"Исломнинг Ўзбекистон сиёсатидаги ўрни борган сари ошиб боради"

Камолиддин Раббимов
Image caption Камолиддин Раббимов фаолият ва тадқиқотларини 2007 йилдан буён Францияда давом эттирмоқда

Би-би-си меҳмони - иқтидорли сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистонда фуқаролик жамияти шакллантириш муаммолари, диний омил, глобаллашув жараёни ва унинг ўзбек жамиятига таъсири каби йўналишлар атрофида тадқиқотлар олиб боради.

У 1977 йилда Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида таваллуд топган.

1999 йилда Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари Университетини араб, инглиз тиллари мутахассислиги бўйича тамомлаган.

1999-2002 йилларда Президент ҳузуридаги Давлат ва Жамият қурилиши Академиясида сиёсатшунослик мутахассислиги бўйича аспирантурада ўқиган.

2005-2006 йилларда Польшанинг Варшава Университетида сиёсатшунослик йўналиши буйича тингловчи сифатида тадқиқотлар олиб борган.

Иш тажрибаси қуйидагича: 2001-2002 йилларда Ўзбекистон Республикаси Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида илмий ходим;

2002-2004 йиллар “Ижтимоий фикр” республика социологик тадқиқотлар институтида илмий ходим;

2004-2005 йилларда Фуқаролик Жамиятини ўргани институтида катта илмий ходим.

Шунингдек, жаноб Раббимов 2003-2005 йилларда АҚШнинг Тошкентдаги Ҳалқаро Республика Институти билан маслаҳатчи сифатида, ва 2003 2007 йиллар давомида Германиянинг Конрад Аденауэр фонди билан референт сифатида ҳамкорлик қилган.

Тадқиқотчи Ўзбекистондаги жараёнлар атрофидаги мақолалар муаллифи.

Унинг фикрича, ўтган икки ўн йиллик Марказий Осиё минтақасининг марказий давлати бўлмиш Ўзбекистон учун “катта йўқотишлар даври” бўлди.

Шунинг билан бирга, Камолиддин Раббимов келажакда Ўзбекистон нафақат минтақа ҳаётида, балки Евросиё сиёсатида салоҳиятли ўринга эга бўлишини кутади ва бунинг учун Ўзбекистон жамиятида етарли ресурслар борлигига ишонади.

Унинг тасаввурича, Ўзбекистон борган сари трансформация нуқтасига яқинлашиб бормоқда, лекин ўзбек жамияти ҳали анча вақт авторитар тузум остида яшашига тўғри келиши мумкин.

Сиёсатшунос Ўзбекистон жамиятида демократик ислоҳотлар қийинчиликлар, машаққатлар остида кечади, лекин айнан демократик бошқарувда жамият ўзининг миллий, диний ўзлигини юксак қадрлайдиган, ўз салоҳиятини тўла англайдиган ҳолатга эришади, деган фикрда.

У 2007 йилдан буён ўз фаолияти ва тадқиқотларини Францияда туриб давом эттирмоқда.

Дилшод Муҳаммедов, Тошкент: Камолиддин, бизнинг Ўзбекистон ҳақидаги қарашларимиз деярли бир-бирига яқин экан... Ҳарҳолда сиёсатшунос бўлмаганлигим туфайли тушунмаган жиҳатларни сиздан сўрамоқчиман. Сизнингча, келгусида ҳукуматга ким келиши мумкин ва у қай даражада бизни ботиб қолган ботқоғимиздан олиб чиқа олади? Бунга қанча вақт керак бўлади деб ўйлайсиз?

