Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Марио Варгас Ллоса ўзбек китобхонлари учун кечикди'

Нобель қўмитаси 2010 йили адабиёт учун Нобель мукофоти билан перулик таниқли ёзувчи Марио Варгас Ллосани тақдирлаган.

Нобель қўмитаси Марио Варгас Ллосани "қудрат тузилмалари, шахс қаршилилиги ва исёнининг ўткир образларини яратгани учун" олқишлаган.

74 ёшли ёзувчининг Колумбия радиосига айтишича, бу "Лотин Америкаси адабиёти, испан тилидаги адабиётнинг эътирофидир.

Марио Варгас Ллоса ўзини Нобель мукофоти билан тақдирлашларини кутмаганини айтган.

Бироқ ўзининг адабиётнинг турли жанрларидаги асарлари билан дунёга танилган ижодкор номзоди 1980 йиллардан - колумбиялик ёзувчи Габриэл Гарсиа Маркес номзоди билан бир вақтда Нобель мукофотига илгари сурилган эди.

У ўзининг юксак мукофотга сазовор кўрилгани ҳақидаги хабарни АҚШда, Принстон университетида кузги лекциялар бериб юрган кунларда эшитди.

Марио Варгас Ллосага 1963 йилда нашр этилган илк романи "Шаҳар ва кўппаклар" асари машҳурлик келтирган.

Ллоса ижодини яқиндан биладиган ўзбекистонлик таниқли ёзувчи Олим Отахон айтишича, перулик ёзувчи ижоди бир асаридан иккинчисига юксакроқ кўтарилиб келди.

1966 йилда унинг "Яшил хонадон", 1967 йилда "Итваччалар", 1969 йилда "Ибодатхонадаги суҳбат", 1973 йили "Капитан Пантелеон ва беминнат хизмат кўрсатувчилар ротаси", 1977 йили "Хулия хола ва қаламкаш", 1981 йилда "Охир замон уруши" романлари дунё юзини кўради.

Марио Варгас Ллоса 1990 йилда Перу президентлиги учун курашга киришади, бироқ Алберто Фухиморига ютқизади ҳамда мамлакатни тарк этади.

Таниқли ёзувчи Олим Отахон айтишича, Шўролар даврида Марио Варгас Ллоса асарлари Россия, Гуржистон, Озарбайжонда таржима қилинган ва нашр этилган.

"Афсуски, Хулио Кортасар сингари Марио Варгас Ллоса ҳам ўзбек китобхонлари учун кечикди", дейди Олим Отахон.