'Ўзбекистонда бугун журналистларнинг ўзлари эркка, эътиборга муҳтож...'

Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 19 йиллигини байрам қиларкан, мамлакатда шу давр оралиғида юз берган ўзгаришларга берилаётган баҳолар бу йил ҳам бир хил эмас. Кимлардир айрим йирик завод, корхона ва турли-туман биноларнинг қад ростлаётгани, бошқалари эса, тирикчилик илинжида миллионлаб фуқароларнинг меҳнат муҳожирлигига юз тутаётганига ўз эътиборларини қаратишади. Айримлар Ўзбекистон спорт, маданият соҳасида эришаётган ютуқларини тилга олишса, яна бирлари матбуот, диний эркинликлар ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволнинг қанчалар абгорлигига диққат қилишади. Хўш, 19 йил мустақиллик оддий ўзбекистонликларнинг касбий ва шахсий ҳаётларида қандай кечди? Биз ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари ўзбекистонлик турли касб соҳалари вакилларининг бу борадаги фикрларини веб саҳифамиз орқали эътиборингизга ҳавола этиб борамиз. Илк қаҳрамонимиз ўзбекистонлик журналист Тўлқин Рашидов:

Бир журналист ўлароқ мустақиллик даври ўзбек журналистикасига назар ташлар эканман, Ўзбекистон барча соҳада бўлгани каби бу соҳада ҳам катта ўзгаришларни бошдан кечирганини таъкидлаш жоиз. Бутун дунёда бўлаётган ахборот инқилоби ўзбек жамиятига ҳеч кеч қолмасдан кириб келди. Ҳали Шўролар даврида нари борса 100 га яқин ахборот воситалари ўзбек халқининг ахборот чанқоқлигини қондириб келган бўлса, бугунда бу рақам расман 2.000 га яқинлашмоқда. Лекин уларнинг ҳам тўлалигича халқни ахборот билан таъминлай ололмаётгани аниқ бўлса-да, бу рақам интернет саҳифаларию-блоглар ҳисобига янада ўсишда давом этмоқда. Аммо асосий муаммо - мавжуд ўзбек оммавий-ахборот воситаларининг сифатида:

Оммавий-ахборот воситалари сонининг ўсиши билан ғурурлангандек, унинг сифати билан асло мақтана олмаймиз. Жамиятга эркин фикрни ёйўвчи, халқнинг муаммоларини кўтариб, унга эътибор қараттирувчи журналистларнинг ўзи эркка, эътиборга муҳтож. Бугун ўзбек журналистикасининг энг катта муаммоси бу – эркинликнинг йўқлиги бўлиб қолмоқда. Ўзбекистоннинг соғлом тараққиёти учун баҳс этилиши ва ечилиши керак бўлган муаммолар(порахўрлик, ишсизлик, меҳнат муҳожирлари муаммолари) қолиб, ўзбек журналистлари фақат мақтов ва ижобий ўзгаришларни ёритишдан нарига ўтишмаяпти. Жамият ҳаёти билан боғлиқ таҳлил ва танқидга эса, умуман йўл берилмаяпти. Бу эса, ўз-ўзидан журналистларнинг фаолиятларига ҳам таъсир этмоқда. Минтақа мамлакатлари орасида Ўзбекистон неқадар салоҳиятли бўлса, унинг матбуоти шу қадар нўноқ ва тишсизки, атрофимиздаги ҳар бир мамлакат бизни бемалол ахборот урушида ортда қолдириб кетиши мумкин. Ўзбекистон ҳукумати эса, бу сўз урушларига ҳали ҳам газ ва темир йўлларни беркитиш билан жавоб бериб юрибди. Аслида журналистларга эркинлик берилса, мамлакат манфаатларидан тортиб, унинг ҳимоясини журналистлар ўз сўзлари билан аскарлардан кам ҳимоя қилишмасди. Мен Британия ва Туркия журналистикасини кузатиб, уларда журналистлар мамлакат манфаатларини юргизувчи, ҳимояловчи куч эканлигига ишонч ҳосил қилдим.

