Ўзбекистон: Инсон ҳуқуқлари фаолига қарши узоқ йиллик ҳукм ўз кучида қолди

Image caption Яна 13 йилга ҳукм этилган Ғайбулло Жалилов ҳозир шундоқ ҳам 9 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда

Қашқадарё вилоят Жиноий Ишлар бўйича маҳкамаси жорий пайтда 9 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган инсон ҳуқуқлари фаоли Ғайбулло Жалиловнинг шикоят аризасини кўриб чиқиб, уни яна 13 йилга озодликдан маҳрум этишга оид яна бир ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Норасмий Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг (ЎИҲЖ) Қашқадарё вилоятидаги фаол аъзоларидан бири бўлган Ғайбулло Жалилов шу йилнинг август ойида бўлиб ўтган маҳкама жараёнида Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159- моддаси "а" ва "б" бандларида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбланганди.

Айблов томони эса, у 2009 йилнинг 5 сентябридан бери қамоқда бўлса-да, ўзи туғилиб ўсган қишлоғида ёшларга диний сабоқ берган ва бу билан Ўзбекистон Республикаси Конституцион тузимига тажовуз қилган, деган хулосага келганди.

Бироқ судланувчи ўзи бўйнига қўйилаётган айбларни тан олмаган ва уларнинг ғирт туҳмат эканлигини таъкидлаганди.

4 августда чиқарилган маҳкама ҳукми ортидан Ғайбулло Жалиловнинг ҳимоячиси шикоят аризаси билан чиққан ва Қашқадарё вилоят Жиноий ишлар бўйича маҳкамаси унинг аризасини 28 сентябр куни кўриб чиққан.

Норасмий Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзолари энди Ўзбекистон Олий маҳкамасига шикоят аризаси билан чиқиш ниятида эканликларини айтишмоқда.

Жамият бундан аввал Ғайбулло Жалилов устидан бораётган маҳкама жараёни қонунга хилоф тарзда ёпиқ ўтказилаётгани ва ҳаттоки, унинг яқин қариндошлари ҳам суд залига деярли киритилмаётгани ҳақида маълумот берганди.

Ғайбулло Жалилов илк бор 2009 йилнинг 5 сентябрида ҳибсга олинган ва у билан бирга яна бир неча киши жиноий гуруҳ ташкил этиб, террорчилик хуружини режалаштирганликда айбланишганди.

Ўша пайтда қўйилган айбловларга кўра, улар Қарши шаҳри аэропорти ва "Хонобод" ҳарбий базасини портлатишга тил бириктирган бўлишган.

На яқинлари, на адвокатлари иштирок этган маҳкама жараёни Бухоро шаҳрида ўтказилган, ҳакам Ғайбулло Жалиловни тўққиз йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарганди.

Инсон ҳақлари фаоллари Ғайбулло Жалиловнинг ҳибсга олиниши ва сақланиши, унинг устидан бўлиб ўтган маҳкама жараёнларида Ўзбекистоннинг амалдаги қонунлари қўпол бузилганига эътибор қаратишади.

Шу йил июн ойида қамоқхонадан чиқарган мактубига таяниб, яқинлари Ғайбулло Жалиловнинг кўзи кўрмай қолаётгани, йўтал хуружидан азобланаётгани, кийим-бош ва дори-дармонга муҳтожлиги ҳақида айтишганди.

Сўнгги маҳкама жараёни ортидан Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилоти ҳукмни қоралаб чиққан ва "сохта айбловлар билан маҳкамага тортилган Ғайбулло Жалиловнинг айби исботланмагани учун у зудлик билан озод қилиниши керак"лигини айтганди.