'Манфаат илинжи ижодкорлар руҳий эркинлигини буғиб ташлайди...'

Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 19 йиллигини байрам қиларкан, мамлакатда шу давр оралиғида юз берган ўзгаришларга берилаётган баҳолар бу йил ҳам бир хил эмас. Кимлардир айрим йирик завод, корхона ва турли-туман биноларнинг қад ростлаётгани, бошқалари эса, тирикчилик илинжида миллионлаб фуқароларнинг меҳнат муҳожирлигига юз тутаётганига ўз эътиборларини қаратишади. Айримлар Ўзбекистон спорт, маданият соҳасида эришаётган ютуқларини тилга олишса, яна бирлари матбуот, диний эркинликлар ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволнинг қанчалар абгорлигига диққат қилишади. Хўш, 19 йил мустақиллик оддий ўзбекистонликларнинг касбий ва шахсий ҳаётларида қандай кечди? Биз ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари ўзбекистонлик турли касб соҳалари вакилларининг бу борадаги фикрларини веб саҳифамиз орқали эътиборингизга ҳавола этиб борамиз. Навбатдаги қаҳрамонимиз ҳозир муҳожиротда яшаётган ўзбекистонлик таниқли шоир Ёдгор Обид:

Қисқа суҳбат давомида адабиётимиз бошидан кечирган жараёнларни чуқур таҳлил қилиш имконсиз. Шунинг учун гапларимиз бироз юзакироқ, умумийроқ кўриниши мумкин. Шундай бўлса ҳам, баъзи айтиш зарурати бор бўлган нуқталарни иложи борича очиб беришга ҳаракат қиламиз. Адабиёт тарихининг жамият тарихи билан узвийлиги бор. Сабаби маълум – у жамият руҳини, ҳаётини ўзида акс эттиради. Шуни ҳисобга оладиган бўлсак, аввало жамиятимиз ҳаётида рўй берган муҳим ўзгаришларни четлаб ўтиш нотўғри бўлади. Жамиятнинг икки қутбдан иборатлиги янгилик эмас. Советлар даврида ҳам бу икки қутб – ҳукмдорлар ва мазлумлар қутблари мавжуд эди. Кейинги 19 йил давомида бу икки қутб орасидаги чегара чизиқлари кўзга яққол ташланадиган даражада кескин кенгайди. Жамият ҳаётидаги бу ҳолатни адабиёт жараёнида ҳам кўриш мумкин. Шоирлар, ёзувчилар, адабиётшунослар шу ўзлари яшаб турган жамиятнинг таркибий қисми сифатида икки қутбга бўлиндилар – бир қисми ҳукмдорларга хизмат йўлини танлади. Маълумки, манфаат илинжи ижодкорлар руҳий эркинлигини буғиб ташлайди. Эҳтиёж – маддоҳликка бошлайди. Уларнинг ижодларига назар ташласангиз, Сталин даври ижодкорларининг ижодларини эслатади. Мисол сифатида парчалар ўқиб кўрайлик, бири ёзади:

“Дедилар, жаҳонга буюк юртбоши

Парвоз айлаганди қайси маводан?

Жавоб бердиларки, ҳурлик қуёши

Балққанди даставвал Қашқадарёдан”.

Ёки яна битта мисол:

“Дарё бўлиб жўшган эди завқи улуғ,

Байрамингда севинч кўз ёшингга тўлиқ

Юртим, деган жасур юртбошингга қуллуғ

Унга қанот бўлай десанг, халқ бўл элим!”

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Айтиб қўяй, улар оддий, қофиябоз маддоҳлар эмас. Аллоҳ берган катта истеъдод эгалари. Бундайлар насрда ижод қилаётганлар орасида ҳам анчагина. Бу – биз тушуна олмаётган нарсалар. Лекин Ватанда яшаётганларнинг ҳаммаси ҳам шундай, деган гап эмас. Юсуф Жума, Дилмурод Саййид каби ажойиб шоир, ижодкорлар юртда, қамоқхоналар азобини тортиб ётишибди. Чоршам, Дилором Исҳоқова, Йўлдош Эшбек, Баҳром Ғойиб каби шоирлар, Зоҳир Аълам, Ботир Норбой, Нусрат Раҳмат каби кўплаб ижодкорлар ихтиёрий қуллик йўлидан кетишмади. Бугунгидек бешафқат диктатура шароитида ҳам руҳий эркинликларини сақлаб қололдилар. Кейинги 19 йил тарихга катта фожеалар даври бўлиб кирса ажаб эмас. Ўзбекистонда кимидир қамалмаган оилани топиш қийин. Айниқса, Андижон фожеаси, Ўш фожеаси сабабли қанчадан-қанча одамлар чет эллардан бошпана излашга мажбур бўлишди. Улар қаторида кўплаб ижодкорлар ҳам бор. Яхши ижод қилишяпти. Албатта, ҳаммасини битта қолипга солиб, ўлчаб бўлмайди. Муҳими – қўлларидан келганча ҳаракат қилишяпти. Бир-иккита шоирга қисқа муддатли стипендия белгиланган экан, Австрияга келишди. Андижон воқеалари ҳақида сўраганимда, “Билмаймиз, хабаримиз йўқ,” деб жавоб беришди. Бутун дунёнинг хабари бор нарсадан шу Ватанда яшаб турган шоирларнинг хабари йўқ. Балки шундайдир. Халқ бошига тушган фожеалар ҳақида асосан чет элдагилар ёзишяпти. Жанубий Қирғизистон фожеалари ҳам адабий жараённинг муҳим бир қора нуқтаси бўлиб улгурди. Бунда ҳам асосан чет элда яшовчи журналист, шоир ва ёзувчилар ижодлари кўзга ташланади. Ватан ичидан садо йўқ. Жиноятни яшириш ҳам – жиноят. Жиноятни кўриб туриб, кўрмаганга олиш, индамай ёнлаб ўтавериш, ўзларини гул ва булбулларга маҳлиё қилиб кўрсатиш ҳам жиноятни яширишнинг бир усули, холос. Мен баъзи танқидий фикрларимни билдирдим. Бу – ғоявий масала. Шахсий муносабатларнинг алоқаси йўқ. Кўпинча зиёлийлар ҳақида гап кетганда, баъзилар умумийлаштириб юборадилар. Бу – катта хато. Зиёлийлар бир хил эмас.