Камолиддин Раббимов: Савол учун раҳмат. Келажакда ҳукуматга ким келиши борасида. Мен кейинги йилда Ислом Каримовнинг ўриндоши бўлиши мумкин бўлган икки шахсни кузатиб, ўрганиб келаяпман. Булар - Гулнора Каримова ва Шавкат Мирзиёев. Биз билмаган ёки кам билган шахс ҳокимиятга келиб колиши мумкинми, деган савол устида кўп ўйланаман. Ислом Каримовдан кейин ким келиши ҳокимиятни қандай топширилишига ҳам боғлиқ. Агар кейинги президентнинг ким бўлишини ва унинг ҳокимиятга келишини Ислом Каримовнинг ўзи назорат қила олишга улгурса, янгилик кутишга ҳожат бўлмаса керак. Агар кейинги президент шахсияти ҳар-хил сабаблар орқали Ислом Каримов иштирокисиз кечса, унда янгиликлар ҳам бўлиб қолиши мумкин. Ўйлайманки, бизда Россия варианти бўлиши эҳтимоли кам. Яъни, кутилмаганда Ислом Каримов жамоатчиликка янги шахсни ўзига ўриндош қилиб таништирмаса керак. Ислом Каримов рус ибораси билан айтганда анча “предсказуемый” шахс, яъни, унинг фикрлашини ва ҳатти¬-ҳаракатларини олдиндан тасаввур қилиш мумкин. Уни устига, Ўзбекистон каби авторитар давлатларда ҳокимият учун ғоялар эмас, шахсларнинг ресурслари курашади. Яъни, Каримов ўзига ўриндош сифатида кўраётган одамни катта ресурслар тўплаши учун шароит яратиб бериши лозим бўлади. Бу қандай ресурслар: катта маблағлар, ишончли шахслардан иборат команда тўплаш, маъмурий бошқарув тажрибаси, жамоатчилик фикрида унга нисбатан “қурқув ва ҳурмат” шакллантириш ва ҳоказолар. Бу ресурсларсиз Ислом Каримовнинг ўриндоши янги ҳокимиятни ушлаб қолиш имкониятлари чекланган бўлади. Табиий савол пайдо бўладики, бугунги кунда мана шундай имкониятлар кимда мавжуд? Кейинги йилларда факат икки шахс катта ресурслар йиғишмоқда. Айтилганидек, бу - Гульнора ва Шавкат Мирзиёев. Иккала вариант ҳам Ўзбекистонда авторитаризм сақланиб қолишини, ва баъзи ҳолатларда диктатуранинг кучайишини англатади. Одатда авторитар давлатлар тезда тўлалигича демократлаша олмайди. Ким ҳокимиятга келишидан қатъий назар, Ўзбекистонда ҳали авторитаризм давом этиш эҳтимоли кучли. Ўзбекистонда барча соҳаларда изчил ривожланиш бўлиши учун жиддий иқтисодий ва сиёсий, айниқса, маъмурий ислоҳотлар лозим бўлади. Айни пайтда бу ислоҳотларни “мўътадил авторитаризм” ҳам амалга ошириши мумкин эди. Лекин ҳозирги шароитда бу каби ислоҳотлар қачон бошланиши, ким амалга оширишини айтиш қийин.

Рустам, Фарғона: Камолиддин ака, Ўзбекистон трансформация нуқтасига яқинлашаяпти, дегансиз. Лекин қачон бу нуқтага етиб борамиз?

Камолиддин Раббимов: Рустам ака, умид қиламанки, “қаттиқ авторитаризм” даврининг кўпи кетиб, ози қолди. Ҳозир Ислом Каримовнинг ёши 73га борди. Уч ярим йилдан сўнг, яъни 2014 йилнинг ўрталарида президентлик учун келгуси сайлов жараёнлари бошланиши керак. Ўша давргача Ислом Каримов жисмоний ресурслари етарли. Агар соғлиги имкон берса, 2014 йилдаги навбатдаги етти йиллик муддатга ўз номзодини кўрсатишига шубҳа қилиб бўлмайди. Лекин, Ислом Каримовнинг ҳам дам олишга бўлган эҳтиёжи кун сайин кучайиб бораяпти. 2014 йилги сайловларда Ислом Каримов номзоди қўйилмаслиги мумкин деб тахмин қиламан. Умуман, яқин тўрт-беш йил ичида Ўзбекистон олий ҳокимиятида ўзгаришлар бўлиши, ва бу билан боғлиқ ҳолда сиёсий курс, режимнинг табиати бирор томонга ўзгариб бошлашини кутишимиз мумкин. Лекин, авторитар режимнинг қайси томонга ўзгаришини ҳозирдан айтиш иложсиз, сабаби, биз ҳали Ислом Каримовдан кейин ким келиши тўғрисида аниқ тасаввурларга эга эмасмиз. Ўзбекистонда трансформация, яъни, сиёсий жараёнларнинг бир ҳолатдан бошқа ҳолатга кўча бошлашини олий ҳокимиятдаги ўзгаришлар билан боғлаш мумкин. Асосий масала – ушбу ўзгаришлар қачон бошланиши эмас, унинг қай ўзанга кетиши, ва жамиятнинг ундаги ҳатта-ҳаракатидир.

