Қозоғистондаги ўзбек қочқинлари ватанларига қайтарилишлари мумкин

Бошпана изловчилар

Олма отада ҳибсда сақланаётган ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг деярли ҳаммасига комиссия қочқинлик мақомини бермаслигини маълум қилган.

Рад қилинганларни ўзбекистонга экстрадиция қилиш хавфи кутмоқда.

Ҳибсдагиларнинг яқинлари уларнинг ишини ҳимоя қилишда БМТнинг Қочқинлар Бўйича Олий Комиссарлигини ўта суст ҳаракат қилишда айблаганлар.

Уларнинг даъво қилишларича, Комиссарлик ҳибсга олинган ўзбекистонлик бошпана изловчиларга орадан уч ой ўтиб деганда адвокат топиб берган.

Қарийб уч ойдан буён ҳибсда сақланаётган бошпана изловчиларнинг ишини кўриб чиққан Олма ота Миграция қўмитаси департаменти уларнинг деярли ҳаммасига рад жавобини берган.

"Бугун миграция қўмитасидан қўлимизга комиссиянинг қочқинлик мақомини бермаганлиги ҳақидаги хулосасини беришди," - дейди ҳибсда сақланаётган Олим Холтўраевнинг турмуш ўртоғи Феруза Норқобилова.

Олма ота Миграция қўмитаси департаменти директори Гулсара Алтинбекова ҳибсдагиларнинг яқинларига уч ой давомида комиссия хулосасидан норозиликларини билдириш мумкинлигини айтган.

Аммо Феруза Норқобилова билан гаплашган адвокат Игорь Пан шикоят ёзиш муддати уч ой эмаслигини билдирган.

Комиссиянинг қароридан шикоят ёзиш учун БМТнинг Қочқинлар Бўйича Олий Комиссарлиги томонидан ёлланган адвокат Игорь Панга кўра, Миграция департаменти томонидан берилган рад жавоби прокурорнинг ҳибсдагиларни экстрадация қилиш учун ҳибсда ушлаб туриш муддати тугашига тўғри келаяпти.

9 июн куни тонгги рейд чоғида ҳибсга олинган 30 эркакнинг прокуратура томонидан берилган ҳибс муддати шу ҳафтанинг пайшанба куни ўз ниҳоясига етади.

Адвокатга кўра, бу муддат ичида комиссия қароридан норози бўлиб шикоят бериш жуда озлик қилади.

"Шикоят қилса бўлади, аммо экстрадиция қилиш билан комиссия қароридан шикоят қилиш унча бир бирига боғлиқ эмас. Яъни уларни экстрадация қилиб юборишлари мумкин. Апелляция шикояти бор-йўқлигидан қатъи назар уларни ҳибсда ушлаб туриш муддати тугаганлиги учун экстрадация қилиб юборишлари мумкин," дейди адвокат.

Ҳибсда сақланаётган 30 киши учун БМТнинг Қочқинлар Бўйича Олий Комиссарлиги иккита адвокат ёллаган.

Бошпана изловчиларнинг ҳибсга олинганидан қарийб уч ой ўтган эса-да, шу пайтгача уларнинг ҳуқуқини адвокат ҳимоя қилмаган. Ушбу адвокатлар билан ҳам 3 сентябр куни шартнома тузилган.

Шунда ҳам бу адвокатлар ҳибсдагиларнинг айбсиз эканлигини ҳимоя қилмайди, балки коммиссия томонидан берилган рад жавобига шикоят ёзишади холос.

Ўзбекистонлик муҳожирлар БМТ қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлиги томонидан ёлланган адвокатларнинг ҳимоя қила олишга кўзи етмаслигини айтишади. Чунки ушбу ташкилот Ўзбекистон томонидан қўйилаётган айбларга ишонишини билдирган.

"БМТнинг қочқинлар билан ишлаш комиссарлиги Ўзбекистон томонидан берилган ҳамма айбловлар қалбаки ясалган десак, биз ушбу қоғозларга ишонамиз деб жавоб беришди," дейди қочқинлардан бири.

Бошпана изловчилар уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишда БМТ ташкилоти ўта суст ҳаракат қилганини айтишади.

Уларга кўра, деярли уч ой давомида маблағ етишмаслигини баҳона қилиш билан бирорта адвокат тайинланмаган.

Шу тарзда бошпана изловчилар уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қила оладиган адвокат топиш борасида қийинчиликларга дуч келишган.

Бошпана изловчиларга кўра, улар топаётган адвокатларга босимлар бўлаётган бўлиши мумкин.

Би-би-сига гапирган яқиндагина тайинланган адвокат Игорь Пан Қозоғистон тарихида бу каби ҳолатлар бўлмагани учун бу ишга биринчи бор дуч келиб турганин айтди.

Унинг илова қилишича, шу йил бошида кучга кирган "Қочқинлар тўғрисида"ги қонунда бошпана изловчиларни ватанига қайтариб юбормаслик банди бор.

Иккинчи қисм 18 бандда ёзиладики, давлат чегарасида бошпана изловчиларни, агар уларнинг ватанида ирқи, дини ва миллати бўйича ҳаёти ва эркинлигига хавф бўлса, бошпана изловчилар ва қочқинларни ортга қайтариш ёки бериб юбориш таъқиқланади. Бир қарашда ушбу банд бошпана изловчиларнинг ортга қайтарилмаслиги учун кафолатдай туюлади, аммо бу қонунда яна бир бошқа банд ҳам борки, у жиноятчи, деб топилган шахсларни ватанига қайтариб юбориши мумкин.

"Комиссия томонидан рад жавоби берилишига бошпана изловчи террорчилик, экстремистик ва бошқа таъқиқланган ташкилотларга аъзоликда айбланиши асос бўлиши мумкин. Яъни улар қонунинг ҳар иккала бандига асосланиши мумкин. Бу нарса уларнинг ишончига боғлиқ," дейди БМТ томонидан тайинлаган адвокат Игорь Пан.

Ўзбекистонда ушбу бошпана изловчилар айнан адвокат айтаётган бандлар бўйича айбланиб қидирувга берилган.

Маҳаллий телевидениялардан бири КТКда кетган лавҳада журналист Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб бошпана изловчиларни Ўзбекистонда “Ҳизбут Таҳрир” диний фирқасига аъзоликда айбланаётганини айтган.

Бироқ қочқинлар ҳеч қандай диний оқимга мансуб эмасликларини айтишади.

Ўзбекистонда диний қарашлари туфайли, яъни Қуръонни мустақил ўрганишга ҳаракати ва ҳижоб ўраши туфайли таъқиб қилинаётганини айтишади.

Ҳибсдагиларнинг яқинлари ва болалари уларни Ҳайит куни очиққа чиқишига умид қилишганди.

Аммо шикоят аризасини ёзишга муддат жуда оз қолгани сабаб уларнинг тақдири яна очиқ қолмоқда.

Bu maqolani Lotin alifbosiga o'girib o'qish uchun quyidagi linkdan foydalansangiz bo'ladi.

http://www.transliteration.kpr.eu/uz/