Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бизнес қилиш масаласида Ўзбекистон нега Африка давлатлари қаторида?

Ўзбекистон Жаҳон банкининг "2011 йилда бизнес қилиш имконлари" рейтингида яна 183 давлат орасидан 150-ўринни эгаллаган.

Аммо "Бизнес очиш", "Кредит олиш" ва "Сармоячиларнинг ҳимояси" кўрсаткичлари бўйича бир неча ўрин пастга сакраган.

Агар рўйхатга қаралса, Ўзбекистондаги бизнес юритиш имконлари Судан, Зимбабве ва Габонга қараганда бирмунча яхши.

Яъни Жаҳон Банкининг янги рўйхатида Ўзбекистон асосан Африка давлатлари ёки урушлар бораётган Афғонистон билан сўнгги қаторлардан жой олган.

Собиқ Шўро давлатлари орасида 12-ўрин билан Гуржистон рўйхатда илдамлик қилган. Ҳатто, Россия ҳам 123-ўринни эгаллаган.

Қозоғистонда бизнес юритиш билан боғлиқ вазият анча яхшилангани айтилса-да, Қирғизистон даражасига етолмаган.

Қирғизистон 44-ўрин билан Марказий Осиёда бизнес бошлаш ва юритиш учун энг мақбул давлат деб топилган.

Рўйхатдаги кўрсаткичлар 2009 йилнинг июн ойидан 2010 йилнинг май ойигача бўлган даврни назарда тутади.

Давлатлардаги бизнес юритиш имкониятлари "Бизнес очиш", "Бинони рўйхатдан ўтказиш", "Кредит олиш", "Сармоячиларни ҳимоя қилиш", "Солиқ тўлаш", "Чегараоша савдо" каби қатор кўрсаткичлар билан ўлчанган.

Биз Ўзбекистондаги бизнес юритиш билан боғлиқ вазиятга яқиндан назар ташлаш учун Тошкентдан мустақил иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимовни суҳбатга тортдик.