Жалол, Урганч: Ассалому алайкум. Камолиддинга саволим қуйидагича: Ўзбекистон президентиини ғарбда тинмай танқид қилишади. Лекин, мамлакатимиз ҳозиргача тинч ва барқарор бўлиб қолаётгани айнан Ислом Каримов хизматлари эмасми?

Камолиддин Раббимов: Ҳурматли Жалол, саволингиз учун раҳмат. Сиёсатшунослик фанида шахсларни тавсифловчи маълум атамалар мавжуд. Масалан, баъзи сиёсатчиларни “реформатор” дейишса, бошқаларини “стабилизатор”, яъни, “барқарорлаштирувчи” дейишади. Ислом Каримовда консерватив “барқарорлик” тафаккури жуда кучли. Лекин бу барқарорлик мантиқан синиқ барқарорлик. Барқарорлик мустаҳкам пойдеврога эга бўлиши учун муаммолар ёпилиши, жамият ичкарисига сингдириб юборилиши керак эмас. Барқарорлик аслида жуда ҳам ҳиссиётли бир мувазонатни назарда тутади. Ўзбекистонда барқарорлик бор, лекин бу жамиятнинг фаровонлиги ва одамларнинг розилиги асосига эмас, қўрқувлар асосида ушлаб турилган барқарорликдир. Аслида, бу жиддий хавотирга солувчи барқарорлик бўлиб, у кутилмаганда издан чиқиши мумкин. Ҳар бир сиёсатчида “ғояларни ўзи орқали жамиятга тадбиқ қилиш имконият даражаси” бўлади, Ислом Каримовнинг имкониятлари нисбатан анча чекланган эканлигин кўрдик. Танқид масаласига келсак, сиёсатга кириб бораётган шахслар, айниқса, ҳокимиятдагилар танқидга, баъзан чидаб бўлмас танқидга тайёр туришлари лозим. Мен бирон бир давлатни билмайманки, ўша давлат сиёсатчилари ва давлат раҳбарлари қаттиқ танқид қилинмаса. Фақатгина, танқид қилувчиларнинг оҳанги ва кўлами фарқ қилиши мумкин. Муҳаммадсолиҳ, Швеция: Сиз иқтидорли тадқиқотчисиз. Аммо, ёлғиз одам барибир ёлғизда. Нима учун сиз мавжуд Партия ва ҳаракатларга қўшилмайсиз ёки ўзингиз янги бир партиями ёки ҳаракатга асос солиб, бошқаларни эргаштирмайсиз?! Балки, мавжуд барча мухолиф партиялардан сизники афзалроқ бўлиб чиқар?!Чунки, одам ё эргашувчи бўлади, ёки эргаштирувчи. Сиз шу ўртада тураверасизми?!

