Ангренлик инсон ҳақлари фаолини гиёҳванд модда сақлашда айблаб ҳибсга олишган

Бугунги Ангрен шаҳри кўриниши
Image caption Ангрен шаҳри ўзининг бўшаб қолган кўп қаватли бинолари билан танилган

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари хабар беришларича, ангренлик инсон ҳақлари фаоли Матлуба Комилова иш жойида ҳибсга олинган.

Матлуба Комилова Ангрендаги Дукент ўқув-ишлаб чиқариш лицейи директори бўлган.

Гўё унинг ёнидан гиёҳванд модда топилган.

Аммо Ангрен шаҳридаги аксар жамоатчилик асл сабаб гиёҳванд моддада эмас, унинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ фаолиятида, деган фикрда.

Ҳуқуқ-тартибот органлари 50 ёшли Комилованинг ҳибсга олиниши борасида ҳеч қандай ахборот бермаяпти, дейди ангренлик инсон ҳақлари фаоли Дмитрий Тихонов.

"Матлуба Комилова Ангренда анча танилган, кўпчилик ҳурматига сазовор бўлган инсон, у узоқ йиллардан буён инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келади, бироқ у бирор бир инсон ҳақлари ташкилотининг аъзоси бўлмаган", дейди маҳаллий фаол.

Маълум бўлишича, фаолни 6 сентябр куни иш жойида ҳибсга олишган.

Ҳибсга олиш жуда "ваҳимали" кечган.

Давлат автомобил назорати ходимлари лицейга борадиган йўлни тўсишган, фуқаролик кийимидаги одамлар ичкарига киришган, Матлуба Комилованинг қўлига кишанлар солиб олиб кетишган.

Сабаби, унинг ёнидан наркотик модда топилгани, деб айтишган.

Матлуба Комилова охирги пайтда инсон ҳақлари фаоли сифатида Ангрендаги юқори мансабдаги амалдорларга боғлиқ ишларни ўрганаётган бўлган.

"У инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ҳар қандай масала билан шуғулланарди. Қаерда ким бўлиб ишлашидан қатъи назар, ижтимоий мақоми ёки миллатидан қатъи назар, ким Матлуба Комиловага мурожаат қилса, ундан ёрдам олган. У Ангренда анча қизғин фаолият юритарди. Ҳаммасидан ҳам кўра кўпроқ Матлуба Комиловага шаҳардаги юқори лавозимдаги мансабдорлар содир этаётган бебошликлар "қаттиқ таъсир қилар" ва у ўзининг имкони доирасида бу ўзбошимчаликларга қарши фаолият олиб боришга уринган", дейди Дмитрий Тихонов.

Инсон ҳақлари фаолини Тошкентга олиб кетишган, ҳозир у "Тоштурма"да сақланмоқда.