Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тошкентда пахта ярмаркаси бошланди, фаоллар яна бойқотга чақирдилар

Тошкентда навбатдаги пахта ярмаркаси бошланган, ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари эса бу ярмарка қатнашчилари бўлган хорижликларни Ўзбекистон пахтасидан воз кечишга чақирганлар.

Ўзбекистон пойтахтидаги ушбу тадбирда хорижлик пахта хомашёси харидорларининг янги олди-сотди шартномаларини имзолаши кутилмоқда.

Аммо Тошкентга борган чет элликларнинг эътиборини инсон ҳақлари ҳимоячилари мамлакат пахтаси қандай етиштирилаётганига қаратишга қарор қилганлар.

Тошкент пахтаси ярмаркаси иштирокчиларига очиқ хат эълон қилинган.

Очиқ хатда жумладан, шу кеча-кундузда ҳам Ўзбекистон вилоятларидаги далаларда вояга етмаганлар, мактаб ўқувчилари, ўқув юртлари талабалари арзимаган ҳақ тўланиб пахта тераётганлари айтилади.

"Халқ қашшоқ бўлиб турган бир пайтда мансабдорлар ва бошқа ҳокимиятдагилар семириб кетаяпти. Дабдабали уйлар қуришаяпти, сўнгги русумдаги автомобиллар сотиб олишаяпти, бир неча хотинлари бор. Коррупция даражаси бўйича Ўзбекистон дунёдаги биринчи ўринлардан бирини эгаллаши сир эмас. Пахта экспорти тўймас ўзбек коррупционерларининг "ҳамёнларини" тўлдириш воситаси бўлаяпти. Айни пайтда кўплаб ўзбекистонликларни иш билан таъминлаш мумкин бўлган тўқимачилик ва тикувчилик саноатини ривожлантириш учун зарур хомашёга талаб ички бозорда қаттиқ сезилиб турипти. Кўплаб тўқимачилик фабрикалари ёпилаяпти, одамлар ишларини йўқотаяптилар", дейилади инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари мурожаатида.

Бу йил Ўзбекистонда пахта сафарбарлиги бошқа йиллардагига нисбатан ҳам фаол эканини кузатиш мумкин.

Айрим кузатувчилар фикрича, бу йил жаҳон бозоридаги йирик таъминотчилар ҳисобланган Хитой ва Покистон табиий офат ва кучли тошқинлардан жабр кўрган, бу эса кейинги йил бозорда пахтага бўлган эҳтиёжни ошириши мумкин.

Айни пайтда Би-би-си олган хабарларга кўра, Андижон вилоятининг Бўз туманида пахта йиғим-теримига жалб этилган Андижон Муҳандислик-иқтисодиёт институтининг талабалари калтакланган.

Бунга институт талабаларининг кунлик пахта териш режасини бажармагани сабаб бўлган.

Андижондаги мулозимлар ҳар бир мактабдан уч тоннадан пахта териб топшириш талабини қўйишган, вилоятдаги мактабларнинг 5-синфдан юқори синфдаги ўқувчилари йиғим-теримга жалб этилган, дейди маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Жаҳонгир Қосимов.

Би-би-си билан суҳбатда Андижон Муҳандислик-иқтисодиёт институти проректори Алишер Раҳимов талабаларнинг Бўз туманида пахта тераётганини тасдиқлади, аммо ректорнинг кам пахта терганларни дўппослагани ҳақидаги иддаоларни рад этди.