'Хонобод жамоаси" гуруҳи аъзолари Ўзбекистонга экстрадиция этилди

Россия Федерал Хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, мамлакатнинг узоқ шарқдаги марказий шаҳри - Владивостокдан Ўзбекистонга "Хонобод жамоаси" номли Исломий гуруҳ аъзолари экстрадиция қилинганлар. Маълумотда айтилишича, ушбу гуруҳ аъзолари Владивостокда мусулмонларни Афғонистон ва Покистондаги жангарилар жамлоқларига ёллаш билан шуғулланган. Хўш, нима учун Ўзбекистонга экстрадиция қилинганлар "Хонобод жамоаси" аъзолари деб номланган? Биз ушбу савол билан Москвадаги "Мемориал" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Виталий Паномарев билан боғландик:

Виталий Понамарев: Владивостокда бир гуруҳ одамлар Исломий китобларни ўқишган, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига боғлиқ одамлар ҳақидаги ва яна бошқа турдаги хорижий видео тасвирларни томоша қилишган. Владивостокда ҳали 2007 йилдаёқ 10 одамга диний айбловлар билан ҳукм ўқилганди. 2009 йилда Андижоннинг Хонобод шаҳридаги портлашлар ортидан яна тўрт одам ҳибсга олинади. Улардан бир нафари ўтган йили Ўзбекистонга топширилди. Бундан ташқари ўтган йили Москвада уч ўзбекистонлик қўлга олинди. Улардан камида бир нафари "Хонобод жамоасига" аъзоликда айбланиб, қидирувда бўлган. Аммо бу ҳақда ҳеч жойда хабар қилинмаганди.

Би-би-си: Нима учун етти нафар ўзбекистонликнинг Владивостокда қўлга олиниб, ватанларига экстрадиция этилганлари орадан анча вақт ўтиб хабар қилинаяпти? Нима учун олдин бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаганди?

Виталий Понамарев: Бу ерда кишини жуда ҳам таажжубга соладиган нарсалар ёзилган. Биринчидан, экстрадиция қарори маҳкамада олинди, деб айтилган. Лекин экстрадиция қарорларини маҳкама эмас, балки Бош прокуратура олади. Менимча, қўлга олинган 7 нафарнинг ҳаммаси ҳам қидирувда бўлмаган. Уларни афтидан маъмурий жазо сифатида мамлакатдан чиқариб юбориш қарори олинганда, кейин ими-жимида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари қўлига топшириб юборганлар. Умуман олганда, Владивостокдан Ўзбекистон фуқароларини илк бор экстрадиция қилишаётганлари йўқ. Адашмасам, ҳали 2006 йилда бир ўзбекни Қашқадарёга экстрадиция қилишганди у ердан.

Би-би-си: Нима учун экстрадиция этилганларни айнан "Хонобод жамоати" аъзолари дейишяпти?

Виталий Понамарев: "Хонобод жамоати" истилоҳининг қўлланиши бу ерда қанчалар ўринли билмайман. Владивостокда, ҳақиқатдан ҳам, асли Хонободдан бўлган бир неча одамлар яшашган. Улар тез-тез учрашиб, бирга ибодат қилишган, диний мавзуларни муҳокама этишган. Уларнинг бир қисми қидирувда бўлган. Хонободдаги портлашлардан кейин Ўзбекистон ҳукумати уларни бу портлаш ларга боғлашга тушган. Бизга маълум бўлганлари шулар. Биз уларнинг ҳатто аниқ исмларини ҳам билмаймиз, афсуски. Владивостокда умуман олганда каттагина ўзбек жамоаси бор. Улар, эсимда бор, Андижон воқеаларидан кейин намойишлар ҳам ўтказишганди.