Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Ўзбекистонда бу каби оммавий сафарбарлик ўтган 10 йилда бўлмаган'

Ўзбекистонда пахта йиғим-терими якунланиб, болалар мактабларга қайтишаркан, маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, бу каби оммавий сафарбарлик мамлакатнинг ўтган ўн йиллик тарихида кузатилмаган.

Болалар қарийб икки ойлик сафарбарлик ортидан куни-кеча ўз уйларига қайтарилган ва шу ҳафтадан бошлаб мактабларда яна таҳсилларини бошлашган.

Ўзбекистонда болаларнинг мажбуран қишлоқ хўжалик юмушларига жалб этилиши сўнгги йилларда кўплаб халқаро ташкилотлар ва қатор давлатларнинг танқидларига сабаб бўлмоқда.

Бу гал Олмония ҳукуматининг Инсон ҳуқуқлари ва инсонпарварлик ёрдамлари бўйича махсус вакили Маркус Ленинг ўзининг сўнгги чиқишида Ўзбекистон раҳбариятини болалар меҳнатидан воз кечишга чақирган.

Жаноб Ленинг Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида ҳануз болалар меҳнатидан фойдаланиш давом этаётганига оид хабарлардан жиддий ташвишга тушганини айтган.

Олмония ҳукумати вакили Ўзбекистон Болалар меҳнатини тақиқловчи халқаро конвенцияга риоя этиши шартлигини урғулаган.

Маркус Ленинг ўзбек ҳукуматини мажбурий болалар меҳнатига оид хабарларни текшириш ва Халқаро Меҳнат Ташкилоти кузатувчиларини Ўзбекистонга киритишга чақирган.

Ўзбекистонда йилларки анъана тусини олган мазкур ҳолат кўплаб халқаро ширкатларнинг яқинда Ўзбекистон пахтасини бойкот қилишларига ҳам сабаб бўлганди.

Ўзбекистон 90-йиллар бошларида Болалар Ҳуқуқларига оид халқаро конвенцияни имзолаган. Кучли халқаро босим остида ўтган йили мажбурий болалар меҳнатини тақиқловчи қонунни ҳам қабул қилган.

Аммо Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан келаётган хабарларда бу йил ҳам вазият ўзгармагани, мактаблар ёпилиб, болалар оммавий равишда мажбурий пахта йиғим-теримига жалб этилишгани айтилганди.

Биз бу йилги пахта йиғим-теримини яқиндан кузатган жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Бахтиёр Ҳамроев билан боғланиб, оммавий сафарбарликнинг кўлами билан қизиқдик.