Ўзбек рақс санъатининг энг ёрқин намояндаларидан Галия Измайлова оламдан ўтди

Image caption 'Галия Измайлова ижро этмайдиган рақснинг ўзи йўқ эди'

Ўзбек балет ва рақс санъатининг устаси, Ўзбекистон Халқ артисти Галия Измайлова 87 ёшида оламдан ўтди.

Миллий ва Оврўпо мумтоз санъатининг ўзига хос нозикликларини чуқур ўрганган санъаткор замонавий рақс санъатининг энг ёрқин намояндаларидан бири эди.

Галия Измайлова ўзининг ноёб иқтидори ва олиймақом ижрочилик санъати билан Ўзбекистонда ўзига хос ижод мактабини яратган, қанчадан қанча шогирдларни тарбиялаб, катта санъат майдонига олиб чиққанди.

Унинг раққосалик маҳоратига тан бермайдиганлар орамизда камдан кам бўлса керак.

Ўз ижодий фаолиятини 1941 йилда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик театрида бошлаган Галия Измайлова ўз умри давомида Ўзбекистонда балет ва опера санъатини ривожлантиришда мислсиз ҳисса қўшган.

Ўзининг шарқона ва ғарбона услубда ижро этган рақслари билан доврўғи Ўзбекистон қолиб, бутун дунёга таралган.

Ўзбекча, хитойча, арабча, ҳиндча,...рақслари билан дунёнинг деярли тўрт қитъасини лол қолдирган.

Галия Измайлованинг “Муножот”, “Тановар” ва “Дилхирож” каби миллий рақслари Ўзбекистон маданияти ва санъати тарихида ўчмас из қолдирган.

Таниқли раққоса Ўзбекистон Халқ артисти, СССР Давлат мукофоти совриндори, “Меҳнат шуҳрати”, “Дўстлик” ордени ва “Шуҳрат” медали соҳибидир.

“Галия Измайлованинг улкан хизмати шундаки, у ўзбек миллий санъатини мумтоз санъат билан уйғунлаштиришга муваффақ бўлган. У мумтоз рақс санъатини мукаммал эгаллаган, ўз ишининг устаси, миллий рақслар, миллий анъаналар ва миллий санъатга ҳақиқатда меҳр қўйган санъаткор эди. У ўзбек санъатининг энг буюк намояндаларидан бири эди. Агар, Галия Измайловани Англияга келтириб қўйсангиз ҳам, уни худди Ўзбекистондагидек ҳурмат қилишарди. У ижро этмайдиган рақснинг ўзи йўқ эди. Шунинг учун ҳам уни Ўзбекистон қолиб, Япониями, Америка ҳамма ерда билишарди. Галия Измайлова инсон сифатида ҳам ажойиб инсон эди, каттаю кичикдан ўз ёрдамини ҳеч қачон дариғ тутмасди. Жудаям қалби буюк инсон эди,” дейди Би-би-си билан суҳбатда Галия Измайловани яқиндан билган ўзбекистонлик балетмейстер Зина Мамедова.

“Ажойиб раққосанинг ёрқин хотираси қалбларимизда абадий сақланади,” деб айтилади расмий таъзияномада.