Би-би-си меҳмони - 'Бирлик' ҳаракати асосчиларидан Фахриддин Худойқулов

Фахриддин Худойқулов
Image caption Фахриддин Худойқулов асос солган ташкилот "Ўзбекистоннинг моддий ва маънавий бойликларини қўриқлаш "Эътиқод" ташкилоти деб номланган

Бугунги кунда Канадада истиқомат қиладиган Фахриддин Худойқулов 1962 йилда Самарқанд вилояти Нарпай туманида туғилган.

Тошкент Давлат университетининг Ўзбек тили ва адабиёти бўлими, Тошкент Молия институтида таҳсил олган.

Фахриддин Худойқулов ижодий фаолиятини 1983 йили "Муштум" журналида адабий ходим сифатида бошлаган.

Журналнинг Маданият бўлими бошлиғи сифатида 1990 йилгача ишлаган.

Фахриддин Худойқулов 1987 йилда ўзининг ҳаммаслаклари - асосан Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талаба дўстлари билан бирга "Эътиқод" деб номланган ташкилот тузади.

Бу ташкилотни "Ўзбекистоннинг моддий ва маънавий бойликларини қўриқлаш "Эътиқод" ташкилоти" деб аташган.

1988 йилда Ташкилот номи Ташаббус Кенгашининг таклифи билан "Бирлик" деб ўзгартирилади.

Фахриддин Худойқулов 1990 йилда Марказий Осиёдаги илк мустақил ҳафталик - "Муносабат" газетасига асос солган ва бутуниттифоқ газетаси сифатида 200 минг нусхада чоп этган.

"Муносабат" ҳафталигининг атиги уч сони дунё юзини кўрган.

Рўзнома таҳририятининг Тошкент шаҳри ҳозирги Амир Темур хиёбони четидаги, машҳур Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасига тегишли бинодаги мулки милиция томонидан мусодара қилиниб, "Муносабат" фаолияти тўхтатилади.

Кейинроқ Фахриддин Худойқулов munosabat.com интернет-нашрини ташкил этган.

У 2005 йилдан буён Канадада яшайди.

Фахриддин Худойқулов Канадада "Туркистон" нотижорий-носиёсий Ўзбеклар юртдошлик уюшмасига асос солган.

Ҳозир у ерда "Туркистон" газетасини нашр этмоқда.

Оилали, икки ўғил ва бир қизнинг отаси.

Шеърлар ёзади, таржима қилади.

Фахриддин Худойқулов билан суҳбат

Би-би-си: Дастлаб "Ўзбекистоннинг моддий ва маънавий бойликларини қўриқлаш "Эътиқод" ташкилоти"нинг тузилиши ҳақида сўзлаб берсангиз. Бу ташкилотни тузиш ғояси кимлардан чиққан?

Фахриддин Худойқулов: Бу Михаил Горбачёв қайта қуришни бошлаган пайтлар эди. Ошкоралик, демократия жуда кўп гапирилаётган пайтлар эди. Ҳамманинг кўнглида нимадир тузиш, нимадир қилиш ғайрати, ҳаракати бор эди. Биз талаба эдик. Табиийки, университетлар, институтларда бу масалалар энг кўп гапириларди. Биз ҳам тенгдошларимиз билан гаплашиб юриб, бир куни ўйладик. Дедикки: ташкилот тузайлик. Ташкилотимиз сиёсий бир кўринишда бўлмаслиги учун ташкилот олдига маънавий ва моддий бойликларимизни қўриқлаш мақсадини қўйдик. Бундай қарорга келганимизнинг боиси, у пайтда сиёсат жуда қаттиқ эди ва ҳар қандай мухолиф ташкилот тузилиши Совет ҳукуматига катта хавф сифатида қаралар эди. Натижада биз бир гуруҳ курсдошларимиз, бирга ўқийдиган йигитлар билан бизнинг уйимизда тўпландик. Адашмасам, бу 1986-йил эди. "Эътиқод" ташкилотини муҳокама қилдик. Бу ташкилот қандай бўлиши керак? У ўзининг олдига қандай мақсадлар қўйиши керак? Шундай бир тўхтамга келдикки, иккита асосий масала бўлиши керак: биринчиси - Ўзбекистонда ўзбек тили давлат тили бўлиши керак. Иккинчиси - Ўзбекистоннинг мустақиллигига интилиш масаласи. Кейин яна қўшимча масалалар ҳам бор эди. Булар пахта монокултурасига барҳам бериш, болалар меҳнатини тақиқлаш каби ўша пайтда кўп гапирилиб турган масалалар эди.

Бу ташкилот ўша биринчи бошлаган йигитлар билан давом этмади. Чунки ҳамманинг ўзининг ташвишлари, ишлари бор эди. Ҳамма ўзининг йўли билан кетди. 1987-йилга келиб уни янгидан жонлантирдик. Бу сафар Тошкент Давлат университетининг Журналистика, Ўзбек филологияси факултетлари йигитлари ёрдам беришди. Ва буни биз бошқачароқ кўринишда давом эттирдик. Уставларини ёздик. Мен ўзим ёзганман ташкилот низомини. Бошламаси шунақа бўлган. Табиийки, ҳамманинг кўнглида бу нарсалар бор эди. Биз биринчи бўлиб бошлагандирмиз балки буни ташкилот сифатида тузишни, лекин ҳамманинг кўнглида бор гаплар эди булар.

Би-би-си: "Эътиқод" ташкилотини тузган пайтда ташкилотчилар неча киши бўлгансизлар?

