Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонда ун қимматлашаркан, Қашқадарё дўконларида ун тақчиллашган

Ўтган икки ой ичида Ўзбекистонда ун ва ун маҳсулотларининг нархи қимматлашаркан, мамлакатнинг ғаллакор вилоятларидан ҳисобланган Қашқадарё дўконларида ун тақчиллашган.

Маҳаллий аҳолига кўра, сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган биринчи навли унни топиш ниҳоятда қийинлашган.

Нархи четдан келувчи Қозоғистон унидан деярли тенг яримга арзон бўлгани учун Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган ун сифатининг паст эканига қарамай, анча харидоргир бўлган.

Шу йилнинг 2 октябридан бошлаб, Ўзбекистонда буханка нонларининг нархи расман оширилганди.

Олий навдан тайёрланган буханка нони 550 сўмдан 700 сўмга, биринчи навли ундан тайёрлангани эса, 350 сўмдан 400 сўмга кўтарилганди.

Нон 28 миллион аҳолига эга бўлган Ўзбекистонда энг кўп истеъмол қилинадиган маҳсулот тури ҳисобланади.

Ўтган икки ой ичида Ўзбекистонда бошқа энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кўтарилиб кетгани ҳам кузатилганди.

Ўзбекистонда август ойидан бошлаб, маошлар миқдори ҳам оширилган. Аммо маҳаллий иқтисодчиларга кўра, кўтарилган маошлар нарх-навонинг ўсишини қоплай олмаган.

Ҳисоб-китобларга кўра, ўтган икки ойнинг ўзида озиқ-овқат нархлари бутун дунё бўйлаб ҳам беш фоизга ошган.

Бунга айрим собиқ Шўро давлатларида кузатилган қурғоқчилик ва Россиянинг четга буғдой сотмаслик қарори сабаб бўлган.

Биз қашқадарёлик инсон ҳуқуқлари фаоли Гулшан Қорева билан боғланиб, вилоятдаги вазият билан қизиқдик.