Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Варшавада норозилик намойиши давом этаркан, Қозоғистон ҳақ эканини айтган

Ўттизга яқин ўзбек қочқинини Ўзбекистонга қайтариб юбормаслик талаби билан Варшавада намойиш уюштираётган Қочқинларни Ҳимоя қилиш қўмитасининг чиқишига жавобан Қозоғистон ўз қарорида ҳақ эканини яна бир бор таъкидлаган.

Қозоғистон томони Ўзбекистон Бош прокуратурасининг талабларини текшириб чиқиб, ўринли деб топганликлари, Ўзбекистон томони лозим далиллар билан таъминлагани ва Минск шартномаси асосида уларни ортга экстрадиция этиш учун ҳибсга олинганликларини айтган.

Кеча расмий қонун-қоидалар доирасида намойиш иштирокчиларининг Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Варшавада бўлиб ўтаётган йиғинида сўзга чиқиш имконияти берилганди.

Варшавадаги йиғинда аъзо давлатлардаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият, тинч намойишлар ўтказиш ва сўз эркинлигини амалда таъминлаш масалалари муҳокама этилмоқда.

Муҳожиратдаги ўзбекистонликлар томонидан ташкил этилган Қочқинларни ҳимоя қилиш қўмитаси Варшавадаги йиғин муносабати билан кеча ўз норозилик намойишларини бошлаган ва эртага ҳам ўз чиқишларини давом эттириш ниятида.

Намойиш ташкилотчиларига кўра, Ўзбекистоннинг талабини бажариб, Қозоғистон инсон ҳуқуқларини поймол этмаслиги лозим.

Ташкилотчилар 29 ўзбекистонлик қочқиннинг тақдирига эътиборсиз бўлмаган барча эзгу ниятли инсонларни уларнинг Ўзбекистонга экстрадиция этилишларига йўл қўймаслик учун қўлларидан келган барча чорани кўришга чақиришган.

Намойиш иштирокчилари, шунингдек, ОХҲТига аъзо барча давлатлар ва оммавий-ахборот воситаларини Қозоғистон ҳукумати ва БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигидаги қонунсизликларга эътибор қаратишга ундашган.

Бир неча йилдан буён Қозоғистон ҳудудида яшаб келган ушбу ўзбекистонликларнинг аксариятига аввал БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги томонидан "бошпана изловчи" мақоми берилган.

Аммо яқинда бу каби ваколат Қозоғистон Миграция хизматига ўтказилиши ортидан ўтган июн ойида Олма ота шаҳрида 45 нафар қочқин ҳибсга олинган.

Сентябр ойи ўрталарида худди шундай талаб билан Украина, Швейцария, Дания, Швеция ва Олмония каби кўплаб давлатларда ҳам намойишлар бўлиб ўтганди.

Ўзбекистонга экстрадиция этилиши маълум қилинган қочқинларнинг оилалари ҳам аввалроқ Қозоғистон Бош прокуратурасининг Олма отадаги идораси қаршисида қатор норозилик чиқишлари уюштиришганди.

Ҳибсда ушлаб турилган ўзбекистонликлардан баъзилари экстрадиция ҳаракатларига норозилик сифатида очлик эълон қилганликлари ҳам хабар берилганди.

Биз кечаги йиғинда чиқиш қилган намойиш иштирокчиси Фарҳод Тошмуҳаммедов билан боғланиб, йиғин тафсилотларини сўрадик.