Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ислом Каримов Ўзбекистон президентини алмаштириш йўлини таклиф қилди

Image caption Президент Ислом Каримов сиёсий ўзгаришларга олиб келадиган қатор таклифларни илгари сурган

Тошкентда Ўзбекистон парламенти мажлисида гапирган Президент Ислом Каримов, президент ваколатларини бажара олмай қолса, ваколатларни Сенат раисига ўтказиш таклифи билан чиққан.

12 ноябр куни Ўзбекистон президенти сенаторлар ҳамда парламент Қонунчилик палатаси депутатлари қаршисида маъруза қилган, у қатор ўзгартиришлар таклифини илгари сурган.

Россия оммавий ахборот воситаларига кўра, Президент Ислом Каримов, "агар президент ўз ваколатларини адо этолмай қолса, унинг ваколатларини Олий Мажлис Сенатининг раиси қабул қилади", деб айтган.

Шу пайтгача Ўзбекистон қонунчилигида агар президент ўз вазифаларини бажара олмай қолса, унинг ваколатларини бажарувчи шахс Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси вакиллари орасидан танланиши кўзда тутилган.

Президент ваколатларини бажарувчи киши уч ой муддатга сайланиши, шу вақт мобайнида янги президент сайловларини ўтказиш белгиланган.

Кузатувчиларга кўра, янги ўзгартириш ана шундай фавқулодда ҳолатда қандай йўл тутиш масаласига янада аниқлик киритади.

Кўпчиликда нега айнан бугунга келиб, президентнинг ўз ваколатларини бажара олмай қолганида нима қилиш кераклиги ҳақидаги масала кўтарилаяпти, деган савол туғилган.

Таҳлилчилар бу каби жиҳатлар ҳар бир мамлакат қонунчилигида ўз аксини топишини, Ўзбекистонда эса мана шу ҳолат мажҳул бўлиб қолиб келаётганини айтадилар.

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга кўра, "бу айрим сиёсий арбобларга ишора бўлиши" мумкин.

Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари олдида гапирган жаноб Каримов, парламентда кўп ўринни эгаллаган партия мамлакат бош вазири лавозимига ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга бўлиши керак, деб айтган.

Шунингдек, Президент Ислом Каримов Адлия вазирлигининг ваколатларини ошириш таклифини илгари сурган.

Би-би-си сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга Ўзбекистонда бугун президентни алмаштириш борасидаги таклиф билан чиқилаётгани нимани англатади, деган савол билан мурожаат қилди.