Камолиддин Раббимов: Муҳаммадсолиҳ ака, савол учун ташаккур. Мен ўйлайманки, агар ҳар бир шахс ўзи танлаган соҳада малакали бўлишга ҳаракат қилса, бунинг жамият учун фойдаси кўпроқ бўлар эди. Мен тадқиқотчиман ва ҳозирда сиёсий фаолият билан шуғилланиш ниятим йўқ. Менинг кўп йиллик орзуйим борки, бирон бир тадқиқот маркази тузиб, у орқали ўзим учун қизиқ бўлган ва назаримда актуал бўлган мавзуларда илмий тадқиқотлар билан шуғилланишдир. Менинг сиёсатшунос тадқиқотчи сифатидаги вазифаларимдан бири ҳам мавжуд сиёсий жараёнларни, жумладан демократик партиялар ва ҳаракатларни ўрганишдир. Лекин, айтганимдек, мени тўғридан-тўғри сиёсий фаолият билан шуғилланиш ниятим йўқ. Барча мавжуд партиялар, ҳаракатлар ва ташкилотлар билан самимий муносабатда бўлиш, ҳамда фаолиятимни холисона олиб боришнинг марказий шарти – мустақил сиёсатшунос сифатида фаолият кўрсатишдир. Балки келажакда сиёсий партиялар ва ҳаракатлар доирасида фаолият юритишга зарурат ва имконият пайдо бўлар. Лекин бугунги кундаги қизиқишим, вазифам сифатида илмий тадқиқотлар билан шуғилланишни кўраяпман.

Улуғбек Бакиров, Норвегия: Ассалому алайкум Камолиддин ака! Саломатмисиз? Сизга саволим қуйидагича: Ўзбекистон мухолифатининг бугунги аҳволини қандай баҳолайсиз? Сизнингча, айни вақтдаги мухолиф ташкилотлардан қай бирининг ҳукуматга келиши реалликка яқин, деб ҳисоблайсиз? Ёки келмаслиги мумкинми? Ҳар икки ҳолатда ҳам, яъни, ҳукумат тепасига келса ҳам, келмаса ҳам, бунинг омилларини нималарда, деб баҳолайсиз? Жавобингиз учун катта раҳмат! Ишларингизга омад тилайман!

Камолиддин Раббимов: Улуғбек, саволингиз учун катта рахмат. Мухолифат – ҳар бир жамиятнинг қимматли ресурси ҳисобланадики, унинг мавжуд бўлмаслиги ёки унинг ҳаддан ташқари заифлиги муаммоли вазиятдан далолат беради. Маълум бир сиёсий функциялар борки, уни фақатгина мухолифат институти самарли амалга ошириши мумкин. Бу – жорий ҳокимиятга нисбата зўриқиш шакллантириш, уни назорат қилиш, сайловлар орқали уни алмаштириш ва ҳоказолар. Лекин, бугунги ўзбек жамияти мухолифат кучлари ташкилот сифатида анча заиф. Афсуски, бугунги кунда ҳеч бир мухолифат куч ҳокимиятга келишининг назарий ҳам имкониялари мавжуд эмас. Авторитар режим жуда ҳам мустаҳкам. Унинг мустаҳкамлиги куч ишлатар тизимлар ва жамоатчилик тафаккури қўрқувларга бойитилиш ҳисобига амалга оширилмоқда. Мухолифат заифлигининг бир қанча сабаблари бор: режимнинг ўта репрессив табиати, ўзбек миллий тафаккурда мухолифат институтларига бўлган эҳтиёткорлик, уни қадрлаш борасидаги тарихий тажрибанинг йўқлиги кабилар. Айни пайтда, мухолифат ташкилотлари ва фаоллари учун ҳам ташкилотчилик тажрибаси ва бошқа ресурслар етишмаганлигини кўрамиз. Мухолифатни танқид қилиш онсон, лекин, мухолифат – Ўзбекистон жамиятининг ресурси, унинг тафаккури ва ҳатти-ҳаракатлари ҳосиласи. Шу сабаб, мухолифатни жамиятдан айри бир инстанция сифатида танқид қилиш ҳам мантиқан тўғри бўлавермайди. Бошқа томондан қарасак, сиёсатшуносликда бир жумла бор: “мухолифат – сиёсий ҳокимиятнинг ойнадаги аксидир”. Яъни, ҳокимият ҳам, мухолифат ҳам жамият маданиятининг умумий маҳсулики, уларнинг мойилликлари кўпича умумий бўлади. Ҳокимиятдаги амалпарастлик, танқидга бечидамлик, малакасизлик, маҳаллийчилик каби муаммолар бутун бир жамиятга, жумладан, мухолифатга ҳам хос бир ҳолатдир.