Фахриддин Худойқулов: Беш киши бошлаганмиз. Биз ҳаммамиз курсдошлар эдик. Энди ҳозир айрим ўртоқларнинг исмини келтириб ўтирмайман. Чунки ҳамма ҳар хил жойларда ишлаяпти. 24 йил олдинги воқеа бўлса ҳам бу кимларгадир бошқача туюлиши мумкин. Асосан беш киши бошлаганмиз. Кейинги давом эттиришимизда бошқа одамлар бўлишган. Раҳматли шоир Равшан Файз бор эди. Аъзамжон Худойбердиев бор эди. Кўпчилиги раҳматли домла Рауф Парфининг уйида тўпланиб турадиган ёшлар эди. Кейинги воқеалар сал бошқача ривожланди. Энг актив ёрдам берганлардан бири Зоҳир Аълам бўлди. Кейин биз "Бирлик"нинг биринчи йиғилиши деб аталган Ташаббус Кенгашигача олиб келдик бу масалани. аммо унгача жуда катта тайёргарлик ишлари бўлган. Кейинчалик 1988-йил ноябрида ўртага ташланди. Номини ўзгартириш шарт дейилди. "Бирлик" деган ном менга ҳам маъқул бўлди. Кейин фаолият "Бирлик" Халқ ҳаракати сифатида давом этди. То 1990 йилда биз "Бирлик"дан кетганимизгача бирга эдик.

Би-би-си: Ўқувчиларимиздан бир нечаси Сиз ташкил қилган "Муносабат" рўзномаси, унинг ижодий жамоаси ҳақида сўрашган.

Фахриддин Худойқулов: "Муносабат" ҳафталиги 1990-йилда ташкил бўлди менинг раҳбарлигимда. Ташкил этилишида ҳам, ташкил этилганидан кейин газета сонларини чиқаришда ҳам жуда кўп ажойиб дўстларимиз, укаларимиз, шогирдларимиз ёнимизда туриб, кечани кеча демай, кундузни кундуз демасдан меҳнат қилишди. Келтиришим мумкин бўлган энг яқин, оташқалб ижодкорлардан бири Қудрат Бобожон. У ҳам укам, ҳам дўстим, ҳам маслакдошим. Ундан кейин Қуронбой Матмуродов деган рассом йигитимиз бор эди. У ҳам жуда оташқалб ижодкор, яхши инсон эди. Уларнинг ёрдамида биз газетанинг биринчи сонини 1990-йил чиқардик. "Муносабат" газетаси Марказий Осиёда биринчи мустақил нашр сифатида 90-йил дунёга келди. Энди бу ўша Советлар пайтидаги энг катта воқеалардан бири эди - Ўзбекистонда мустақил матбуотнинг пайдо бўлиши. Бунга мухолиф матбуот деб қараганлар ҳам бўлди, унга бировники деб қараганлар ҳам бўлди, кимгадир хизмат қилаяпти деб қараганлар ҳам бўлди. Аслида ҳеч бири тўғри эмас эди. Биз фақат мустақил матбуот яратиш ғояси билан чиққандик. Фақат мустақил матбуот, яъни ҳеч кимнинг тарафидамас. Агар эътибор бериладиган бўлса, газетанинг нашр қилинган учта сонида ҳам биз воқеа-ҳодисаларни ўртада туриб, яъни бирон бир қўллаб-қувватлаш кўрсатмасдан таҳлил қилишга ҳаракат қилганмиз. Ва асосий ғоя, табиийки, Ўзбекистон мустақиллиги эди, яна ўша тил масаласи эди. Газетанинг чиқиши халқ тарафидан жуда жўшқин кутиб олинди. Одамлар ўз ихтиёри билан келиб, газета тарқатиб, газета олиб кетишарди. Юзталаб, икки юзталаб олиб кетишарди. Вилоятлардан, районлардан одамлар келиб газетани Тошкентдан олиб кетишарди. "Э, қандай ёздинглар буни? Қўрқмаяпсизларми?" деганлар ҳам бўлди. Лекин биз тўғри билганмиз ўзимизнинг йўлимизни. Ҳеч кимдан ҳеч нарсани яширганимиз йўқ. Очиқчасига исмимизни қўйиб, адресимизни қўйиб чиқарганмиз. Бутун қонунларга риоя қилиб, рухсатларини олиб, шартномалар тузиб газета чиқарганмиз. Яъни, қандай қонуний талаблари бўлса, ҳаммасини бажарганмиз. Бирорта жойини бузган жойимиз йўқ. Шунинг учун ҳам биз билан анча ҳаракат қилинди босим ўтказишга, бошқага. Аммо қонун нуқтаи назаридан бизга босим ўтказиш мумкин бўлган ҳеч нарса йўқ эди. Кейин мажбур бўлишди оддий қора куч ишлатиб, босиб келишга. Бизни қамал қилиб олиб, барча жиҳозларимизни, газетани компютерда чиқарардик, компютерларимизни олиб кетишди. Ундан кейин, табиий, мажбурий равишда фаолият тўхтади. Чиқарган газеталаримиз турган омборга ўт қўйиб юборишди. Кечаси газета тиражининг бир қисми ёнди, бир қисми ўчириб олинди. Аммо ҳаммасига куйинди ҳиди уриб қолди. Кейин Ёзувчилар Уюшмасидан ҳам "сизлардан жуда кўп проблема келаяпти. Энди бу ердан чиқиб кетинглар. Бўлмаса тинч қўймайди, шекилли" дейишди. Ҳамма нарсаларимизни олиб Ёзувчилар Уюшмаси биносидан чиқиб кетишга мажбур бўлганмиз. Газетанинг қолганларини уйларимизга олиб кетганмиз. Кимнинг уйида озгина жой бўлса, олиб бориб газетани қўйганмиз. Чунки газетанинг тиражи жуда ҳам катта эди - 200 минг нусха. Хуллас, шундай бир шижоатли бошланиб, шижоатли тугаган бир проект бу.