Ўзбекистон: ҳижобга қарши янги кампаниями?

Ўзбекистонда ҳижоб ўраган аёлларга нисбатан расмийлар қўл ураётган амаллар мамлакатда ҳижобга қарши янги кампания деб баҳоланмоқда. Ўзбекистонда истиқомат қилаётган кишиларнинг айтишларича, олдин мактаб ўқувчилари, талаба қизларга нисбатан кузатилган бундай тақиқлар энди уларнинг оналарига ҳам нисбатан ҳам қўлланилаяпти. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари аёллари ва оналари ҳижобсиз юриши кераклиги ҳақида ўзларига қатъий тавсиялар берилаётганини айтмоқдалар. Ўзбекистонлик мустақил журналист кузатувлари:

Тошкент кўчаларида бир йил олдин ҳам ҳижобли аёлларга кўзингиз бот-бот тушарди. Аммо ҳозирга келиб ҳижоблилар сувга синггандек камайиб қолишган.

Мактаб ўқувчиларидан тортиб, ишчиларгача ҳижобга оммавий киришаётган эди. Аммо бир неча йиллардан буёе олиб борилаётган авратни ёпишга қарши кампания бу йилдан бошлаб ўзининг энг ашаддий формасига киргандек.

- Келинойим ҳижобдалар, мактабдаги боласига ўқитувчилари "агар оналаринг ўранган бўлса, сизларни мактабдан ҳайдашга мажбурмиз", дейишибди, - дейди тошкентлик бир аёл.

Ушбу оила онанинг ҳижобда эканлигини ота-оналар мажлиси орқали билиб олишлари мумкинлиги боис, мажлисга энди фақат дадасини юбориш орқали муаммони ечмоқчи.

Бундай антиқа тақиқнинг юқоридан берилгани ёки мактаб раҳбариятининг тепадагиларга ёқиш учун ўз ташаббуси билан ўйлаб топгани номаълум. Аммо мана бир неча йиллардан бери, ҳижоблиларнинг мактаб ва университетга олинмаётгани ё-да мажбуран ечтирилаётгани бор гап.

"Ҳижобга қарши кампания ишхоналарга ҳам етиб келди", дейди Тошкентдаги корхоналардан бирида ишлайдиган бир ишчи.

- Корхонада учта ўранган аёл ишларди. Бир куни раҳбаримиз келиб, "мен ҳукуматингизнинг мақсадини ҳеч тушунмадим, сизларнинг ҳижобларингизни ечишни талаб қилаяпти. Мен сизларни бунга мажбур қилмайман, аммо менинг ҳам иложсиз вазиятда қолганимни тўғри тушунинглар", деди. Раҳбаримиз чет эллик ва устига намозхон бўлгани учун унинг қандай ҳолатга тушганини тушунгандай бўлдим, - дейди бу киши.

"Раҳбарнинг бу гапи, ҳижоблиларга нисбатан ғайирлик билан қарайдиган "отдел кадр" бошлиғига худо берди. "Отдел кадр" нафақат ҳижоб ечишни, балки бу ишчилардан енги елкагача қирқилган кўйлак кийиб келишни талаб қила бошлади. Ўранганлардан иккитаси аввалига ҳижобини рўмолга алмаштирди. "Отдел кадр"нинг кейинги талабидан кейин эса уччаласи ҳам ишдан бўшаб кетди", деб гапини давом эттиради у.

Ҳукуматнинг бунчалар ҳижобдан қўрқишига нима сабаб бўлиши мумкин деб атрофимдагилардан жавоб излашга ҳаракат қиламан.

- Ёшлар ҳижоб модаси таъсирига тушиб қолишганди. Ҳижобни диний қарашлардан эмас, балки урфга киргани учун тақувчилар кўпайиб кетганди. Мен ҳижоб эътиборни ўзига тортмайдиган бўлиши керак деб биламан, аммо ҳижоблар ҳамма ёқни босиб кетди. Тасаввур қилинг, ўта ялтироқ ўралган рўмол, тор шим, бўксагача қирқилган кўйлак ва пошнали туфлида юрган қизни қандай қилиб тақволи дейиш мумкин. Кўчадаги қарамайман деган эркакни ҳам ўзига қаратади-ку улар, - дейди зиёли бир аёл.

Давлат органларида ишлайдиган ходимлардан бирининг фикрича, ҳукумат фақатгина модага кирган ҳижобга эмас, умуман диндорларга нисбатан кенг кўламли кураш олиб бормоқда.

- Мажлисларимиз мавзулари ҳам тобора кўпроқ динга боғлиқ бўлиб бормоқда, - дейди милиция зобитларидан бири. - Аёлингиз ва ҳаттоки оналаринг ҳижобга кирмаганми, дея бот-бот сўрайдиган бўлиб қолишди. Ушбу таҳдидлардан бундай одамларнинг милиция сафида хизмат қилишга нолойиқ деган ишорани пайқаб олиш қийин эмас, - дейди у.

