Икки мамлакат ўртасидаги совуқлик раҳбарлар туфайлими?

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Душанбедаги учрашувда
Image caption Аксар таҳлилчилар Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар даражасини раҳбарларнинг ўзаро муносабатига боғлайди

Ўзбекистон ўзининг Тожикистон билан бир чегара нуқтасини беркитиб қўйган.

Ушбу ҳодиса муносабатлари ойдан-ойга ёмонлашиб бораётган икки қўшнининг аччиқ сўз алмашинуви ортидан кузатилмоқда.

Тожикистон чегара хизмати Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрига яқин Панжикентдаги чегарадан ўтиш нуқтаси ёпилганини, бу ердан ўтиш-қайтиш бўлмаётганини тасдиқлади.

Ўзбекистон Тожикистон билан чегарасини бир томонлама ёпиб олаётгани биринчи марта юз бераётгани йўқ.

Ҳозир икки мамлакатда ҳам таранглик ортган пайт.

Тожикистон шимолий қўшнисини ўзига нисбатан иқтисодий қамални амалга ошираётганликда айбламоқда.

Тожикистон кўп ойлардан буён Ўзбекистон бизга тегишли юк вагонларини ўтказмаяпти, дейди.

Ҳафта бошларида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот эълон қилиб, Тожикистонни ёлғончиликда айблади.

Бу баёнотда айтилишича, Ўзбекистон ўз зиммасидаги мажбуриятларни тўла адо этаяпти.

Икки мамлакат ўртасидаги алоқалар Тожикистон улкан гидростанция барпо этиш режасини эълон қилганидан кейин ёмонлашди.

Тожикистон тўғон қурмоқчи бўлаётган дарёдан эса Ўзбекистон пахта далалари сув ичади. Ўзбекистон расмийлари даъво қилишларича, сув омбори оқибатида ўзининг далаларига борадиган сув миқдори камаяди ва тоғли жойда ГЭС қуриш хатарлидир.

Аммо Тожикистонга кўра, бу буткул хавфсиз лойиҳа ва ўнлаб йиллар мобайнида кузатиб келинаётган энергия тақчиллигини бартараф этиш учун ҳам Роғун сув омборини қуришлари зарур.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, муаммолар келиб чиқишига икки мамлакат раҳбарининг бир-бирини ёқтирмаслиги сабаб бўлган.

Бунинг баҳосини эса оддий одамларнинг тўлашларига тўғри келаяпти.

Оилалар виза режими туфайли бўлиб юборилганлар, икки мамлакат ўртасидаги 1992 йилдан буён ҳаво парвозлари бекор қилинган.