Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тошкентда журналист Абдумалик Бобоев ҳимоясига пикет ўтказилди

"Ўзбекистонда ҳалол ва адолатли сайловлар учун" норасмий жамоат бирлашмаси раҳбари Абдулло Тожибой ўғли "Америка овози" радиоси мухбири Абдумалик Бобоевга нисбатан суд жараёнини тўхтатиш талаби билан Ўзбекистон Бош прокуратураси олдида норозилик акцияси уюштирган.

Абдулло Тожибой ўғлининг айтишича, "Ўзбекистондаги халқаро ва маҳаллий журналистларга қарши ясама ҳужжатлар билан жиноий иш қўзғаб, уларнинг жиноий жавобгарликка тортилишидан ниҳоятда ташвишдалар".

Акция ташкилотчисига кўра, худди шу сабабдан ҳам олиб борилаётган бу каби сиёсатга ўз норозиликларини билдириш учун Ўзбекистон Бош Прокуратураси биноси қаршисида норозилик акцияси ўтказишга қарор қилишган ва журналист Абдумалик Бобоевнинг маҳкамаси жараёнида ўз чиқишларини давом эттириш ниятидалар.

Ҳимоячисининг ишни олиб боришдан воз кечиши ортидан, журналист Абдумалик Бобоевнинг 4 октябрга режаланган маҳкама жараёни кеча номаълум муддатга қолдирилганди.

Журналист Бобоевга қарши бир қатор, жумладан, "туҳмат", "ҳақорат", давлат чегараларига оид қонунларни бузиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш каби айбловлар илгари сурилган.

Унинг ишини яқиндан кузатиб бораётган маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам журналистга қўйилаётган айбларнинг "сохта" эканини айтишади.

Абдумалик Бобоевнинг суди арафасида Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ва қатор хорижий журналистлар Ўзбекистонда журналистларга қарши давом этаётган таъқиблар ва тазйиқларни қоралаб, кескин баёнот билан чиқишганди.

Куни-кеча Америка Қўшма Штатларининг расмий вакили ҳам баёнот билан чиқиб, Абдумалик Бобоевга қарши таъқибларни қоралаган.

Американинг ОХҲТи қошидаги элчиси Иэн Келли мамлакати Ўзбекистондаги оммавий-ахборот воситаларининг эркинлиги билан боғлиқ вазиятдан жиддий хавотирда экани, журналист Абдумалик Бобоевга қарши илгари сурилган ва аксарияти журналистик фаолияти билан боғлиқ айбловлар, айниқса, ташвишга лойиқ эканини айтган.

Биз норозилик акцияси иштирокчиси Абдулла Тожибой ўғлини суҳбатга чорлаб, чиқиш тафсилотларини сўрадик.