Ходимларининг ишдан ташқаридаги бўш вақтлари ҳам раҳбарият томонидан қаттиқ назоратга олинадиган кўринади. Бир қарашда ҳукумат қандайдир кўринмас душман билан мувафаққиятли олишаётгандек.

- Орамизда Жума намозига борадиганлар бор эканми, деб мажлисларда кинояли сўрашлар Жума намозига борадиганларни ўйлантириб қўйди. Энди Ҳайит намозига ҳам қўрқиб борадиганга ўхшаймиз. Бу кетишда Шўролар даврида бўлгани каби ишга келгач, рўза тутмаганлигимизни исботлаш учун бир қултум сув ичишга мажбур қилишмаса эди, дейди тошкентлик ҳуқуқ-тартибот органи ходими.

Давлат телевидениесида эса ойда камида бир марта ҳижобли аёлларнинг нақадар ёмонлиги, уларнинг ўй-хаёлида фақат тинчликка раҳна солишдек ғоялар урчиши ҳақида ташвиқот кўрсатувларини намойиш этиш доимий режага киритилган.

Унда маҳкум ва маҳкумалар "Ҳизбут-Таҳрир", "Жиҳодчилар" каби гуруҳларнинг аъзолари эканлигини ва мақсадлари одамларнинг тинчлигини бузиш эканлигини "ўз хоҳишлари" билан айтишади.

Бундай кўрсатувлар оддий одамларга шундай таъсир қилмоқдаки, уларнинг наздида ҳақиқатдан ҳам ўранганлар ўта шубҳали ва бир бузғунчиликни ўйлаб ҳижоб кийишган.

- Олти ойча олдин эшонимизнинг таклифи билан ҳижобга киргандим. Аммо телевизорда ҳижоблиларни ёмон деб кўрсатишганидан кейин маҳаллада юролмай қолдим. Бу гапларни эшонга айтганимдан сўнг, ҳижобимни ечишга рухсат берди, - дейди олис туманлардан бирида яшайдиган аёл.

- Ҳозир мусулмонларга нисбатан қаттиқ синов келди. Иймонини ўйлаган одам номусини сақлаб қолиш учун лозим давлат структаларидаги ишдан воз кечаяпти. Ҳижоби учун тақиқ бўлгани боис кўчага чиқмаяпти. Хуллас бу синовдан ҳамма ҳам эсон-омон ўта олмаяпти. Шундай бўлса ҳам йўлини топиб, қизларимизни мактабда ҳижоб билан ўқитаяпмиз, - дейди тадбиркорлик билан шуғулланувчи киши.

Яқинда ташкил этилган ҳуқуқий маслаҳатлар берадиган мустақил интернет нашрининг ҳам энг кўп сўраладиган саволлари ҳижоб ҳақида бўлмоқда.

- Айтишларича, бу йилдан мактабларга рўмолда келган қизларнинг ота оналарини жиноят кодексининг қайсидир моддаси билан қамашар экан. Шу ростми?, - дея сўрайди Соҳиба исмли мухлис.

Албатта www.adolat.net da берилган жавобда жиноят кодексида бундай банд йўқлиги айтилган. Бундай талаб Ўзбекистон конституциясига ва мамлакатнинг бошқа қонунларига зид эканлиги ёзилган. Ҳатто бундай ҳолатда маҳкамага мурожаат қилиш кераклиги уқтирилади.

Бироқ бу жавоблар муаммога дуч келаётганларга таскин эмасдек кўринади.

- Яхши жавоб бўлибди. Аммо ҳаққини қонунлардагидек талаб қилиб чиққан одам адолат топармикан? Бизда қонун устуворлиги нечоғлик таъминланганини яхши биламиз, - деб тушкун фикр билдиради Бунёд исмли интернет саҳифа ўқувчиси.

Рўза вақти тамаддихоналарда ифторлик қилишни тақиқлаш, тақволи инсонларга қарши олиб борилаётган тазйиқлар, ҳижобга ва намоз ўқишга нисбатан ўзига хос курашлар диндорларнинг олдидаги ибодат қилиш учун муқобил йўлларни қолдирмаяти, деган фикрларни Ўзбекистонда тез-тез эшитиш мумкин.

- Диндорларнинг олдида Тожикистон орқали Афғонистонга чиқиб исломий жангари гуруҳларга қўшилишдан бошқа йўли қолмаяпти, - дейди овозини пасайтириб, атрофига қараб олган йигит.

Сиз Ўзбекистондамисиз?

Мақолада илгари сурилган ўзбекистонлик мустақил журналист кузатувларига муносабатингиз қандай?

Ўз фикр-мулоҳазаларингизни uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга йўллашингиз мумкин.

Ёки ушбу саҳифа пастидаги махсус формадан фойдаланинг.

Мулоҳазаларини SMS шаклида юборишни истаганлар учун телефон рақамимиз: + 447786201124

Ўзбекистонда bbcuzbek.com га кириш йўли uzbekweb.net орқали