Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Марказий осиёлик ҳимоячиларнинг ўзлари ҳимояга муҳтож, ёрдам беринг'

Дунёнинг бир қатор нуфузли инсон ҳақларини сақлаш ташкилотлари Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Варшава йиғини муносабати билан қўшма баёнот чиқариб, Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг аҳволларига эътибор қаратишни сўрашган.

Қўшма баёнот Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти, Бўлғористон, Москва, Ҳолландия, Норвегия ва Польша Хельсинки қўмиталари ва Civil Rights Defenders каби халқаро ташкилотлар томонидан чиқарилган.

Инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ОХҲТининг 3-4 октябр кунларига режалаган йиғини кун тартибидаги асосий масалалардан биридир.

Қўшма баёнотда айтилишича, "Марказий Осиёда ҳуқуқбузарлик ҳолларини аниқлаш ва жавобгарларни маҳкамага тортишда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари муҳим ўрин тутишади. Аммо бунинг учун яхшигина ҳақ тўлашларига тўғри келади".

"Фаоллар қўрқитишлар, таҳдидлар, ошкора айбловлар нишонига айланишади, уларга қарши сиёсий важларга асосланган айбловлар илгари сурилади, қамоққа олинишади, қийноқ ва шафқатсиз муносабатларга дучор этилишади ҳамда мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишади. Яқинлари ва танишлари ҳам таъқибларга учрашади," дейилади қўшма баёнотда.

Ўзбекистон ҳақида сўз кетганда, бор-йўғи 2 тагина инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилотининг расман рўйхатдан ўтказилгани, таъқиблар сабаб кўплаб фаоллар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишгани, яна ўндан ортиқроғининг сохта айбловлар билан қамоқхоналарда эканликлари, уларга босим ўтказиш учун бўҳтон қилганликка оид фуқаровий даъволар уюштирилиши тилга олинади.

Қўшма баёнотда Ўзбекистон ҳукумати сиёсий важларга асосланган айбловлар остида қамоққа ташланган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини озод этиши, бўҳтон қилганликка оид фуқаровий даъволар билан фаолларнинг жазоланмасликларини кузатиб бориши шарт экани айтилади.

Халқаро ташкилотларга кўра, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг ҳимоясини яхшилаш ва кучайтириш учун ОХҲТининг махсус вакили тайин этилиши лозим. Ҳамда уларнинг ҳимояси масаласига ОХҲТининг декабр ойига режаланган саммити чоғида ҳам алоҳида эътибор қаратилиши керак.

Биз Ўзбекистондан инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов билан боғланиб, халқаро ташкилотларнинг бу каби ташаббусларига муносабатини сўрадик.