Чўлпон, Истанбул: Жаноб Раббимов, менинг фикримда, сизнинг “унвон-даражаларингизга” қарамасдан соф мақолаларингизга қарасак, сохтага ўхшаб туюлади. Чунки, Исломий мавзуларни Исломий мафкурага эга бўлмаган ҳолда қандай қилиб комилликка даъво қилиш мумкин? Ёки мақсад Ғарбдаги кўплаб сохта “Исломшунос” душманларимизни сафларини тўлдиришми? Сиз бунга нима деб жавоб бера оласиз?

Камолиддин Раббимов: Муҳтарам Чўлпон, саволингиз учун раҳмат. Мен ўзимни бошланғич сиёсатшунос тадқиқотчи сифатида кўраман ва мақолаларимни ҳам айнан тадқиқотчи сифатида ёзишга ҳаракат қиламан. Диний омил борасида мақолаларни диний позициядан туриб эмас, сиёсатшунос тадқиқотчи ўлчовларидан келиб чиқиб ёзишга интиламан. Шу сабаб, менинг мақолаларимни, жумладан, Ислом дини борасидаги мақолаларимга ҳам “диний уламо” ёки “диний тадқиқотчи” позицияси сифатида қараш нотўғри бўлар эди. Мен ўйлайманки, ҳар бир шахс ўз қарашларини изҳор қилишга ҳақли. Мен анъанавий жамиятлардаги каби “соҳаларни иерархиялаштириш ва манополиялаштириш”га қаршиман. Малакани юксак қадрлайман, лекин айни пайтда ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқларини, сўз ва фикр эркинлигини биринчи ўринга қўяман. Сиёсатшунослик – бу фан, шу сабаб бу борада “соф” ёки “сохта” каби ўлчовлар мавжуд эмас. Тадқиқотчи малакали, тажрибали бўлиши мумкин, ёки аксинча. Шунингдек, мен хеч қандай “унвон-даражаларга” эга эмасман. “Комилликка даъво қилиш” каби жумлаларни мен айтишга қийналаман, бу жумлаларнинг масъулияти, назаримда жуда оғир. Мен Сиздан ва бошқаларда илтимос қилган бўлар эдимки, менинг фикрларим, мақолаларимни оддий бир тадқиқотчининг қарашлари, фикрлари сифатида қабул қилинса. Ғарбдаги кўплаб исломшуносларни “душман” деб баҳолашга мен шошилмаган бўлар эдим. Ҳар бир тадқиқотчининг кўплаб манфаатларидан келиб чиқадиган қарашлари бўлади. Умуман, фикри ёқмаган шахсларни “душман” деб баҳолаш, вазиятни англашдаги етишмовчилик ва муаммоли вазият ҳақида ҳабар беради. Албатта, Исломга нисбатан ўта ишончсиз, салбий ёки душманона кайфият ва қарашдаги мутахассислар кам эмас, лекин уларни “душман” деган ҳиссиётли атама билан аташ умуман шарт эмас. Уларнинг ҳолатини ва қарашларини анча объектив баҳолай оладиган атамалар мавжуд, уларни қўллаш керак.

Мубин, Наманган: Ассалому алайкум! 1. Ўзбек жамиятида Ислом роли қандай бўлиши керак? 2. Исломни ислоҳ қилиш керак, дегувчиларга қўшиласизми?

