Ўзбекистон Тожикистоннинг муҳосирада қолгани ҳақидаги даъволарни рад этди

поезд
Image caption Тожикистон темир йўллари ташқи дунё билан Ўзбекистон ҳудуди орқали боғланади

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон вагонларининг Ўзбекистон чегарасида ушлаб турилгани ҳақидаги Душанбе расмийлари даъволарини "ёлғон ва ҳеч қандай асосга эга бўлмаган" хабарлар дея рад этди.

Раддия Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги интернет саҳифасида алоҳида баёнот шаклида нашр этилган.

"Фактлар ва мавжуд статистик маълумотлар Тожикистон вакилларининг баёнотлари ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва замирида ҳаққоний асослар йўқлигига гувоҳлик беради," дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, тожик расмийларини "бўҳтон айбловлар"ни тарқатишмоқда.

"Ўзбекистон Республикаси божхона хизмати расмий маълумотларига мувофиқ," - дейилади Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида, - "Тожикистонга транзит юклар кўлами камаяётгани йўқ ва барқарор ўсиш тенденциясига эга."

Расмий Тошкентнинг таъкидлашича, 2010 йилнинг ўтган 9 ойида Ўзбекистон ҳудудидан темир йўллар транспорти воситасида Тожикистонга 57 мингдан кўпроқ юк вагонлари ўтган.

Бу - ўтган йилнинг айни муддатига нисбатан Тожикистонга 1780 вагон кўпроқ ўтганини англатади, таъкидланади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Шу билан бирга Ўзбекистон Тожикистонга мўлжалланган юкларнинг айрим ҳолатларда ушлаб турилганини тасдиқлаган.

Буни расмий Тошкент юк оқимининг кўпайгани ва Ўзбекистон темир йўллари тизимининг ҳаддан зиёд банд эканлиги билан изоҳлаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат темир йўлларининг баъзи участкаларини таъмирлаш зарурлигини таъкидлаган.

"Тожикистон расмий вакиллари томонидан Ўзбекистон номига айтилган асоссиз айбловлар ва аниқ фактлар билан тасдиқланмаган баёнотлар яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатга асосланган икки давлат алоқаларининг ривожланишига хизмат қилмайди, давлатлараро муносабатлардаги ўзаро ишонч ва тушуниш даражасига раҳна солади," дея кескин оҳангда якунланади Ўзбекистон Ташқи ишлар баёноти.

"Темир йўл муҳосираси"

Озиқ-овқат маҳсулотлари юкланган Тожикистон вагонларининг Ўзбекистонда ушлаб қолинанаётгани Тожикистонга хориждан келтириладиган маҳсулотлар нархининг ошишига сабаб бўлди.

Тожикистон "Роҳи Оҳан" - "Темир Йўллари" Давлат корхонаси мулозимлари Ўзбекистондан кунига 100-200 атрофифида вагон киритилаётгани, аммо Ўзбекистонда 2 мингга яқин вагон мунтазам ушлаб турилганини айтадилар.

Тожикистон расмийларига кўра, "темир йўл муҳосираси" мамлакат иқтисодий ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу йил баҳорида Тожикистон ҳукумати Ўзбекистонга вагонларнинг ушлаб қолинаётгани ҳақида БМТга норозилик нотасини йўллади.

Ўзбекистон томони эса Тожикистон вагонлари ўтказилишига қаратилган махсус жадвал ишлаб чиқишни Ўзбекистон темир йўлларига топширилганини маълум қилди.

Тожикистонга келган БМТ Бош котиби Пан Ги Мун икки қўшни мамлакат ўзаро муносабатларда босиқлик билан иш кўриши лозимлигини таъкидлаганди.