'Ўзбекистонда насроний гуруҳлар аъзолари таъқиб қилинмоқда'

Тошкент
Image caption Август ойида Ўзбекистон бўйлаб бир неча милиция рейдлари ўтказилган

Британиядаги Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг хабар қилишича, Ўзбекистонда турли насроний гуруҳлар аъзоларига қарши босимлар кучайган. Хусусан, ўтган август ойида Ўзбекистон бўйлаб бир неча милиция рейдлари ўтказилган. Тазйиқларга нафақат рўйхатдан ўтмаган, балки қонунан рўйхатдан ўтган ташкилотлар ҳам учрамоқда. Ҳисоботда урганчлик протестант аёл-Зуҳра билан боғлиқ ҳодиса мисол келтирилади. Унинг уйига милиция бостириб кириб, рухсатсиз тинтув ўтказгани ва йўқ адабиётни тарқатишда айблаб, маҳкама уни миссионерликда айбдор деб топганидан шикоят қилади. Би-би-си насронийлар, хусусан, протестантларга босимларни яқиндан ўрганган ўзбекистонлик журналист Юрий Воронин(исми ўзгартирилган-Би-би-си)ни суҳбатга тортган:

Юрий Воронин: Насронийларга, бу гал эса протестантларга босим бугун бошлангани йўқ. У охирги уч тўрт йил ичида кучайди. Мунтазам равишда рейдлар ўтказилади, протестантлар бир жойда йиғилса, у жой назорат қилинади. Бир неча формали ва формасиз одамлар келишади, баъзилари милиция, баъзилари эса, миллий хавфсизлик хизмати ходимлари. Кириб келишади, ҳаммани видеокамерага ёзишни бошлашади, прокуратура ордери кўрсатилмасдан тинтувлар қилишади. "Миссионерлик қилаяпсан, адабиёт тарқатаяпсан" деб жиноий иш очишади. Масалан, битта китобча бир нусхада бўлса, уни тортиб олиб, кўп нусхада деб ёзишади ва бу жиноий ишга асос яратади. Рейдлар истаган вақтда юз бериши мумкин, масалан, протестантлар бир чой ичайлик деб йиғилишган пайт ҳам.

Би-би-си: Насронийларга бу каби босимлар нима учун айнан август ойида кучайди?

Юрий Воронин: Бу нормал ҳолат, чунки 1 сентябрда Мустақиллик куни нишонланади. Насронийларга қилинадиган рейдлар байрам олдидан терроризм ва эсктремизмга қарши курашнинг бир қисми.

Би-би-си: Ўзбекистон қонунларида турли насроний гуруҳлар фаолияти борасида нима дейилади? Масалан, кўп насроний гуруҳлар аъзолари насроний динини тарғиб қилиш, бу йўлда адабиёт тарқатишда, яъни миссионерликда айбланади.

Юрий Воронин: Диний жамоаларнинг фаолиятини бошқарадиган ўзбек қонунлари анча демократик қонунлар. Лекин, бу қонунларга риоя қилинмайди. Насронийларга қарши репрессия сиёсати олиб борилмоқда. Ўзбек ҳукумати 2002-2003 йилларгача ҳатто қайд қилинмаган протестант гуруҳларга тоқат билан қарарди. Лекин, бора-бора уларни экстремистларга тенглашни, сектантлар деб аташни бошлашди.

Би-би-си: Ўзбекистонда қанчалар кенг тарқалган насронийлар гуруҳлар? Ҳар бир вилоятда борми?

Юрий Воронин: Менимча хар бир вилоятда бор. Бутун Ўзбекистон учун жавоб беролмайман. Лекин, камида беш ёки олтита вилоятда мен биладиган протестант жамоалари бор. Уларнинг орасида рўйхатдан ўтмаганлари ҳам бор.

Би-би-си: Насронийларга босимлар бўлаётганига сабаб нима, Сизнингча?

Юрий Воронин: Ўзбекистоннинг сиёсий йўналишлари ўзгаргани ҳам рол ўйнайди. Менимча, 2005 йил Андижон воқеалари муҳим бурилиш бўлди. Ғарб Тошкентдаги режимни бир неча юз одамни нобуд қилган Андижон воқеалари учун кечирди. Бунинг ортидан ўзбек хукумати истаганини қилиш учун оқ фотиҳа олди. Бунинг ортидан барча диндорлар-ҳам мусулмонлар ва ҳам насронийларга босим ошди.

Би-би-си: Кўп ўзбекистонликлар насроний гуруҳлар борлигидан норозилар. Айниқса, улар орасида ўзбек миллатига мансуб одамлар бўлгани уларга ёқмаслиги мумкин. Уларга кўра, бу мусулмон мамлакат ва бошқа дин пешволари келиб, ўз ғояларини тарғиб қилмаслиги керак. Бунга нима дейсиз?

Юрий Воронин: Ўзбекистон қонунларида бундай гап умуман йўқ. Бунинг бари маиший даражада. Бу гаплар бор, албатта. Хақиқат шуки, протестантлар орасида ўзбек миллатига мансуб одамлар ҳам бор. Аммо, ўзбеклар католик ва православ насронийлар орасида ҳам борлар, бироқ уларга ҳуқуқ-тартибот органлари бироз тоқат билан ёндошишади. Протестантларга эса, босимлар ўтказилади.