Камолиддин Раббимов: Ва алайкум ассалом! Ислом динининг Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатдаги ўрни борган сари ошиб боради. Аслида иккала саволингизга ҳам малакали, тўлиқ жавоб бериш учун махсус илмий мақолалар ёзиш лозим бўлади. Лекин қисқа қилиб айтганда, менимча, биз Ўзбекистонда демократик бошқарувга эришишимиз, ҳукуматни эса динга босим ҳам қилмайдиган, уни ишларига имкон қадар аралашмайдиган ва уни инструмент сифатида ишлатишига имкон бермайдиган сиёсий тизим ҳақида ўйлашимиз лозим бўлади. Ислом динининг вазифаси – инсониятни охират тўғрисида огоҳлантириш, жамиятни солиҳлигини таъминлаш орқали унинг икки дунё саодати учун замин тайёрлаш. Бугунги кунда олдимизда турган асосий саволлардан бири: жамиятнинг солиҳлигини назорат қилиш кимнинг масъулиятида, гарданида бўлгани маъқул – ҳукуматнингми ёки жамиятингми? Менимча, бу яқин давр ичида Ўзбекистонда динни, жамиятнинг солиҳлигини назорат қилишни ҳукуматга ишониб топшириб бўлмайди. Аксинча, жамият ўзининг эркинликларни ўз қўлига олиши, ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қила олиши орқали, бир вақтнинг ўзида ҳам ҳукуматни, ҳам жамиятнинг солиҳлигини муҳофаза қилиш йўлларини излаши керак. Бу дегани, демократик бошқарув, ва унинг ҳосиласи сифатида ўзбек жамиятидаги эркин ва ривожланиб бораётган Ислом тафаккури демакдир. Иккичи савол, ислоҳотлар борасида. Ислом динининг мустаҳкам ақидалар корпуси мавжуд, уларга мутлақо тегиниб бўлмайди, уларни ислоҳ қилиш ҳақида гапириш – Ислом динини тушунмасликни англатади. Масалан, Қиблани олайлик. Уни қайта кўриб чиқишга чарирган билан барча мусулмонлар унга қараб ибодат қилишда давом этишаверади, чунки Қибланинг мақоми Қуръон оятлари билан мустаҳкамланган. Ушбу оятларни бекор қилиш ваколати эса инсонга берилмаган. Уни устига, глобаллашган дунёда айнан Қибла мусулмон дунёси ҳозир тасаввур ҳам қилмаётган жараёнларга асос бўлади. Ислом дини – мустаҳкам тартибга солинган кучли ақидалар корпусига эга бўлган, дунёдаги ягона марказлашган диндир. Унинг ақидавий маркази Қуръон бўлса, унинг географик маркази – Макка, яъни қибла. Ислом дини, мана 14 аср ўтибдики, у дифференциацияга учрамади. Айнан мана шу икки омил келажакда мусулмон дунёсининг интеграциясига асос солади. Айни пайтда, Исломда ислоҳотлар учун, ижтиҳод учун муайян макон қолдирилган. Бу масалаларни мен сиёсатшунос тадқиқотчи сифатида шундай талқин қилган бўлардим. Ислом динининг кечаётган вазиятга аста-секинлик билан бўлсада мослашувчанлик механизмлари мавжуд. Албатта, бу мослашувчанликнинг чегаралари ва тамойиллари бор. Ижтимоий-сиёсий масалаларда диннинг ва мусулмонларнинг устувор манфаатларидан келиб чиқиб, “мақсадга мувофиқликни” инобатга олиб ҳукм, хулоса чиқаришни таклиф қилади. Яъни, бу ҳолатда мен “Исломни ислоҳ қилиш” деган фикрда эмас, “Ислом дини, ҳозирги мусулмонлар манфаатларидан келиб чиқиб, ижтимоий ва сиёсий масалаларда янги позициялар ишлаб чиқишига эҳтиёж бор,” деган бўлар эдим.

Одилжон Маҳдумий, Ўш: Муҳтарам Камолиддин!

1) Келажакда Қирғизистон сиёсий-ижтимоий салоҳиятини қандай тасаввур этасиз? 2) Ўзбеклар келажагини-чи...?

