"The Diplomat": "АҚШ ва "дўстона" диктатор" ҳақида

Image caption "The Diplomat"даги мақолада ёзилишича, Ислом Каримов даврида Ўзбекистон жаҳондаги энг ёмон инсон ҳуқуқлари вазияти ва нотўғри бошқарув намунасини ўзида мужассам қилган.

Нашриёт қароргоҳи Токиода жойлашган "The Diplomat" мажалласидага мақолага "АҚШ ва "дўстона" диктатор" дея сарлавҳа қўйилган.

Сўзбоши эса қуйидагича: "Ачинарли инсон ҳуқуқлари вазиятига қарамай АҚШ ҳарбийлари Ўзбекистон Президентини ҳануз сийламоқда. Бу ҳолат яқин орада ўзгаришини кутманг".

"The Diplomat"нинг ёзишича, яқинда Покистон Афғонистон билан чегарларини ёпиб қўйган вақти FMN Logistics ширкати баёнот чиқариб, хавфли ва вазиятини башорат қилиш қийин бўлган Покистон орқали Афғонистонга юкларни етказиш ўрнига Россия ва Марказий Осиё давлатлари орқали таъминотларни етказиш йўлларини тарғиб қилди.

Баёнотда FMN Logistics Шимолий Таъминот Тизими дея номланувчи йўллар орқали Афғонистонга таъминот етказишда иштирок этаётган ширкатлар орасида энг кўп юк ташиётган ширкат эканлиги ҳам айтилади.

Лекин мажалла баёнотда айтилмаган бир нуқтага ўқувчи эътиборини тортади. У ҳам бўлса FMN Logisticsнинг Zeromax ширкатининг собиқ ҳамкорларидан бири бўлганлиги баёнотда келтирилмаган. Zeromax эса Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқадор ширкат кўрилади, деб ёзади "The Diplomat".

Мақолада ёзилишича, Шўролар қулашидан сал аввал қудратга келиб, шу вақтгача Ўзбекистонни бошқариб келаётган Ислом Каримов даврида мамлакат жаҳондаги энг ёмон инсон ҳуқуқлари вазияти ва нотўғри бошқарув намунасини ўзида мужассам қилган.

"Ҳукумат минглаб сиёсий маҳбусларни қамоққа ташлаган, қийноқлар кенг қўлланади", дейилади мақолада.

"The Diplomat" га кўра, ана шу айтилганларга қарамай ҳарбий эҳтиёж туфайли АҚШ жаноб Каримов ҳукумати билан алоқаларни мустаҳкамлашда давом этмоқда.

Шимолий Таъминот Тизими орқали ҳозирда Афғонистонга етказиладиган юкларнинг 30 фоизи ташилмоқда ва бу юкларнинг деярли ҳаммаси Ўзбекистоннинг Термиз чегара нуқтасидан ўтказилмоқда экан.

Таъминот Тизими АҚШ ҳарбийлари назоратида бўлса ҳам, амалдаги ташиш ишларини FMN Logistics каби шахсий ширкатлар бажарадилар.

Юкларни етказишни тезлаштириш мақсадида эса Ўзбекистон Давлат Темир Йўллари билан Афғонистоннинг Мозори- Шариф шаҳрига қадар темир йўл шаҳобчасини қуриш ҳақида ҳам келишувга эришилган.

Мақолада ёзилишича, инсон ҳуқуқлари борасидаги хавотирлар туфайли АҚШ Конгресси 2004 йилдан бери Ўзбекистонга ҳар қандай ҳарбий ёрдам беришни тўхтатиб қўйган. Лекин тадқиқотчи Лора Лумпе Ўзбекистон билан ҳамкорликни юқори баҳолаган Пентагон ушбу қарордан кейин ҳам ёрдам етказишни давом эттиришга ҳаракат қилиб келганлигин аниқлаган.

Лора Лумпенинг даъво қилишича, Америка Тошкетдаги АҚШ элчихонасининг тегишли бўлими орқали юкларни ташиш ва бошқа соҳаларда имкон қадар битимларни тузишга интилмоқда, шунингдек Ўзбекистонни минтақавий ҳарбий машқлар ва раҳбарият учрашувларида қатнашишга рағбатлантириб келмоқда.

Бунга қўшимча, Пентагон АҚШ Давлат Департаменти назоратидан ташқарида бўлган молия жамғармалри ташкил этиб, аслида АҚШ Ўзбекистон ҳарбийларига қанча ёрдам етказаётганини аниқлашни имконсиз қилган. Лекин расмий рақамларнинг ўзи ҳам Ўзбекистондаги АҚШ элчихонасининг ҳарбий ҳамкорлик бўлими бюджети йилда-йилга ўсиб бораётганлигини кўриш мумкин, дейилади "The Diplomat"да.

Мақолада келтирилган сиёсатшунос Александр Кулей сўзларига кўра, агарда Давлат Департамантидаги баъзи сиёсатчилар Ўзбекистонга нисбатан тўғри сиёсатни йўлга қўйишга ҳаракат қилсалар ҳам, Ўзбекистон ҳукумати демократия, ҳуқуқлар ва намунали бошқарувдан кўра стратегик мақсадларни устун қўювчи Америка ҳарбийларига орқа қилиб, ўзлари хоҳлаган ишни қила олишларини яхши биладилар.

Ўзбекистоннинг Америка ҳарбийлари қўлловига ишончи шу қадар мустаҳкамки, ҳукумат ўтган ойда "Америка Овози" радиостанциясининг мухбири Абдумалик Бобоевни маҳкамага тортишдан ҳам тоймади.

Лекин мақолада айтилишича, шунга қарамай Бобоев устидан маҳкама давом этаётган вақти Вашингтонга келган икки ўзбек расмийсининг қулоғини Давлат Департаменти вакиллари роса қизитишган.

Айни вақтда Шимолий Таъминот Тизимининг аҳамияти АҚШ учун ошиб бормоқда. Ҳарбийлар яқинда Оврўпо ва Марказий Осиё орқали ҳарбий юкларни ташиш учун темир йўлдан ташқари оддий йўл имконини яратиш учун юк машинларини тажриба сифатида юргизиб кўрдилар, деб айтилган "The Diplomat"даги мақолада.