Шарифжон Аҳмедов: “Улар идеалист, қолаверса, ўтакетган индивидуалист эдилар”

Image caption Шарифжон Аҳмедов: 'Ёзиш жараёни бир муқаддас маросим каби...'

(Шарифжон Аҳмедов – 1969 йилда Андижонда туғилган. 1992 йили ТошДУ журналистика факултетини тамомлаган. Лотин Америкаси адабиёти тадқиқи билан шуғулланади. Айни пайтда Нидерландияда истиқомат қилади.)

Би-би-си: Муҳожиратда ижодкор бўлишнинг ўзига хосликлари нимада? Гашти, машаққати назарда тутилганда...

Шарифжон Аҳмедов: Бир замонлар ҳали талаба эканимизда бошланган қаламкашлик ҳали ҳам давом этяпти. Ўша пайтларда қўлдан қўймай ўқиганимиз баъзи асарлар таъсирида бўлса керак, ёки бу нарса табиий бир тарзда пайдо бўлгандир, айтайлик, Тошкент кўчаларида ёки метросида соатлаб дарбадар сайр қилиб, бошқалар эътиборидан четда бўлган, худди бошқа ўлчамда яшашда давом қилаётган бошқа бир кентнинг воқеаларини томоша қилиш ёки ўйлаб топиш машқига мубтало бўлгандик. Бу яширин ва сирли воқеалар қоғозга туширилиб, реал шаҳардан фарқли бўлган бошқа Шаҳарнинг барча манзаралари, кошоналари-ю муттасил учрашиб-ажралаётган кўнгилдошларнинг хос суҳбатлари ёзилаётган ҳикояларда барпо бўларди. Воқеа-ҳодисотлару кечинмаларга тўла у Шаҳар барча режалар учун бир адоқсиз манба каби эди.

Энди эса юртдан олисларда эканмиз, бу тадқиқотларни, Шаҳар билан боғлиқ экспериментларни бу ердаги бошқа шаҳарга - Амстердамга кўчириб ўтказишга уринишлар бўляпти. Яъни айни пайтда қоғозга тушаётган воқеаларнинг аксари энди бу шаҳарда кеча бошлади. Тошкент энди секин-аста Амстердамга сизиб ўтмоқда, дейиш мумкин. Амстердам эса бунга арзирли шаҳар. Унинг ҳурлик билан тўйинган, қарийб моддийлашган ҳавосидан нафас олишнинг ўзиёқ кўп нарсаларни ваъда қилади.

Би-би-си: Муҳожиротдаги ижодингизни сермаҳсул деб айта оласизми? Ўзбекистондаги потенциалингиз даражасида ижод қила олаяпсизми?

Шарифжон Аҳмедов: Ўзимни асло сермаҳсул деб айта олмайман. Мен учун бирор нарсани тезроқ қоғозга туширишдан кўра, ҳали туғилмаган бу ҳикояни хаёлда кўтариб юриш, ноқисликларини тўғрилаб, вужудида увада каби шалвираб турган бесўнақай сўзлардан тозалаш, дам-бадам, анча вақтга чўзилган тин олишлар муҳимроқ шекилли. Ҳамиша секинлик билан ёзаман. Ёзиб тугатиш эмас, ёза бошлаш, ёзишда давом этиш мароқли. Мен айрим сўзларни ёқтирмайман, улар ортиқча олифта сўзлар бўлиб туйилади, уларни дарҳол сезаман, улар баайни иштони думбасининг ярмига қадар тушган қорамағиз олифталарга ўхшайди. Бундайлардан аёвсиз воз кечаман. Ёзиш жараёни бир муқаддас маросим каби.

Айни пайтда, ўша айтилганидек, икки Шаҳар воқеалари бир-бирига сизиб турган аллақандай экзистенциал деймизми, бир нарсани қоралаш билан овораман. Бундан ташқари, Борхес, Кортасар ва яна бошқалардан таржималар ҳам тўхтагани йўқ.

Би-би-си: Агар муҳожиротдаги ҳаётингиздан келиб чиқиб айтсак, ижодкорлик Ватан танлайдими ё ижодкор учун қаерда ижод қилишнинг фарқи йўқми?

