Ўзбекистон: 'ҳар бир пахта даласини ҳокимият, прокуратура, милиция қўриқлаяпти'

Елена Урлаева Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги пахта даласида олган суратлардан бири
Image caption Эрталаб портфелини кўтариб мактабга бораётгандек кўринган ўқувчи аслида пахта даласига йўл олади

Ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаеванинг хабар қилишича, Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати ҳақидаги ахборот четга чиқмаслиги мақсадида болалар пахта тераётган далаларни маҳаллий ҳокимият, прокуратура ва милиция ходимларидан иборат отрядлар қўриқлаяпти.

Бунга Елена Урлаеванинг ўзи пойтахтга яқин Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги далаларда гувоҳи бўлган.

Елена Урлаева Би-би-сига Юқори Чирчиқ туманида мактаб ўқувчилари пахта тераётгани, болаларга далага чиқаётганлари ҳақида гапирмаслик уқтирилгани, ўзининг мобил телефонидаги суратларни милиция ходимлари ўчириб ташлаганлари ҳақида гапириб берди.

"Бизнинг ташкилотимизга Юқори Чирчиқ тумани мактабларидан бирининг ўқитувчилари қўнғироқ қилишди ва болаларнинг бир неча кундан буён пахта теришга олиб чиқилаётганини хабар қилишди", дейди Елена Урлаева.

Аҳвол билан танишиш учун 19 сентябр куни Тошкент шаҳридан узоқ бўлмаган туманга борган Елена Урлаева болалар пахта тераётган далалар қаттиқ қўриқланаётганининг гувоҳи бўлганини айтди.

"Нафақат милиция ходимлари, у ерда прокуратура, хавфсизлик ходимлари, милиция ва камуфляж формадаги фуқаролардан ташкил топган гуруҳ қўлларида рациялар билан ҳар бир далани қўриқлаяпти. Кеча якшанба бўлганига қарамай, ҳам болалар, ҳам ўқитувчилар кечки соат бешгача пахта теришди. Уларни ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан иборат гуруҳ кузатиб турди. Далага деярли ўтиб боролмайсиз", деди Урлаева хоним.

"Мен орқа томондаги пахта даласига ўтдим ва эгатлардан эмаклаб болалар олдига бордим. Болаларга етганимдан кейин қаддимни ростладим ва болаларни суратга олишни бошладим", дейди Елена Урлаева.

Елена Урлаева суратларини томоша қилинг

Урлаева маълум қилишича, болалар Юқори Чирчиқ туманидаги "Янги бозор" посёлкасида истиқомат қилишади, ўша ердаги 34-мактабнинг ўқувчиларидирлар, уларни "Ўзбекистон" деб номланган фермер хўжалиги майдонига олиб чиқишган.

Вояга етмаган пахтакорларнинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига айтишларича, ҳозир мактабларида биринчи синф ўқувчиларига ҳам дарс ўтилмаяпти, боиси ўқитувчилар пахта териш билан бандлар.

"Болаларнинг айтишларича, уларга пахта тераётганлари ҳақида гапириш умуман тақиқланган, уларга расмийлар мактабда дарс ўтаётганлари ҳақида гапириш кераклигини уқтиришган. Дарҳақиқат, болалар эрталаб портфелларини кўтариб мактабга борадилар, портфелларда эса дафтар-дарсликлар ўрнига, бутилкада тоза сув ва бир бўлак нон. Яъни, болалардан кўзбўямачиликни талаб қилишаяпти, буни ҳокимият қўллаб-қувватлаяпти", дейди Елена Урлаева.

"Болалар менга роса шикоят қилишди, улар тўрт кундан бери пахтада эканлари, оёқларидаги пойафзаллари пахта даласи учун мос эмаслиги, қўллари тимдаланиб кетгани, ўзларига этак беришмаётгани, пахтани халта ё қопларга теришаётганини айтишди", дейди инсон ҳақлари фаоли.

Елена Урлаева дала яқинида бирор бир ичимлик суви идишини кўрмаганини айтди.

"Ўқитувчилар биз ҳеч нарса қилолмаймиз, акс ҳолда бизни ишдан бўшатишади деб айтишди. Бироқ етиб келган мактаб директори дарҳол мобил телефонидан қўнғироқ қилиб, милиция ходимларини чақирди. Қўлимдан ушлаб олиб, уларга топширди. Мен директорга инсон ҳуқуқлари ҳақидаги китобни кўрсатсам, у "бугун якшанба, илтимосимизга биноан болалар ҳашарга чиқишган" деб айтди. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари эса менга қулоқ ҳам солишмади, мени конституцияга зид ҳаракатлар қилганликда айблашди. "Оқ олтин" стратегик хомашё, деган маънода "лекция" ўқиб беришди", деди Елена Урлаева.