Камолиддин Раббимов: Қирғизистонда инсон ақлини фалаж қилиш даражасидаги июн ойи воқеалари бошланганда, мен ўз қарашларимни кичик бир мақола тарзида билдирган эдим. Вазиятни кузатишда давом этаяпман, лекин ўша берилган баҳоларни инкор этувчи тескари жараёнлар кечмаяпди. Ўша мақолада мен “Қирғизистон ўз давлатчилигини бутунлай қулатишга ариза бермоқда,” деган фикр айтган эдим. “Давлат” тушунчасининг бирқанча белгилари бор, давлатнинг асосий вазияаларидан бири – барқарорлик, фаровонлик, эркинлик. Бугунги Қирғизистонда инсон ҳаётининг энг биринчи эҳтиёжи – тинчлик, барқарорлик мавжуд эмас. Кузатишлар шуни кўрсатадики, Қирғизистон давлат сифатида “чуқур ва тизимли инқироз” ичида қолмоқда. Қирғизлар миллати сиёсий ва иқтисодий муаммолардан ташқари, демографик қисқариш жараёнига юз тутган, туғилишдан кўра, табиий ўлим прапорцияси кўпроқ. Қирғизистон ҳали бери барқарор аҳволга тушадиган кўринмаяпди. Мен ўйлайманки, у ердаги вазиятни тамоман тартибга солиш учун, эртами-кечми минтақанинг асосий икки давлати бўлмиш Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳозирги конфронтациядан воз кечиб, тил топишларига тўғри келади. Минтақа барқарорлигини минтақа давлатлари ҳал қилиши лозим деган фикр тарафдориман. Ҳозирги Қирғизистондаги, тўғрироқ айтадиган бўлсак – Ўш ва Жалолобод ўзбеклари тақдирига келсак, шу йилги ўзбекларга бўлган оммавий қирғин йиллар ўтиб давом этишидан хавотирдаман. Бундай хавотирни олдидин оладиган ҳозирча ҳеч қандай асос мавжуд эмас. Шу сабаб, биз бўлиб ўтган ва қайта такрорланиши истисно бўлмаган мудҳиш воқеаларни инобатга олган ҳолда келажакни планлаштиришимиз керак бўлади.

Улуғбек, Андижон: Ассалому алайкум Камолиддин! Мен сизнинг шарҳ ва мақолаларингизни диққат билан кузатиб бораман. Айтингчи, Қирғизистон жанубидаги ҳодисалар қандай якун топиши мумкин?

Камолиддин Раббимов: Улуғбек, саволингиз устида мен кўп ўйланаман. Мана, қийинчилик билан бўлсада ҳалқаро комиссия иш бошлади. Бизнинг ҳозирги вазифамиз – текширув хулосаларини объектив бўлишига ҳаракат қилиш ва эришиш. Ундан кейинги этап эса, Қирғизистонда оммавий қирғинга учраган этник камчиликнинг ҳавфсизлигини таъминлаш учун мустаҳкам ва ишончили воситалар, усулларни излаш керак бўлади. Агар Ўш ва Жалолобод аҳолиси ўзининг ҳамфсизлигини бошқа миллатга ишонмас экан, у ердаги ўзбеклар ўз хавфсизлигини таъминлашни ўз қўлларига олишга тинимсиз ҳаракат қилишлари лозим бўлади. Гарчи Бишкек расмийлари бу каби фикрларни эшитишни мутлақ хоҳлашмасада, комиссия ҳулосалари замирида бунга ҳаракат қилиб кўриш мумкин бўлади. Мен умид қиламанки, эртами-кечми, лекин яқин ўн йилликлар ичида Ўш ва Жалолобод ўзбеклари муаммоси тарихий ҳақиқат, адолат ва миллий ўзлик тамойиллари ва ҳақ-ҳуқуқлари асосида ҳал қилинади. Нима бўлганда ҳам биз шунга интилишимиз, ҳаракат қилишимиз лозим бўлади.