Шарифжон Аҳмедов: Бу саволга жавобни узоқроқдан бошласам. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида Ўзбек адабиёти бағрида янгича бир тўлқин куч олиб келаётган эди. Деярли барчаси ҳали талаба бўлган бу адабий тўлқин деймизми ёки адабий йўналиш деймизми, шунинг вакиллари шу вақтга қадар адабиётда урф бўлган, маиший даражадаги муаммоларни асосий мавзу ўлароқ олдинга сураётган ҳамда зўрма-зўраки тарзда миллийлаштиришни байроқ қилиб олган бошқа бир анъанадор оқимга қарама-қарши тарзда инсоннинг руҳий оламидаги эврилишларни тадқиқ этишни, ибтидодан бошланган жумбоқли саволларга (майли, самарасиз бўлсин) жавоб излашни афзал билди. Аслида улар битаётган асарларнинг барчаси (анъанадор адабиёт нуқтаи назаридан) эксперимент натижалари эди. Улар экспериментдан чўчишмасди. Улар ўз асарларида муайян сўзларни ҳар кўйга солиб, яширин маъноларини излаб топишдан тортиб, бир қарашда воқеалар чизиғи аввалдан маълум бўлган ҳикояларнинг кутилмаган бошқа талқинларини, якунларини тақдим этишарди. Улар атрофда, борингки жамиятда кечаётган воқеа-ҳодисалардан мутлақо четлашиб, бир нарсалар барпо этишар, гарчанд атрофдаги ҳодисалар таъсири уларнинг ёзмишларида сезилиб қолса-да, жамиятнинг бу унсурлари алоҳида олинган бир шахснинг микрокосмида “содир” бўлаётган “воқеалар” призмасидагина аксланарди. Шу кетишда бу янги адабий мактаб бир мамлакат сарҳадларини бемалол босиб ўтиб, кенгроқ миқёсда ном қозониши мумкин эди. Аммо бундай бўлмади. Айтарли кўп ўтмай бу яхлитлик тарқалиб кетди. Шундай бўлиши ҳам табиий эди, балки. Чунки, улар идеалист эдилар, бундан қолаверса, ўтакетган индивидуалист эдилар. Уларнинг барчаси ҳозир ҳар жойда. Ва умид борки, уларнинг ҳар бири ўзларининг хос, муҳташам ёлғизлик чиғаноқларига ўраниб олган кўйи бир замонлар бошланган ўз “лойиҳаларини” тобора мукаммаллаштириш билан овора деган.

Қайсидир даражада ўша адабий ҳодисага ўзимни даҳлдор ҳисобларканман, каминада ҳам индивидуализм ҳамиша устун эди. Атрофдаги, жамиятдаги ўзгаришлар таъсирини имкон қадар ичкаридаги қўрғонга яқинлаштирмаслик муҳим эди. Шу маънода, яъни кенгроқ маънода қаерда яшаб туриб ўз юмушинг билан шуғулланишнинг у қадар фарқи сезилмайди. Аммо айни пайтда киндик қонинг тўкилган юртдан олисда, бу бегона ўлкада бегона ҳаволардан нафас олиш, бегона таъмларни ҳис этиш ва кези келса, бошқа бегона туйғулар исканжасида қолиш баъзан кишига малол келади. Шундай пайтларда бу бегона нарсаларнинг бари бир бўлиб, ўз юртингни, юртнинг бағрида кечган ҳолатларингни қўмсаш туйғуларини чидаб бўлмас ҳолатга келтириб қўяди. Бундай вазиятлар, эҳтимол, кўпларимиз учун баъзи нарсаларни қоғозга туширишга рағбатни кучайтирар.

Ёзувчининг «310-хона ривоятлари» асаридан парча:

Шаҳар чиндан ҳам ҳувиллаб ётарди. Унинг барча туйнукларини чўнтакларимизга, қўйинларимизга тўлдириб олдик. Қайтгунимизча вақт алламаҳал бўлди.

Мана, биз кўчадан юриб келяпмиз. Чор-атроф зим-зиё зимистон. Қўрққанингдан рангинг дока. Пинжимга суқиласан. Улар эса (уларнинг исмлари шу — менинг қўшним ва сенинг дугонанг), уларнинг эса парвойи фалак. Шаҳарнинг чиндан ҳам ажойиблиги, унинг барча лаззатларини чўнтакларига, қўйинларига тўлдириб олганликлари ҳақда тинмай бидирлаб келишаётир. Сен эса пинжимга суқиласан. Мана, энг хатарли жойдан ўтяпмиз. Икки баланд бинонинг ўртаси қоп-қоронғу йўлак. Ўша ёқдан хавф келади.

Бу йўлак бир макон эди.

Бу макон бир юҳо эди.

Бу ерда бутун шаҳар аҳли жам бўлганди. Айни шу ҳақда ўйласам, нега, – дердим, – нега шаҳар буришиб-тиришиб қолмайди, бир томонга оғиб кетмайди?

Бу ер бир такя эди. Такя эдики, саноқсиз милтиллаган чўғлари, ўлат оралаган шаҳар фуқароларининг шивир-шивирлари бўлган, ҳозир, мана шу айни чоғда биз қаршисидан ўтиб бораётган — сен менинг пинжига суқилган, у эса (балки улар эса) парвойи фалак алфозимизда биз қаршисидан ўтиб бораётган — бир оздан сўнг эса биз ортимизга қайриладиган ва менинг қўшним ва сенинг дугонангнинг ўша йўлак томон кетиб бораётганини, йўлакдан эса беш-олти чоғли тутун бурқситаётган қўриқчилар уларни имлаётганини — «келаверинглар, келаверинглар, ва ниҳоят» дея имлаётганини кўргач, жонҳолатда бу жойдан нари қочаётганимиз ва уйимизга етгач, ҳар биримиз — ҳар ким ўз ҳолича бошқа биримиз ҳақида ва ўз-ўзимиз ҳақида «бир кун барибир биз ҳам — мен ҳам, сен ҳам ўз йўлагимизга кетамиз» дея хаёл қилаётганимиз бир такя эди.