Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Васила Иноятова: ўғлимни пичоқлаган шахс мотиви аён эмас

7 сентябр куни Тошкент марказида "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Васила Иноятова ўғлига пичоқ билан ҳужум қилган шахс қўлга олинган, бироқ Иноятова хоним ўзларига ҳужум сабаби номаълум эканини айтган.

Васила Иноятованинг айтишича, 7 сентябр тушдан кейин у ҳамда "Эзгулик" жамиятининг бухгалтери вазифасида ишлайдиган ўғли Жамшид Иноятов билан автомобилда Адлия вазирлигига йўл олишган.

Номаълум шахс автомобилда Амир Темур хиёбони яқинида уларнинг ҳаракатланишига халақит қилган ва тўхтаганларидан кейин ҳақорат қилишни бошлаган.

Васила Иноятова сўзларига кўра, ташқи кўринишидан ёши 60 лардан ошган, яхши кийинган эркак киши тўхтаганларидан кейин ўғли Жамшид Иноятовга пичоқ билан ҳужум қилган, у кўкрагини қўли билан тўсиб қолган.

Шифокорлар Жамшид Иноятов қўлининг нерв томирларига жиддий шикаст етганини айтганлар, жароҳатни ўртача экани қайд этилган.

Кечқурун Тошкент милицияси ҳужум қилган шахс қўлга олинганини хабар қилган, аммо ҳозирча унинг нима мақсадда пичоқ билан ҳужум қилгани жабрланувчи томонга маълум қилинмаган.