Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон: 'Америка овози' мухбирининг маҳкама жараёни қолдирилди

Image caption Журналист Абдумалик Бобоев ўзига қўйилаётган айбловларни тан олмаган

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, "Америка овози" радиосининг мухбири Абдумалик Бобоев устидан бугунга режаланган маҳкама жараёни номаълум муддатга ортга сурилган.

Журналист Бобоевга қарши бир қатор айбловлар, жумладан, "туҳмат", "ҳақорат", давлат чегараларига оид қонунларни бузиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш бўйича жиноий иш очилган.

Тергов жараёнида уларнинг мутлақ нотўғри эканини айтиб, Абдумалик Бобоев ўзига қарши илгари сурилаётган айбловларни тан олмаган. Журналистнинг ишини яқиндан кузатиб бораётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам унга қўйилаётган айбларнинг сохта эканини айтишади.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти яқинда кескин баёнот билан чиқиб, Ўзбекистон ҳукуматини журналист Абдумалик Бобоевнинг тақдирига ҳам эътибор қаратишга ундаганди.

Халқаро ташкилот Ўзбекистонда журналистларга қарши давом этаётган таъқиблар ва тайзиқларни қоралаб, ОХҲТининг матбуот эркинлиги бўйича мажбуриятлари ва тамойилларига биноан, улар ўз профессионал фаолиятларини тўсиқларсиз амалга оширишда эркин бўлишлари кераклигини эслатганди.

Ўтган ой охирида бир қатор хорижлик журналистлар ҳам Абдумалик Бобоевни қўллаб Ўзбекистон ҳукуматига очиқ хат йўллашган ва унинг Ўзбекистондаги тузумнинг навбатдаги қурбонига айланишидан хавотир билдиришганди.

Абдумалик Бобоев Америка томонидан молияланувчи "Америка овози" радиосининг штатсиз мухбири бўлиб ишлаган.

Биз Ўзбекистондаги диний ва сиёсий маҳкамаларни кузатиш лойиҳаси раҳбари Суръат Икромов билан боғланиб, сўнгги хабар тафсилотлари билан қизиқдик.