Мирзо Улуғбек қадаҳи тарихдан сўзлайди...

Image caption Британия музейида сақланаётган Мирзо Улуғбек қадаҳининг ён бошига "Улуғбек Кўрагоний", кумуш қисмига эса "Парвардигорнинг марҳамати чексиздир" деган сўзлар битилган.

Жаҳон тарихининг турли даврлари ҳақида маълумот берувчи 100 анжомдан бири сифатида Британия музейида сақланаётган, улуғ олим ва мунажжим Мирзо Улуғбекка тегишли бўлган нефритдан ясалган қадаҳ ҳам танлаб олинган.

Катталиги 15 см га яқин бўлган қадаҳдан кўпроқ жомга ўхшаб кетади ва оч яшил рангдаги нефрит тошидан моҳирона ўйиб ишланган.

Марказий Осиёда ишонишларича, нефрит турли балолардан, яшин ва зилзила каби табиий офатлардан, шунингдек заҳардан ҳимоя қилар экан.

Айтилишича, нефритдан ишланган идишга заҳар солиниши билан унга дарз кетар экан.

Бу каби қадаҳнинг эгаси ундаги суюқлик хавфсиз эканлигига ишончи комил бўлиши мумкин экан.

Қадаҳнинг дастаги аждарҳо шаклида ишланган.

Қадаҳнинг ёнига араб ҳарфлари билан "Улуғбек Кўрагоний" дея битилган.

"Улуғбек Кўрагоний" ёзувини катталаштириб томоша қилинг

Қадаҳ ва ўша давр тарихи ҳақидаги Би-би-си тарих дастурида Мирзо Улуғбекнинг 1410 йилдан Самарқандга ҳокимлик қилгани, расадхона қурдириб, юлдузларни ўргангани, юнон мунажжими Птоломей маълумотларини тўғрилагани, деярли 100 юлдуз дан иборат "Зижи Кўрагоний" номи остида юлдузлар харитасини чизиб чиққани айтилган.

Мирзо Улуғбекнинг "Зижи Кўрагонийси" 17 асрда Оксфордда лотин тилига ўгирилиб, Оврўпо ва Осиё мунажжимлари орасида қўлланма сифатида фойдаланилган.

Тарихчи Беатрис Манц Мирзо Улуғбек ҳақида шундай ҳикоя қилади: "Улуғбек моҳир қўмондон эмас эди. Балкида улуғ ҳоким ҳам бўлмагандир. Аммо у фан ва маданиятнинг ашаддий тарғиботчиси эди."

Атиқашуносларга кўра, Мирзо Улуғбек ўлимидан сўнг қадаҳ қайсидир вақтда ерга тушиб кетган бўлиши мумкин, чунки дастагининг қарама- қарши томонида каттагина ёриқ пайдо бўлган.

Ёриқни кумуш ёрдамида тузатишган.

Кейинчалик, тахмин қилинишича, 17 ё 18 асарларда, яъни Мирзо Улуғбек қатлидан 300 йилча ўтиб, қадаҳнинг кумуш қисмига Усмоний турклар тилида "Парвардигорнинг марҳамати чексиздир" деган сўзлар битилган.

Ўша йиллари қадаҳнинг Истанбулга қандай бориб қолганлиги номаълум.