Сўнгги янгиланиш 21 октябр 2010 - 11:27 GMT

Ҳаёти Сирдарёга боғлиқ инсонлар ҳикоялари

Марказий Осиёда аҳоли ва истеъмол ошаётгани, иқлим исиб, музликлар эриши тезлашгани боис Сирдарё ҳамда ҳаёти унга боғлиқ миллионлаб инсонлар ва минтақа табиати келажаги хавф остида қолмоқда. Ушбу ҳадиклар ҳақиқатга неқадар яқинлигини ўрганган Би-би-си Ўзбек Хизмати Рустам Қобил тайёрлаган "Сирдарё Саёҳати" дастури Осиё Телерадиокомпаниялар Уюшмаси махсус мукофотини олди.

Ҳозирда сувсиз Жамбил қишлоғида собиқ балиқчи Тўлағай-оға қуриган денгизнинг саҳрога айланган тубига қараб болалигида унда чўмилганини, балиқ тутганини эслайди:

"Сирдарё сувини пахтага олишгани учун денгиз кетганмиш", деб қўшиб қўяди.

Юзлаб чақирим юқорида эса, Сирдарёдан сув ичадиган Қизилўрдадаги балиқчилар қуруқ қайтишаётганини, сув тортилиб, отда кечолмас дарёдан бугун ёш болалар ҳам юриб ўтиб кетишаётганини айтишади.

Ўзбек ва қозоқ деҳқонлари эса, дарё суви боис тирик деҳқончилик кун сайин сув етишмаслигига юз тутаётганидан хавотирдалар.

Узоқ йиллик тинимсиз пахтачилик ва дренаж қудуқлари ишламаслиги боис ер ости шўр сувлари кўтарилган ва ҳатто дарё бўйидаги Фарғона водийсида ҳам бутун бошли қишлоқларни оппоқ туз қоплаган. Уйлар емирилмоқда, суғоришга сув йўқ.

Мол ичмайдиган шўр сувдан экинларни суғоришади.

Юқори оқимдаги энергияга ташна давлатлар дарёларда йирик гидроиншоотлар тиклаб, электр олишмоқчи, аммо дарё сувини деҳқончилик учун ишлатадиган пастдаги Ўзбекистон у ҳолда улкан далалар сувсиз қолади, халқни озиқ-овқат билан таъминлаб бўлмаслигидан хавотирда.

Қирғизистон расмийлари агар Қамбар-Ота ГЭСи тикланса, унда газ эвазига ўзбекларга сув беришимиз мумкин, деб айтишади.

Бироқ Сирдарёни сув билан таъминлайдиган музликларни ўрганувчи мутахассисларга кўра, қатор музликлар жадал эримоқда ва аҳвол шундай давом этса, келаси ярим аср ичида дарё суви кескин камайиб кетиши мумкин.

Дарё суви тортилиши эса, бугун ундан ким қандай фойдаланишини келиша олмаётган минтақа давлатларини бир маънода бирлаштириши мумкин.

Яъни у ҳолда на ГЭСлар, на деҳқончилик, на балиқчилик бўлади ва ё на Оролни тўлдириш мумкин. Ҳатто Марказий Осиёдаги миллионлаб инсонлар ҳаёт тарзини сақлаб қолиш улкан савол остига тушиши мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.