Ошкоралик даври ва мустақилликнинг илк йиллари ўзбек матбуотининг олтин даври эди. Матбуот эркинлиги, сиёсий партияларнинг фаоллиги бир қарашда ўзбек жамиятида уйғонишни бошлаб берганди. Ўшанда нашр этилган газета ва журналларни ўқиганда, уларнинг танқид ва мушоҳадаларга бой, энг муҳими, халқчил эканлигини кузатгандим. Лекин Ўзбекистонда мустақилликдан кейин якка шахс ҳукмронлигининг кучайиб, мухолиф партияларнинг жамиятдан сиқиб чиқарилиши сўз ва матбуот эркинлигининг бутунлай чекланиши, ўзбек жамиятида эркин ижодга ва шу тариқа халқ орасида эркин тафаккур ривожига болта урди. Ҳукуматнинг журналистларга узлуксиз босимлари натижасида миллатнинг энг сара журналист ижодкорлари хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлишди. Албатта, бу ҳам ўзбек журналистикаси учун катта йўқотиш бўлди.

Ўзбекистонда ижод қиларканман, бошқа ҳамкасбларим қатори молиявий муаммолар гирдобида қолиб кетдик. Бу эса, ўз-ўзидан журналист касбининг обрўси ҳамда эътиборининг камайишига олиб келди. Эркинликнинг йўқлиги, ахборот бозорида рақобатнинг йўқлиги ва натижада янгиликнинг моддий қиймати йўқлигига олиб келди. Ўзбек матбуоти бозор муносабатларига том маънода ўта олмай, аросатда қолиб кетаркан, бунда энг катта йўқотганлар яна биз журналистлар бўлдик.

Бошқа бир жиҳат эса, ўзбек матбуоти олис Оврўпо ва Америка ҳақида тинимсиз ёзади, аммо халқ яқин қўшниларида нималар бўлаётганидан бехабар қолади. Ваҳоланки, олис минтақаларда юз берган ҳодисалардан кўра, шундоқ қўшниларимизда бўлаётган ўзгаришларнинг Ўзбекистон оммасига бевосита таъсири бўлади ва бундан вақтида халқни огоҳ этиш матбуотнинг асосий вазифасидир. Мамлакатнинг аниқ-тиниқ ташқи сиёсатининг йўқлиги унинг ахборот тарқатишида ҳам аниқ устивор стратегияси йўқлигини кўрсатмоқда.

Худди шунингдек, айнан мана шу мустақиллик орқали биз дунёга юзлашдик. Ўзим мисолимда гапирадиган бўлсам, биз жамиятда энг катта ўзгаришлар даврида ўқидик, хорижий мамлакатларда таҳсил олдик. У ердаги тажриба билимларни ўзлаштирдик. Лекин афсус, қани энди бунинг барчасини қайтиб борганда ўз ватанимизда қўллай олсак. Демократик мамлакатларда эркинликни ҳис қилган, цензурасиз матбуот фаолиятини кузатган ёшларнинг яна ўзини ўша буйруқбозликка ва эрксизликка қурилган Ўзбекистон матбуотида фаолият юритиши жуда қийин кечадиган бир жараён.

Тўғри, цензурани расман бекор қилишди, лекин энди ўртага чиққан бош муҳаррирларнинг ички цензураси аввалгисини ҳам ортда қолдириб кетади. Ҳарқалай олдин журналистлар нима цензура қилинишини тахмин қилишарди, энди эса, йўқ. Чунки энди буёғи бош муҳаррирнинг неқадар довюраклигига ҳамда ўз амалигами ё-да касбигами содиқлигига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Журналистлар билан учрашувларидан бирида Президент девони маъмури айтиб қолди: “Нега ҳадеб буни берсак бўладими, бунга нима дейсиз деб, менга қўнғироқ қилаверасизлар? Бу қачонгача давом этади, ахир, бизда цензура бекор қилинган-ку?” – деб. Шунда журналистлардан бири, “Нега бош муҳаррирлар айнан президент девонига қўнғироқ қилишади?” – деб қарши савол қўйганди. Аслида ички цензуранинг мавжудлигига ҳар доимгидек ташқи цензуранинг борлиги сабаб бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам ташқи цензура ички цензурани шакллантирди.

