда бўлган бир аёл ўша яқинда турган бир йигитга ишора килиб, "ана у Дилшод, сизлар ўша билан гаплашинглар, у террористнинг қариндоши", деса бўладими? Бечора йигит, "йўқ, менинг ҳеч қандай алоқам йўқ" деганича қочиб кетди. Маҳаллий аҳолидан бошқача муносабатни ҳам кутиш қийин. Бизда одамлар милиция овлаб юрганларни албатта террорист ва эктремист деб билишади. Бунга ажабланмаса ҳам бўлади.

Би-би-си: Бу қуролли шахслар қайсидир гуруҳнинг аъзоси бўлишганми? Умуман, ҳозиргача олинган расмий ва норасмий хабарлардан ўтган йили Тошкентда содир этилган шов-шувли қотилликлар ортида ким тургани англашиладими?

Волосевич: Бу жуда қизиқ. Ўтган йили Тошкент бўйлаб жаъми 37 нафар турли одамларнинг суратлари "қидирилмокда" деб осиб қўйилди. Уларни ҳамма хабарларда жиҳодчилар деб аталган гуруҳга мансуб деб айтилаяпти. Жуда кўп хабарларда шундай. Аммо, уларнинг ўтган йили Андижонннинг Хонобод постига ҳужум қилган "Исломий Жиҳод" гуруҳига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Жиҳодчилар гуруҳи ҳақида Ўзбекистон телевидениеси "Хунрезлик" деб аталган тарғибот фильмини намойиш этди. Ундаги тарғиботни бир четга қўйиб, маълумотларни ажратиб оладиган бўлсак, шундай номдаги алоҳида бир гуруҳ пайдо бўлиб, у диний уламолар ва милиция ходимларига қарши бир ҳаракатни бошлади, деган хулоса келиб чиқади. Аммо, бу 25 кишининг ҳаммаси ҳақиқатан ҳам жиҳодчиларми, бу ҳақида бир нарса дейиш қийин. Чунки биринчидан, ҳеч қандай ахборот йўқ, иккинчидан, биласиз, Ўзбекистонда истаган одамни террорист ё экстремист деб, айбни бўйнига қўйиш мумкин.