Минтақага разм соларканмиз, терроризм учоғи Афғонистон, фуқаролар урушидан энди оёққа тураётган Тожикистон ва ҳукумат тўнтарувларидан тиниб-тинчимаётган ва миллий можаролар марказига айланаётган Қирғизистон кўзга ташланади. Мухолифат ва ҳукумат ўртасидаги курашлар нодемократик йўлга кириб, мамлакатлар тараққиётини издан чиқариб юборар экан, Ўзбекистонда сиёсий эркинлик бўлмаса-да, тинчлик, барқарорлик сақланиб қолаётгани энг катта ютуқ бўлиб кўринади. Барқарорлик учун фуқаролар эркинлиги қурбон этилаётган бир вазиятда қоларканмиз, назаримда, биз ўсиб, ривожланиш ўрнига, бир нуқтада туриб қолаётгандекмиз. Ҳар ҳолда тафаккур нуқтаи назаридан. Эркин ахборотдан чекланган ўзбек халқи ҳали ҳам ўша содда шўро одами каби тафаккур қилади, ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашиш ўрнига мутеъликда давом этади. Мамлакат бошқарув системаси ҳам ҳалигача шўрочасига якка шахс истак-хоҳишига қараб бошқариб келинмоқда. Мамлакатни янгилайдиган куч бўлмиш сўз эркинлиги, ҳақиқий демократик ўзгаришлардан эса, ҳалигача дарак йўқ.

Салкам 70 йиллик маъмурий буйруқбозликка асосланган СССР иқтисодиёти касодга учраркан, бутун собиқ Шўролар ҳудудида у асосига қурилган социалистик қараш ҳам қарши томон бўлган капиталистик иқтисод бошқарувига рақобатни бой бераётган эди. Мана, қарийб 19 йил ўтаяптики, Ўзбекистонда ҳалиям социализмдан капитализмга ўтиш давридамиз. Ва яна ҳали бу жараён қанча давом этади, буни ҳеч ким билмайди. Аниғи эса шуки, президент Ислом Каримов бозор иқтисодиётига революцион эмас, эволюцион, яъни, босқичма-босқич ўтилажаги ва унда давлатнинг ўзи бош ислоҳотчи бўлишини айтганди.

Лекин шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон демократик ислоҳотлардан оқсаётган бўлса-да, лекин иқтисодий ривожланишда секин бўлса-да, аммо изчил давом этмоқда. Мамлакат учун стратегик муҳим иншоотлар, йўллар, темир йўли, сув омборлари қурилмоқда. Қўшниларимиз асосан Хитой молларини олиб-сотиш билан шуғулланаркан, бизда муҳим замонавий ишлаб чиқариш – завод ва фабрикалар қурилмоқда. Энг муҳими, ҚУДРАТЛИ мамлакатларнинг гео-сиёсий манфаатлари тўқнашган минтақада Ўзбекистон тинчлик ва барқарорлик пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Шўролар даврида унутилган тарихий меъморий обидалар қайта тикланиб, халқ эътиборига қайтарилмоқда. Ёшларнинг замонавий таълим олиши учун хорижга чиқиш имкониятлари ҳам озми-кўпми яратилмоқда. Ўзбекистоннинг ўзида ҳам яхши таълим олиш учун жаҳоннинг етакчи университетлари филиаллари ташкил этилмоқда. Тизимда коррупция муаммоси ҳамон сақланиб қолаётган эса-да, булар энди барчаси келажакнинг порлоқ бўлиши учун қўйилган сармоялар. Лекин шунда ҳам бунинг мевасини кўриш учун ҳали анча вақт борга ўхшайди.

Давоми бор